Ўзбекистон | 08:59 / 12.01.2022
2437
2 дақиқада ўқилади

Самолёт ва поездларда ҳунармандлар ва уларнинг маҳсулоти ҳақида маълумот пайдо бўлади

Жорий йилдан самолёт ва поезд вагонларига ҳунарманд ва уларнинг маҳсулотлари ҳақида маълумот жойланади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда республика “Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Ҳотамова маълум қилди.

Фото: Kun.uz

2022 йилда ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштиришга 500 млрд сўм йўналтирилади. Шундан келиб чиқиб, ҳунармандларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 6 ойгача имтиёзли давр билан 225 млн сўмгача кредит берилади. Улар маблағларни нақд пул кўринишида олиши ҳам мумкин.

Имтиёзли кредит ажратиш бўйича oilakredit.uz электрон платформасида ҳунармандларни онлайн навбатга қўйиш ва уларнинг лойиҳаларини кредитлаш учун алоҳида бўлим ишга туширилади.

2022 йилдан бошлаб “Ўзэкспомарказ” павильонларида “Craft fair Uzbekistan” халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси ташкил этилади.

Доимий равишда “Ҳунармандчилик марказлари” ва “Уста-шогирд” мактаблари туристик маршрутларга киритиб борилади. Ҳунармандлар ва уларнинг маҳсулотлари бўйича маълумотлар самолёт ва поезд вагонларида жойлаштириб борилади.

2022 йилдан “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари учун фаолият юритиш жойидан қатъи назар, коммунал инфратузилма хизматлари ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади.

Мавзуга оид