Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
5 ўлим ва 6 ярадор – Фарғонадаги даҳшатли автоҳалокат тафсилоти (репортаж)
Учкўприк тумани ҳудудида юк машинаси светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган Damas’га келиб урилиши оқибатида 2 нафар бола ва 3 аёл вафот этди. Машина ҳайдовчиси ва яна 5 киши оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Kun.uz мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.
21 ноябрь куни эрталаб Учкўприк туманида Isuzu юк машинаси светофорда тўхтаб турган Damas билан тўқнашди. Damas ичида жами 11 киши – ҳайдовчи, Бувайда тумани Янгиқишлоқдаги 7-мактабнинг 5 нафар ўқувчиси ҳамда 5 аёл бўлган. Сабзи кавлаш учун Олтиариқ туманига кетаётган йўловчилардан 5 киши – 2 нафар мактаб ўқувчиси ва 3 аёл йўл транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган.
Бахтсиз ҳодисадан омон қолган 5 нафар йўловчи ва ҳайдовчи айни пайтда Боғдод, Бувайда ҳамда Учкўприкдаги шифохоналарда қолмоқда. Улар орасида аҳволи оғирлари ҳам бор.

Боғдод тумани Тиббиёт бирлашмаси Реанимация бўлими бошлиғи Дилшод Жалиловнинг айтишича, бўлимга олиб келинган икки ўқувчи қизнинг аҳволи ўта оғир даражада.
“Боғдод тумани тиббиёт бирлашмасига соат 9:00лар чамасида автоҳалокат натижасида тан жароҳати олган 14 ва 16 ёшли мактаб ўқувчилари олиб келинди. Улардан бири ўта оғир кома ҳолатида келган. Иккинчи ўқувчи эса ҳушида, лекин тан жароҳати жудаям кўп. Биринчи бемор бош миясига қон қуйилиши сабаб жарроҳлик амалиётидан чиқди.


Икки беморнинг ҳам аҳволи жуда оғир. Бири сунъий нафас олиш аппаратига уланган, кома ҳолатида. Иккинчисининг ҳолати эса жарроҳлик амалиётидан кейин маълум бўлади”, – дейди шифокор.
Бувайда тумани тиббиёт бирлашмасига ЙТҲ иштирокчиларидан 4 нафари ётқизилган. Damas’нинг олди ўриндиғида ўтирган Севара Полвонова сабзи кавлашга 9-синфда ўқиётган қизи билан кетаётган бўлган.
“Олтиариқ туманига сабзи кавлашга кетаётган эдик. 9-синфда ўқиётган қизим ҳам ҳарна сизга ёрдам бўлсин деб кунлик ишга мен билан бирга кетаётган эди. Светофорга етиб борганимизда қизил чироқ ёниб қолди. 1 дақиқалар чамаси яшил чироқ ёнишини кутдик. Шу пайтда тўсатдан машинамизга юк машинаси келиб урилди. Ғижимланиб кетган машинамиз кучли зарб билан бориб бетон тўсиққа тегди. Хушимдан кетибман. Кейинроқ ўзимга келдим.

Damas’нинг олди ўриндиғида бўлганим учун фақат мен ва ҳайдовчини ташқарига тортиб олишди. Юк машинаси машинамизни қисиб, ғижимлаб ташлаган эди. Қолган йўловчиларни чиқаришнинг имкони бўлмади. Катта юк машинасида Damas’ни тортишгандан кейингина ичкарида шерикларимиз ташқарига тортиб олинди.
Кейин билсак шерикларимиздан 5 киши ҳалок бўлган экан. Булардан 2 нафари мактаб ўқувчилари эди. Ҳаммамиз бир маҳаллада яшаймиз. Бир-биримизни таниймиз”, деди Севара Полвонова.
“Тўсатдан жияним келиб келиним ва неварам автоҳалокатга учрагани ҳақида айтди. Минг хавотир билан келинимга қўнғироқ қилдим. Телефони ўчган экан. Дарагини сўроқлаб Бувайдадаги шифохонага келдим. Damas ичида бўлган қўшнимиз Зулайҳо, келиним ва неварамни шу ердан топдим.
Damas ичида бўлган барча хотин-қизлар битта маҳаллада яшайди. Келиним тирикчилик деб кунлик ишларга чиқиб туради. 5 фарзанди бор. Ҳарна турмуш ўртоғига ёрдам беради-да. Неварам ҳам онасига қўшилиб олган эди”, дейди Севара Полвонованинг қайнонаси Шаҳринисо опа.
Бувайда тумани тиббиёт бирлашмаси травматологи Зайлиддин Жўраев шифохонага олиб келинган беморлар ҳолати бўйича маълумот берди:
“Шифохонамизга 21 ноябр соат 7:55лар чамасида автоҳалокатга учраган 4 нафар бемор олиб келинди. Улардан бирининг аҳволи оғирлиги учун жарроҳлик столига ётқизилди. Унинг қароталоқ ва ошқозони ёрилиб кетган эди. Бемор жарроҳлик амалиётидан кейин реанимация бўлимига ётқизилди. Яқинларининг хоҳиши билан Damas ҳайдовчи Учкўприк туман тиббиёт бирлашмасига ўтказилди. Ҳайдовчининг аҳволи ўрта оғир. ЙТҲга учраган она ва боланинг ҳолати эса анча яхши”, дейди у.

Ҳолат юзасидан юк машинаси ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
12:24 / 20.01.2026
Фарғонада Captiva дара йўлида ағдарилиб кетди. Ҳайдовчи ҳалок бўлди
17:23 / 17.01.2026
Фарғонада 3-, Самарқандда эса 4-синф ўқувчиси B2 сертификатини қўлга киритди
16:25 / 17.01.2026
Марғилонда тергов бошлиғи 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У айбсиз одамни қаматиб бериш учун 18 минг доллар сўраган
19:50 / 12.01.2026