Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти янги бинога кўчиб ўтди
Наманган шаҳрида жойлашган “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти (собиқ “Мулла Қирғиз” мадрасаси)нинг янги бинога кўчириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати хабар қилди.
Мазкур маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов сўзга чиқиб, йиғилганларга ушбу ислом билим юртининг тарихи ҳамда фаолияти ҳақида маълумот бериб ўтди.
Наманган вилоят вакиллиги томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига мадраса биносини янги, замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган бинога кўчириш масаласи бугун ҳукуматимиз томонидан ижобий ҳал этилганини маълум қилди.
Мадраса янги биноси учун Наманган шаҳрининг баландлик ҳудудида жойлашган, баҳаво иқлимга эга бўлган ҳамда барча қулайликлари мавжуд “Оромгоҳ” даҳасидан янги иншоот ажратилганини мамнуният билан эълон қилди.
Мазкур иншоот бир неча бинолардан иборат бўлиб, унда замонавий ўқув биноси, ҳамда барча қулайликларга эга бўлган талабалар турар жойи мавжуд. Шунингдек, ушбу бинода ошхона, намозхона, мажлислар зали ҳамда вилоят вакиллиги учун ҳам махсус жойлар мавжуд.
Янги мадрасанинг ҳудуди 10 гектарга яқин бўлиб, 10 мингдан зийод мевали дарахтлар ҳамда 3 мингдан зийод манзарали дарахтларга эга.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатибларнинг йиғилишлари учун махсус мажлислар зали, маънавият ва маърифат хоналари, замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган ахборот ресурс марказлари ташкил этилган. Иншоот замонавий иситиш ва совутиш тизимига эга.
Йиғилишнинг барча иштирокчилари, жумладан, мадраса раҳбарияти, ўқитувчилари ва талабалари томонидан билим юртига кўрсатилган ушбу эътибор учун чексиз миннатдорликлар билдирилди.



