Ўзбекистон | 15:49 / 23.04.2021
16231
2 дақиқада ўқилади

«Текширувчи ҳам, текширилувчи ҳам битта тузилмада» — Ниғматилла Йўлдошев инспекциялар мустақил эмаслиги ҳақида

Сенатнинг 14-ялпи мажлисида сўзга чиққан бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев вазирлик ва идоралар қошидаги инспекциялар фаолияти қанчалик холислигини савол остига олди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

«Минг афсуски, ҳозирги кунда 10 дан ортиқ назорат-текширув идоралари бир вазирга бўйсунадиган қилиб, тузилмаси тасдиқланган. Тасаввур қилинг, бир вазирликда ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўладиган бўлса, бу ерда ҳеч қанақа том маънодаги ҳақиқий назорат бўлмайди.

Энг асосийси, назорат-текширувчи идораларга мустақил, холис фаолият кўрсатиш учун шарт-шароит яратиб беришимиз керак. Бу борада биз прокурорлик муносабатимизни Вазирлар Маҳкамасига ҳам берганмиз. Агар таклифларимиз инобатга олиниб, ҳар бир назорат-текширув идораси мустақил фаолият кўрсатадиган бўлса, ҳар бир соҳада кўплаб қонунбузилишлар бартараф қилинган бўлар эди.

Республика миқёсида 50 дан ортиқ назорат идоралари бор, улар томонидан ўтган йилнинг ўзида аниқланган фақатгина талон-торож ҳолатлари бўйича жамланган қиймат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи саноқли органлар аниқлаган талон-торожликлар қийматининг учдан иккисини ташкил қилади. Яъни 33 фоизга кам.

Аниқ мисоллар келтирсам. Мана, Энергетика вазирлиги қошидаги Ўзнефтегазинспекция 6 мингдан ортиқ объектни доимий назорат қилиш керак. 150 дан ортиқ масъул инспекторлар ҳам бор. Уларга давлат томонидан ойлик тўланади. Улар икки йил мобайнида ўз ташаббуси билан бирорта ҳам текшириш ўтказмаган. Бир сўм ҳам зарар аниқлашмаган. Ваҳоланки, биз икки йил давомида [шу соҳада] 300 млрд сўмлик зарар етказилганини аниқладик ва уни тўлиқ ундириш чораларини кўрдик.

Бошқа бир мисол. Транспорт вазирлиги тизимида юкларни ташиш фаолияти билан боғлиқ инспекция икки йил давомида 8 мингта қонунбузилиш ҳолатини аниқлаган. Лекин бирортаси ҳам ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилмаган. Юборилмадими, демак, бу яширилди дегани.

Ўйлайманки, ҳукумат бу масалани кўриб чиқиб, ўз қатъий муносабатини билдирса, ишимизда яна ҳам самара бўлган бўларди», – дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид