Жамият | 20:49 / 28.04.2016
11292
2 дақиқада ўқилади

Бугун Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова таваллуд топган кун!

1963 йил, 28 апрелда таваллуд топган Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова Мамажоновна 1980 йилда ўрта мактабни тамомлаб, ҳужжатларини (1981 йилда) Маннон Уйғур номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институти (мусиқали драма)га топширди.

1986 йилда институтни муваффақиятли тамомлаган актриса ижодий фаолиятини Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали драма театридан бошлаб, саҳнада “Машраб” спектаклида Офоқой, “Алпомишнинг қайтиши”да Барчин, “Қудуқ тубидаги фарёд” саҳна асарида Тошбуви, Шунингдек, Нодирабегим (“Нодирабегим”), Фотима (“Фотима ва Зуҳра”), Ойжамол (“Тақдир”), сингил (“Ака-ука совчилар”) каби бир қатор бош ролларни ижро этди.

Бетакрор ижроси ва роллари билан театр санъатига қўшган ҳиссаси учун актриса 1996 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2003 йилда эса Ўзбекистон Халқ артисти унвонига лойиқ деб топилди.

2005 йилда Зулайҳо Бойхонова “Саҳнамиз фариштаси” номинацияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тақдирланди.
2011 йилда эса «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор бўлди.

Айни дамда актриса ва хонанда Зулайҳо Бойхонова Ўзбекистон Халқ артисти Абдухошим Исмоилов раҳбарлигидаги «Офарин» миллий ансамблида яккахон хонанда сифатида фаолият юритмоқда.

Бугунгача “На қилай”, “Сароб”, “Хай-хай”, “Алла”, “Бўлмаса”, “Севасанми”, “Рашк”, ”Сен баҳорни соғинмадингму?” каби қўшиқлар хонанданинг ижодий репертуарини бўйитиб келмоқда.

Айни дамда таваллуд айёмини оиласи даврасида нишонлаётган Зулайҳо Бойхоновага Кун.уз сайти ходимлари соғлик, омад ва ижодий парвозлар тилаб қолади!