Жаҳон | 16:13 / 04.07.2025
9518
2 дақиқада ўқилади

Москвада геолокацияси ўчирилган мигрантлар рўйхатдан чиқарилиши мумкин

Россияда мигрантлар устидан назоратни кучайтириш бўйича янги чоралар кўрилмоқда.

Фото: Ведомости

Москва шаҳрида телефонидаги геолокацияси ўчирилган мигрантлар рўйхатдан чиқарилади. Тегишли буйруқ лойиҳаси Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, деб хабар берди ТАСС.

Таъкидланишича, мигрантларни ариза орқали рўйхатдан чиқариш тартиби ишлаб чиқилган. Буйруқ 2025 йил 1 сентябрдан кучга киради ва 2029 йил 1 сентябргача амал қилади.

Агар мигрант ўз мобил қурилмасида геолокацияни ўчириб қўйса ва уч кун давомида илова орқали манзили ҳақида хабар бермаса, у 24 соат ичида рўйхатдан ўчирилади. Буйруқ яқинда қабул қилинган қонунни амалга оширишга тааллуқли бўлиб, унда визасиз хорижликлар махсус ишлаб чиқилган мобил илова орқали рўйхатдан ўтиш ва ўз жойлашуви тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш бўйича эксперимент ўрнатишга қаратилган.

Рўйхатдан ўчириш учун мигрантнинг Россиядан чиқиб кетгани ҳақидаги маълумотлар ҳам асос бўлади.

Аввалроқ, Россия Давлат Думаси Москва ва Москва вилоятида мигрантларни кузатиш ва ҳисобга олишнинг қўшимча механизмларини назарда тутувчи эксперимент жорий этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди.

Депутатлар томонидан таклиф этилаётган тузатишда чет элликлар учун қуйидагилар назарда тутилган:

- яшаш жойида мажбурий рўйхатдан ўтиш;

- бармоқ изларини топшириш;

- биометрик фотография;

- абонент қурилмаларининг геолокациясини мониторинг қилиш.

Агар мигрантлар ҳақиқий яшаш жойини ўзгартирса, бу ҳақда уч иш куни ичида Ички ишлар вазирлигига хабар бериши шарт.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид