Жаҳон | 23:43 / 05.12.2020
6202
2 дақиқада ўқилади

Францияда полиция тўғрисидаги қонунга қарши намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди

Мамлакат ички ишлар вазири Жералд Дарманен полиция 22 кишини ҳибсга олганлигини маълум қилди.

Фото: Le Parisien

Парижда полиция ходимларини фото ва видеога олганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонунга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар бошланди, деб хабар бермоқда Le Parisien.

Акция бошланганидан бироз ўтиб, намойишчилар полиция ходимларига қарата шиша идишлар ва тошлар улоқтиришни бошлаб юборишган. Полиция бунга жавобан кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Норозилик намойишлари вақтида бир нечта автомобил ёқиб юборилган, дўконларнинг ойналарини синдириб, талашга уринишган.  

Мамлакат ички ишлар вазири Жералд Дарманен полиция 22 кишини ҳибсга олганлигини маълум қилди.

Францияда яқинда қабул қилинган глобал хавфсизлик тўғрисидаги қонунга кўра, полиция ходимларини иш вақтида суратга олиш тақиқланади. Бу жиноий жавобгарлик ва 45 минг евро миқдоридаги жарима жазосига сабаб бўлади.

Қайд этилишича, норозилик намойишлари Франциянинг 90та шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Полициянинг маълумот беришича, бир ҳафта аввал ўтказилган ана шундай намойишларда бутун мамлакат бўйлаб 133 минг киши қатнашган. Тартибсизликлар давомида 100га яқин полиция ва жандармерия ходимлари жароҳатланган.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид