Жаҳон | 15:23 / 08.10.2025
4791
8 дақиқада ўқилади

Францияда сиёсий инқироз: Макрон қандай йўл тутади?

 Францияда сиёсий инқироз тобора чуқурлашмоқда. Бош вазир Себастян Лекорнюнинг истеъфоси мамлакатда кетма-кет бешинчи ҳукуматнинг қулашига сабаб бўлди. Эммануэл Макрон президентлик даврининг иккинчи босқичида сиёсий беқарорлик, коалициялар орасидаги зиддият ва оммавий норозиликлар билан юзма-юз келди. Яқин соатларда Макрон халққа мурожаат қилмоқчи, хўш, у ҳокимиятдан кетиши мумкинми?

Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Франциядаги сиёсий инқироз хусусида сўз юритишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Францияда бош вазир яна истеъфога чиқди. Францияда нималар бўляпти?

Алоуддин Комилов: Умуман олганда, Франция ички сиёсати ҳозир жуда катта сиёсий инқироз даврини бошдан кечирмоқда. Буни бир неча сиёсий жараёнларда яққол кўриш мумкин. Эммануэл Макрон биринчи марта президентлик сайловида катта устунлик билан ғалаба қозонган эди, бироқ иккинчи бор сайланганда мамлакат сиёсий ҳаётида жиддий можаролар юзага келди. Сўнгги йилларда Франциянинг ўнг қанот етакчиси Марине Ле Пеннинг таъсири сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бу жараён мамлакатда сиёсий мувозанат бузилишига, партиялар ўртасидаги рақобат кучайишига олиб келди. Энг муҳим муаммо шундаки, парламент сайловларида ҳеч бир партия мутлақ устунликни қўлга кирита олмади. Натижада ўнг, сўл ва марказий кучлар ўртасида турли коалициялар шаклланди. Бироқ бу коалициялар ичида солиқлар, пенсия, ижтимоий ислоҳотлар каби масалаларда жиддий келишмовчиликлар мавжуд. Айниқса, пенсия тизими масаласи сўнгги йилларда энг катта сиёсий баҳс ва норозиликларга сабаб бўлди. Макрон ҳукумати Францияда ҳаёт давомийлиги ортгани, туғилиш даражаси эса пасайгани туфайли бюджет тақчиллигини камайтириш мақсадида пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга оширишни таклиф қилди. Бу таклиф жамият томонидан кескин салбий қарши олинди, натижада мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишлари бошланди. Сиёсий инқирознинг илдизида айнан мана шу ислоҳотлар турибди. Ҳукуматдаги ўзгаришлардан сўнг, мудофаа вазири Себастян Лекорню ҳокимиятни қўлга олганида, у Франция конституциясининг 49-моддасининг 3-бандидан парламент овозисиз қонун қабул қилиш имконини берувчи механизмдан фойдаланмасликка ваъда берган эди.

Бироқ бу қарор сиёсий мувозанатни тиклай олмади. Фракциялар ўртасида муроса бўлмагач, мамлакатда янада чуқурроқ иқтисодий ва сиёсий инқироз юзага келди. Натижада Лекорню ўз истеъфосини таклиф қилди. Унинг сўнгги баёнотларида ҳам бу ҳолатда самарали ишлаш, сиёсий масалаларни ҳал қилиш деярли имконсиз бўлиб қолганини очиқ айтиб ўтган. Яъни битта нарсага алоҳида эътибор беришимиз керак-да. Франциядаги бўлаётган сиёсий инқироз бу ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Яъни Европанинг бошқа давлатларида бўлган сиёсий трендлар таъсир қиляпти. Германияда ҳам худди шундай вазият юз бермоқда. Масалан, Голландия ва Скандинавия давлатларида ўта ўнг қанот сиёсий партиялар ҳокимиятга келди.

Бектош Бердиев: Гап шундаки, сўнгги икки йил ичида Францияда партиялар ўртасидаги чуқур зиддиятлар сабабли барқарор ҳукумат шакллантиришнинг имкони бўлмаяпти. Масалан, охирги ҳукумат атиги 27 кун фаолият юритди, унинг 26 куни эса вазирларни танлаш ва ҳукумат таркибини шакллантиришга сарфланди. Олдинги сафар эса бу жараён 17 кунда якунланган эди. Бу ҳолат сиёсий тизимдаги мувозанатнинг қай даражада издан чиққанини кўрсатади. Энг сўнгги келишмовчилик эса Себастян Лекорнюнинг миграция сиёсати бўйича аниқ позицияни билдиролмагани билан боғлиқ бўлди. У бу борада қатъий сиёсий йўналиш кўрсата олмагани учун миллий йиғинда ҳам унга нисбатан кўплаб саволлар ва эътирозлар билдирилди. Лекорню аслида президент Эммануэл Макроннинг энг содиқ сиёсий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Бироқ мамлакатдаги сиёсий муҳит, ҳатто Макроннинг содиқ одамлари учун ҳам мустаҳкам ҳукумат тузиш имконини бермаяпти. Бунинг сабаби эса, аслида, Макроннинг ўз сиёсий қарорларида ётади. У миллий йиғинни тарқатиб юбориш орқали сиёсий жараённи кескинлаштирган эди. Бунга сабаб сифатида, ўнг қанот етакчиси Марине Ле Пеннинг партияси сўнгги сайловларда катта овоз олгани ва шу орқали у ҳокимият учун реал рақобатчига айланганидан Макроннинг хавотирга тушгани кўрсатилади. Айнан шундан сўнг, Францияда сиёсий беқарорлик кетма-кет давом этмоқда. Шунга қарамай, Франция сиёсий тизими жуда кучли ва демократик асослари мустаҳкам. Шу боис, яқин кунларда мамлакатда янги ҳукумат шаклланиши эҳтимоли юқори.

Франциядаги сиёсий инқироз Макроннинг истеъфосига ҳам сабаб бўлиши мумкинми?

Бектош Бердиев: Йўқ, қонун нуқтайи назаридан бу ҳолат президентнинг истеъфосига сабаб бўла олмайди. Бироқ сиёсий жиҳатдан олганда, бундай вазият унинг рейтингининг кескин пасайишига олиб келади. Марин Ле Пен Макроннинг асосий сиёсий рақиби, бу масалада “президент истеъфо бериши керак”, деган фикрни билдирган. Ҳуқуқий жиҳатдан эса истеъфо бериш тўлиқ Макроннинг ўз ихтиёридаги қарор. Агар у ҳукуматни тўлиқ шакллантира олмаса ёки бу борада аниқ муваффақиятсизликка учраса, сиёсий обрўсига жиддий зарар етади. Оддий қилиб айтганда, у президент сифатида ўз мавқейини сақлаб қолиш имконидан маҳрум бўлади. Бугунги ҳолатда биз бешинчи ҳукумат ҳақида гапиряпмиз. Агар президентлик муддатининг тугашигача ҳали бир ярим йилдан ортиқ вақт борлигини инобатга олсак, бу вақт давомида барқарор ҳукумат туза олмаслик Макрон учун сиёсий фалокат даражасидаги йўқотиш бўлади. Шунингдек, миллий йиғин (парламент) унга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Аммо шунга қарамай, Франция конституциясига кўра, истеъфо билан боғлиқ якуний қарор ваколати тўлиқ президент, яъни Макроннинг ўз қўлида қолади.

Алоуддин Комилов: Битта нарсага алоҳида эътибор қаратиш керак. Масалан, Германияда ҳам шунга ўхшаш сиёсий инқироз юз берганда, у ерда парламент қайта сайлов ўтказишга қарор қилган ва натижада Фридриҳ Мерц ҳокимият тепасига келган эди. Аммо Франциянинг сиёсий тизими бундан тубдан фарқ қилади. Бу мамлакат президентлик республикаси бўлиб, унда президент жуда кенг ваколатларга эга. Марин Ле Пеннинг “Макрон истеъфо бериши керак” деган талаби асосан шунга асосланадики, у янги ҳукумат тузиш учун янги сайлов ўтказилишини истайди. Бироқ бундай сайлов Макрон учун хавфли, у бу сафар ғалаба қозонишига ишончи комил эмас. Шу сабабли у турли сиёсий йўллар билан сайлов ўтказишни кечиктиришга ва мавжуд шароитда янги ҳукумат тузишга уриняпти. Айнан мана шу ҳолат Франциядаги асосий сиёсий муаммога айланмоқда. Агар Франция Буюк Британия каби монархия (яъни қирол бошқарадиган давлат) бўлганида, унда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик билдирилса (яъни парламент ҳукуматни қўллаб-қувватламаса), қирол ёки қиролича ҳукуматни истеъфога чиқариш ваколатига эга бўларди (Шундай бўлса-да уни тасдиқлаш парламент ваколатига киради).

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид