Жамият | 19:33 / 29.08.2019
43748
18 дақиқада ўқилади

«Сиёсатда дўст бўлмайди, унда ҳаммаси вақтинча» - адиб Мурод Муҳаммад Дўст билан суҳбат

Жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари юзасидан қатор суҳбатлар уюштириб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши ўзбек адабиётининг таниқли вакилларидан бири, адиб Мурод Муҳаммад Дўст бўлди.

Адиб билан суҳбатимиз ўзбек адабиётининг кечаси ва бугуни, адабиётимизнинг қўшни халқлар адабиёти билан алоқалари, жамиятдаги муаммолар хусусида борди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

- Мурод ака, ёзувчи руҳиятида содир бўлаётганлари ҳеч қачон бошқа касб эгаси руҳиятида юз бермайди. Лекин гоҳида “Ёзувчи нимага керак ўзи?” деган саволлар қулоғимизга чалинади. Биз турли касб эгаларининг жамиятда нега кераклигини аниқ биламиз. Қурувчи уй қуради, шифокор инсонларни даволайди ва ҳ.к. Шундайлар борки, ёзувчининг жамиятга кераклиги ҳақида гапиради, лекин нега кераклигини исботлаб беролмайди. Сизнинг фикрингиз қандай шу масалада? Келинг, суҳбатимизни шу савол билан бошласак: ёзувчи нега керак?

- Аввал саволнинг биринчи бандига жавоб беришга ҳаракат қиламан. Аёнки, ҳамма одамлар ҳам дунёни бирдай яхши идрок қилолмайди. Ёзувчиликка дахли бўлмаган одам ҳам дунёни жуда чуқур, шоирона идрок қилиши мумкин. Ўртадаги фарқ шундаки, ёзувчи ёки шоир, ёки рассом, ёки актёр ва ёинки режиссёр ўша ўзи ҳис этган туйғуларни қоғозда, матода ёки экранда яхшироқ ифода эта олади. Бу – биринчидан. Адабиётнинг керак ёки нокерак эканини тил билан боғлаб тушунтирса бўлади. Тилсиз адабиёт йўқ, адабиётсиз тил йўқ. Тилсиз миллат ҳам йўқ. Тил одамларни миллат қилиб бирлаштиради. Адабиёт бир тилда сўзлашадиган одамлар, миллат ўзини таниб олишига хизмат қилади. Сартарош соч қиртишлаш учун, совчи келин топиш учун керак, деган гапларни адабиётга, санъатга, яъники недир утилитар тушунча, шунчаки наф тушунчаси билан ёндошиб бўлмайди. 

- Мана шу туркум доирасида кўпчилик зиёлилар билан суҳбатлар қиламиз ва бу борада ўқувчилар, томошабинлар ўз фикрларини билдиришади. Фикрлардан шу нарсани сезиш мумкинки, уларни кўпроқ қизиқтирадиган бир жиҳат бор: Сиёсат. Улар адабиёт ҳақидаги суҳбатлардан ҳам сиёсий мавзудаги фикрларни кутишади, яъни ёзувчини сиёсатга ҳам тиши ўтиши керак деб ҳисоблашади. Бу масалага қандай қарайсиз? Ёзувчининг сиёсий масъулияти нимадан иборат?

Саволнинг давоми сифатида, мустақилликнинг дастлабки йилларида ижодкорларнинг сиёсатда ҳам фаол бўлганини кўрамиз, Сиз, Усмон Азим, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам...

Хўш, бу ижодкорлар сиёсатга аралашмаганда адабиётимиз нималар ютиши мумкин эди ва ёки уларнинг аралашуви билан сиёсатимиз нималар ютди, деб ҳисоблайсиз?

- Истиқлолнинг дастлабки йиллари жамиятда кўтаринки бир руҳ ҳукм сурарди. Рост гапни баралла айтиш мумкин эди. Ўшал замонда эринмаган одамнинг ҳаммаси сиёсатчи эди, деб айтсам лоф бўлар, лекин сиёсатга қизиқувчиларнинг адади жуда кўп эди. Жумладан, ёзувчилар, олимлар ҳам жамиятнинг ўша муваққат очиқлик шавқига берилиб, кўнгилларида недир ижтимоий фаолиятга мойиллик сездилар.

Тўғриси, мен ким ютди ва ким ютқизди, деган саволга аввал ҳам недир суҳбатда жавоб берганман. Бугун яна такрорлаб айтаманки, шоир-у ёзувчиларнинг сиёсатга аралашганидан адабиёт ютқизди. Сиёсат ҳеч нарса ютқизгани йўқ, аксинча – ютди. Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовларнинг миллионлаб мухлислари бор эди. Шу сабаб, уларнинг номлари сиёсий бозордаги недир эҳтиёж туфайли қисқа вақт ичида байроқ этиб кўтарилди, кейинроқ, янги байроқлар топилгач, яна пастга тушириб қўйилди. Бор-йўғи шу. Эҳтиёж тугаганини Эркин Воҳидов олдинроқ тушунди ва секин четга чиқди, Абдулла Ориповнинг тушуниши қийинроқ бўлди, лекин у ҳам умри адоғида тушуниб етди, аламли ҳақиқатларга йўғрилган яхши шеърлар битди.

Умуман, адабиёт аҳли билан сиёсат аҳлининг ўйлаш тарзи бир-бирига мос келмайди. Буни яхшироқ англаш учун сиёсатга озгина аралашиб кўриш керак. Шоир ёки ёзувчи умр бўйи кўнглига маҳрам излаб яшайди (“Ки ногаҳ ул қуёш сиррин десам ул ҳам эмас маҳрам”- Алишер Навоий). Сиёсатда эса маҳрамлик – ясоқ тушунча, ёт тушунча. Сиёсатда лутф кўп, лекин дўст йўқ. Дўстлик – камёб ва бебаҳо давлат, лутф эса жуда арзон, тўйда келин-куёв устидан сочиладиган қанд-қурс каби мўл, ўнг-у сўлга аямай сочилади - териб олишга улгурганнинг боши осмонда, улгурмаганнинг армони чексиз. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сиёсат ёзувчи ёки шоирнинг ёинки олимнинг иши эмас. Энг ёрқин мисолни Асқар Акаев – Қирғизистоннинг собиқ Президенти мисолида кўриш мумкин. Акаев – катта олим эди, лекин сиёсатда омади чопмади. Аслида ёзувчи Чингиз Айтматов тайёр Президент эди, лекин у жуда ақлли иш тутди, юксак лавозимдан ўзи билиб воз кечди. Такрор айтаман: сиёсат сенинг ишинг эмаслигини билиш учун ҳам сиёсатнинг бир чеккасига аралашиб кўриш керак.

- Мурод ака, хозиргача  ижодингизнинг чўққиси ҳисобланувчи “Лолазор” романи ва унинг ёзилиши бўйича ўқувчиларнинг жуда кўп фикрларини эшитамиз. Бугун шахсан ўзингиздан сўрамоқчи эдим, асар ёзилишига қандай омиллар сабаб бўлган. Асл мақсад нима эди сизда мазкур асарни ёзишдан?

- Бошда иккитагина жумла бор эдики, бири – “Осмон мезонлардан йилтираб ётар эди”, униси – “Алар бир-бирини кўз ёшларига бурканиб суйдилар.” Роман биринчи жумладан бошланди, иккинчи жумла ўртароққа бориб қўшилди. Воқеалар тафсирини бошлаганингдан кейин нарёғи ўзи тизилиб кетаверар экан. Бирга ўсиб-унган дўстнинг тақдирини йигитлик чоғидан бошлаб то уларнинг умри адоғига қадар тасвирлаш нияти бор эди. Менда бошқа бир ният – бир оила вакилларининг икки-уч асрлик ҳаётини ёзишдек амалга ошмаган орзу ҳам бўларди. “Лолазор”да вазифа осонроқ эди - биргина авлод тақдири. Рости, нега ва нима учун ёзганимни ҳозиргача тузук-қуруқ тушунтириб беролмайман. Танқидчилар тушунтириб беришга уста. Уларнинг фикрларини ўқиганда нима учун ёзганимни англагандай ҳам бўламан. Лекин айни замонда биламанки, китоб дегани муайян мақсад ёки ғоя туфайли эмас, кўпроқ ёзиш шавқи таъсирида битилади.

- "Лолазор"да уч хил ровийни кузатиш мумкин: Саидқул Мардон, Назар Яхшибоев ва қисман муаллиф. Саидқул Мардонни ёзувчи қалби дейиш мумкинми? Негаки, ошнонинг ҳам Назар Яхшибоевнинг ҳам кўпчиликка маълум бўлмаган, кўнгилдаги гаплари у орқали баъзан диалог кўринишида, баъзан ривоя тарзида аён бўлади.

- Ўша пайтларда социалистик реализм деган таълимот устунлик қилардики, ҳар бир асарда жилла қурса биттадан ижобий қаҳрамон бўлмоғи шарт эди. Саидқул Мардон деганимизда зикр этилмиш талабларга мос иш тутмоқ нияти ҳам сезилади. Албатта, бу қаҳрамон механик тарзда пайдо бўлмаган, унинг ҳам ўз тарихи ва ўз тақдири бор. Лекин биламанки, Саидқул Мардон – кучсиз одам. Роман қаҳрамонлари ичида Яхшибоев кучлироқ ва ақллироқ. Ўнгмаган тақдирлар, инсон билан ҳокимият, ижодкор билан ҳокимият муносабатлари, алал-оқибатда – яна ўша сиёсат. Сиёсат одамни бузиши тайин. Сиёсатда, боя айтганимиздек, дўст бўлмайди. Одамлар муайян манфаат ёки мақсадлар атрофида, битта дастур атрофида бирлашмоғи мумкин. Кейин, ният амалга ошгач, яна тарқалиб кетишади. Баъзилар нолиб юрадики, аввал ҳукуматга керак эдик, энди керак бўлмай қолдик. Аслида нолишга ўрин йўқ. Мард бўлиш керак. Мансаб – ўта муваққат нарса. Шартномага ўхшайди, муддати тугадими – дарров бекор қилинади. Сиёсатда муаммолар, мақсадлар, дастурлар тез-тез ўзгариб туради. Кун тартиби ўзгарган маҳал бошқа ижрочиларга, бошқа, янгиланган командага эҳтиёж туғилади. Бунга асло ажабланмаслик керак.

Ижодкор билан ҳокимият орасидаги муносабатларни ўрганиш, тадқиқ этиш нияти ҳали ҳам кўнглимни тарк этган эмас. Мавзу фикр-у шууримда ҳамон давом этяпти.

- Жамиятимизда мустақиллик йилларида оғриқли масалага айланган бир мавзу борки, бу чет давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган юртдошлар масаласи. Мазкур масала бўйича Президент Мирзиёев ҳам ўз фикрларини билдирган ва унда «Мен айбдорлик ҳиссини туяман» деганди. Бугунги ўзбек адабиётида гастарбайтерлар ҳаёти, уларнинг маънавияти масаласи акс этиши керакми? Чунки, ҳозирда Ўзбекистондан ташқарида бўлган ватандошларимиз ҳам жуда кўпчиликни ташкил қилади.

- Мен бу мавзуни кўп ўйлаганман. Янглишмасам, режиссёр Юсуф Розиқов “Гастарбайтер” деган кино ҳам олган. Афсуски, мен фильмни кўрганим йўқ.

Четга кетган ўзбек меҳнатчилари тақдирига ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий масала сифатида қаралаётгани мутлақо табиий.

“Гастарбайтер” сўзининг маъноси – ишчи меҳмон, ишлашга келган меҳмон. Ўтган асрнинг 60-70-йилларида, Германия жадал ривожланиш босқичига ўтган маҳал, ишга яроқли эркакларнинг аксари қисми урушда ўлиб кетгани сабабли, мамлакатга четдан келиб меҳнат қилган турк, юнон ва бошқа миллат вакилларига нисбатан хушфеъл канцлер Конрад Аденауэр айни чиройли атамани ишлатган. Мигрантлар немислар юртига оиласи билан кўчиб келиб ишлаган. Аденауэр ҳукумати дастлаб уларни йил оша ротация қилишни мўлжаллаган, лекин иш берувчилар, буларни алмашлаш шарт эмас, меҳмон-ишчини оиласи билан юртига қайтариб, ўрнига янги меҳмон-ишчини оиласи билан олиб келиш жуда қимматга тушади, деган эътирозлари инобатга олинган-у мигрантларнинг биринчи оқими Германияда муқим қолиб кетган. Бугунги кунда Олмониянинг яшаётган 4 миллиондан ошиқ турклар ўша дастлабки оқим вакилларининг зурёдлардир.

Афсуски, замонлар ўтиб, бу сўз рус тилида ҳақоратомуз оҳанг касб этгани бутунлай бошқа масала.

Миграция жараёни қадимдан бор. Яъни қайдаки ишга яхшироқ ҳақ тўланса, ишчи кучи ўша тарафга оғади. Мигрант ўша жойда тузукроқ пул топиб, мўмай бир қисмини узоқдаги оиласига жўнатади. 

Миграцияни тўхтатиб бўлмайди. БМТ ҳисобига кўра, 2017 йилда дунёда 273 миллионта халқаро мигрант бор эди. Бугун янада кўпайган бўлиши шубҳасиз. 

Дунёда ўнлаб миллион ҳинд, хитой ва бошқа миллат мигрантлари бор.

Энди муаммо илдизига - Ўзбекистондаги демографик жараёнларга жиддийроқ назар ташлайлик. 1960 йилда мамлакатимизда 8,5 миллион киши яшарди. 1990 йилга келиб бу рақам 20,5 миллионга етди. Бугун мамлакат аҳолиси 32 миллион кишини ташкил этади. Тақрибан 60 йил ичида қарийб 4 баробар ўсди! Шунча одамни боқиш ва иш билан таъминлаш учун мамлакатнинг амалдаги ресурси етмайди. Аламли ҳақиқат, лекин муаммога реал қараш керак. Ҳозир кўпчилик мигрантлар Россияда юрибди. Яқинда ўқиб қолдим, Исроилда 90 минг атрофида меҳнат мигранти бўлиб, уларнинг 12 фоизини ўзбеклар ташкил этар экан. Рости, жуда хурсанд бўлдим. Чунки яҳудийлар уларга яхшироқ ҳақ тўлайди, “гастарбайтер” деб камситмайди.

Нима қилишимиз керак? Аввало, ишга кетаётган мигрантлар оқимининг йўналишларини кўпайтириш лозим. Токи улар фақат Россияда миллионлаб тўпланиб қолмасин. Ишчи кучига муҳтож бошқа бозорларни топишимиз керак.

Кўпинча Ўзбекистонни Қозоғистон билан таққослаб, ана, улар анча олдинлаб кетди, қозоқларда мигрант йўқ, деб нолиймиз. 1960 йилда қанча бўлганини билмайман, лекин 1990 йилда Қозоғистонда 16,5 миллион киши яшарди. Бугун-чи? Бугун уларнинг сони 18,5 миллионга етди. Ўсиш бор-йўғи – 2 миллион киши. Бизда эса бу орада аҳоли сони 11,5 миллионга ўсди. Бу – ҳақиқий демографик портлаш эмасми?. Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўзига яраша иқтисодий ресурслар бор. Лекин бизда, аҳоли сони юксак суръатда ошиб бораётган замонда, бу ресурсларни тўлиқ ишга солиш ва унинг бир қисмини ижтимоий ҳимояга сафарбар этиш қийин кечиши табиий ҳол эди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида автомобиль саноатига, нефт ва газ саноатига асосий эътибор қаратилди. Шу соҳалар саноатнинг бошқа турларини ҳам ортидан тортиб кетади, деб ўйладик. Аммо ўйлаганимиздай бўлиб чиқмади. Ҳаммо бало шундаки, биз аграр мамлакат деган тушунчадан қочдик. Дейлик, Ҳиндистон – қолоқ аграр мамлакат, Бангладеш – қолоқ аграр мамлакат, деган штампларга ишониб, аслида деҳқончилик юртимиз ривожида асосий омиллардан бири эканини вақтида англай олмадик. Юксак технологияларга таянган аграр мамлакат бўлиш шараф эканини, минг таассуфки, анча кечикиб тушундик. Тушундик ва ниҳоят хатоларни тузатишга киришдик.

Ёки туристик потенциалимизни олиб қарайлик. Жўн, яъни маърифий туризм, диний туризм, экотуризм, этнотуризм ва ҳоказолардан иборат буюк бир потенциалимиз бор. Надоматким, бу соҳанинг ҳам боши муаммодан чиқмаяпти. Сиртдан қараганда, туристик инфраструктура жонлангани яққол сезилади. Лекин меҳмонлар сони ҳали жуда оз, уларнинг оқими кескин кўпайишига ҳаво йўлларининг монополия экани ошкора халал беряпти. Кўзга суртган авиакомпаниямиз патта нархини ошириш билан овора. Бошқа компанияларнинг, хусусан, лоукостерларнинг бозорга киришига тиш-тирноғи билан қарши. Бу тарзда узоққа бориб бўлмайди. Аҳвол шу даражага етдики, одамлар монополистнинг турли найрангларга кўндаланг қўйиб, шундоқ биқинимизда жойлашган Чимкентга бориб, ўша жойдан учиб кетаяпти. Ва, табиийки, яна Чимкент орқали уйга қайтяпти.

Аграр соҳанинг имконияти янада кенгроқ. Яқинда биттаси, Японияда 100 грамм гилосни 1000 йенага, яъники тахминан 9-10 долларга сотиб олдим, деб айтиб қолди. Ўзбекистоннинг мева-чевасига тенг маҳсулот дунёда йўқ. Лекин меваларни ўз вақтида, айни пишиб ширага тўлган пайтида четга сотишни эплай оляпмизми? Биз йиллар давомида фақат пахта сотганмиз. Пахта бозорини ўзбекдан яхшироқ биладиган йўқ. Лекин боғ ва полиз неъматларини сотишда тажрибамиз етарлими? Бир-икки вагон ёки “тир”га мева-чева ортиб, чегарадан ўтган заҳоти молига қозоқ қардошларимизнинг ёрлиғу брендини ёпиштириб (негаки, солиғи камроқ!) Россия тарафларда сотиб келаётган уддабурон ватандошларимиз бор, лекин мамлакат миқёсида мева ҳамда полиз экспорти номенклатурасини ўрганиш тизими ҳали тўла-тўкис шаклланмаган.

Хайриятки, кейинги пайтларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу борада махсус ахборот банки тузаётир, деган хабар орқаваротдан бўлса-да қулоққа чалиняпти. Қайси бозор ҳали бўш турибди, ҳажми каттароқ, лекин аллақачон бошқалар банд этиб улгурган бозорларда ким билан рақобат қиламиз ва уларни қандай енгишимиз мумкин, уларнинг заиф жойи нимада, бизнинг мевамиз бошқаларникидан афзал эканини исботлаш, экспортга юбориладиган мева ва полиз маҳсулотлари учун ягона сифат стандартларини қатъий жорий қилиш – бу каби муаммоларни тезроқ қанчалик тез ечилса, эл-у юртимиз учун шунчалар яхши.

Биргина мисол. Голландия гул, хусусан, лола экспорти билан шуғулланади. Қайси рангдаги лола қайси далада ва қай муддатда очилиши, қайси куни, қанча миқдорда қай бир мамлакатга юк самолётида олиб кетилиши бир йил олдин режа қилинади ва бу режа аниқ бажарилади. Биз ҳам шундай ишлашимиз мумкин-ку?

Ресурслар кўп. Худо хоҳласа, улар албатта ишга тушади. Айни замонда миграцияга ҳам қаршилик қилмаслик керак. Миграция мамлакатга маблағ келтиради. Дейлик, ҳинд мигрантлари ўз ватанига ҳар йили 72 миллиард доллар юборади. Бизнинг мигрантлардан ҳам 5-6 миллиард йилига келиб тушади. Бу - бевосита аҳоли чўнтагига кираётган ва жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаб турган ҳалол пул. Мигрантларнинг иш шароити ва уларнинг ижтимоий ҳимояси халқаро расмий ҳужжатлар асосида тубдан яхшиланса, улар бугун ўртача 400 доллар юбораётган мигрант эртага 800-1000 доллар юборадиган бўлади. Охирги йилларда ривожланган мамлакатларда оиласи билан ишлаб (шуниси – энг муҳим!), ота-онасига ой сайин 1,5-2 минг доллардан юбораётган саводли, малакали ўзбек ёшлари сони секин-аста кўпайиб бораётганидан қувониш керак.

Улар балки адабиётда ҳам акс этиши керакдир. Эътибор берсангиз, турклар Германияда муқим яшаб қолган мигрантлар ҳақида фильмлар суратга олади. Эронликлар ҳам четдаги ватандошлари тақдиридан сўз юритувчи туркум ва аксари гўзал фильмлар чиқарган.

 Меҳнат миграцияга юз тутган ватандошларимиз ҳаётини адабиётда акс эттириш масаласини Ёзувчилар уюшмасидан сўраш керак. Улар яхшироқ билади. Менда бу ҳақда аниқ маълумот йўқ.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Суҳбат 21 август куни Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида жойлашган «Askiya Book cafe»да ёзиб олинди. 

Тайёрлаган:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид