Жаҳон | 23:09 / 05.10.2024
16837
2 дақиқада ўқилади

Гватемалада ўзбек мигрантлари контрабандаси билан шуғулланган полициячилар ҳибсга олинди

Мамлакат расмийларининг айтишича, гуруҳ бир неча йил фаолият юритиб, маҳаллий валютада миллионлаб даромад олган.

Фото: Reuters

Гватемала хавфсизлик хизмати ходимлари одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳга алоқадор 25 нафар полиция ходимини қўлга олди. Reuters хабарига кўра, гуруҳ асосан АҚШ сари йўл олган мигрантлар томонидан фойдаланиладиган маршрутларда фаолият юритган.

Гватемала Ички ишлар вазири Франсиско Хименес сўзларига кўра, ҳибсга олинган полициячилардан икки нафари истеъфога чиққан ва яна 11 нафари «Los Rs» деб номланувчи ташкилот номидан пул ювишда ҳам айбланмоқда.

Қайд қилинишича, Гватемала ўнлаб йиллар давомида Лотин Америкаси ва бошқа мамлакатлардан келган ва Мексика билан АҚШ чегарасига йўл олган ноқонуний мигрантлар учун асосий транзит мамлакат ҳисобланади.

Мамлакат расмийларининг айтишича, гуруҳ бир неча йил фаолият юритиб, маҳаллий валютада миллионлаб даромад олган.

Фото: Reuters

«Ушбу гуруҳ полиция ходимларидан фойдаланган, уларга пора берган. Улар мамлакат бўйлаб ташилаётган ноқонуний мигрантларнинг хавфсизлигини кафолатлаган», деди Хименес.

Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, аввалроқ, Ўзбекистондан келган 10 нафар мигрантни Гватемаладан ноқонуний олиб ўтган икки шахс қўлга олинган эди. Бу ҳолатнинг тергови якунда гуруҳни йўқ қилишга олиб келган. Жиноий гуруҳдан тўртта автомобил, ўқотар қурол ва нақд пуллар мусодара қилинган.

Хименеснинг қўшимча қилишича, Гватемаладаги АҚШ элчихонаси ва АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги терговда ҳамкорлик қилмоқда.

АҚШ элчихонасининг айтишича, одам савдоси билан шуғулланувчи тармоқ 10 мингга яқин мигрантни эксплуатация қилган.

Август ойида Гватемала ва АҚШ расмийлари ҳамкорликда яна бир контрабанда гуруҳи йўқ қилинганини эълон этган эди. Ушбу гуруҳ 2022 йилда Техасдаги юк машинасида бўғилиб қолган 53 мигрантнинг ўлимига алоқадор бўлган.

Мавзуга оид