Жаҳон | 17:55 / 16.12.2025
5583
4 дақиқада ўқилади

Украинада сулҳ ва сайлов эҳтимоли ортмоқда — сиёсатшунослар

Украинада сайлов масаласи яна муҳокама марказида. АҚШ бу мавзуни Киевга, хусусан президент Зеленскийга босим сифатида ишлатяпти. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида қатнашган сиёсий таҳлилчиларга кўра, ҳозирда урушнинг якуний палласи кечаётган бўлиши мумкин.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Украинада қачон президентлик сайлови ўтказилиши мумкин?

Шерзод Зиёев: Бугунги босқичда Украина можароси аста-секин якуний паллага яқинлашмоқда. Халқаро ҳамжамият Украинада тинчлик жараёнини бошлаш ва урушни тугатишга қаратилган аниқ қадамлар ташланишидан умид қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, сайловлар масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Сайловлар ўтказилиши Украина давлатининг легитимлиги, суверенитети ва сиёсий барқарорлигини мустаҳкамловчи омил сифатида кўрилмоқда.

Валерий Залужний масаласи ҳам бежиз кун тартибига чиқмаяпти. У собиқ бош қўмондон, Украина армиясининг етакчи фигураси бўлган ва ҳозирда Буюк Британияда элчи сифатида фаолият юритмоқда. Менинг фикримча, Европа доиралари келажакда Залужний номзодини илгари суриши эҳтимолдан холи эмас. Чунки вақт ўтиши билан Володимир Зеленскийнинг рейтинги пасайиши мумкин. Зеленский муайян тарихий вазифани бажарди, бироқ агар унга доир коррупцион ҳолатлар тасдиқланса, бу унинг сиёсий обрўйига жиддий зарба бўлади.

Залужний эса кучли номзод сифатида кўрилмоқда. Унда реал ҳарбий тажриба бор, у аскарлар орасида катта қўлловга эга. Урушнинг асосий юкини кўтараётган ҳарбийлар жамиятда муҳим сиёсий вазнга эга бўлиб бормоқда. Тинчликдан кейинги мудофаа модели, сайловлар ва хавфсизлик масалаларида айнан ҳарбийлар фикри устун бўлиши эҳтимоли юқори. Шу боис Залужний номзоди жиддий сиёсий омилга айланиши мумкин.

Камолиддин Раббимов: Аввало АҚШ томони, хусусан Доналд Трамп сайловлар масаласини Володимир Зеленскийга босим ўтказиш воситаси сифатида кўтараётгани кузатилмоқда. Украина қонунчилиги ва халқаро амалиётга кўра, сайлов ўтказиш учун нисбатан барқарор ижтимоий-сиёсий муҳит зарур. Амалдаги уруш шароитида сайлов ўтказиш деярли имконсиз. Украина томони ҳам сайловлар учун камида оташкесим бўлиши шартлигини таъкидламоқда. Чунки сайлов бир кунлик жараён бўлса-да, унга тайёрланиш ва ўтказиш бир неча ой вақт талаб этади.

Ҳақиқатан ҳам, Залужнийнинг Украина жамиятидаги нуфузи юқори. У Россияга муросасиз қарши турган, реал жанговар тажрибага эга ва тарихий аҳамият касб этган қўмондонлардан бирига айланган. Залужний ва Зеленский ўртасида концептуал ва сиёсий ёндашувларда фарқлар мавжуд. Залужний Россияга нисбатан янада қатъий позицияни эгаллаган шахс сифатида қабул қилинади. Ижтимоий сўровлар шуни кўрсатадики, агар Залужний номзод сифатида майдонга чиқса, аҳолининг катта қисми уни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу эса Украина жамиятининг муросадан кўра қаршилик ва мустақиллик учун курашни афзал кўраётганини англатади.

Учинчи жиҳат шундан иборатки, Залужнийнинг номзодлиги ҳозирча фақат тахмин ва спекуляция даражасида муҳокама қилинмоқда. Сайлов жараёни расман бошлангани йўқ, кампания эълон қилинмаган ва Залужнийнинг ўзи ҳам президентликка номзодини қўйишини очиқ баён қилмаган. Шу билан бирга, демократия шароитида Зеленскийнинг яна номзод сифатида иштирок этиш имконияти сақланиб қолмоқда. У ҳозир биринчи муддатини ўтаётган президент ҳисобланади ва агар сайловлар ўтказилса, иккинчи муддатини олиш эҳтимоли мавжуд.

Украина президентлик-парламент бошқарув тизимига эга. Президент ҳукуматни шакллантиради, бироқ парламент асосий қарорларни тасдиқловчи муҳим институт ҳисобланади. 2019 йилги сайловларда биринчи марта парламентда президент тарафдорлари энг йирик фракцияга айланди. Ҳозирги парламентда ҳам Зеленский партияси кўпчиликни сақлаб қолмоқда ва президент ташаббусларини ўтказиш имкониятига эга. Шу сабабли Зеленскийни сиёсий майдондан бутунлай чиқариб ташлаш ҳақида гапириш ҳозирча эрта, унинг сайловларда иштирок этиш ва ғалаба қозониш эҳтимоли ҳануз мавжуд.

Суҳбатни батафсил Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид