Жамият | 00:44 / 11.05.2017
105593
11 дақиқада ўқилади

Унутилган асирлар: фашистлар томонидан Нидерландияда ўлдирилган ўзбеклар ким эди?

Улар немис армиясига қарши курашиш мақсадида Марказий Осиёдаги ўз уйларини ташлаб келишган. Сўнгра асирга тушишган ва жулдур уст-бошли бу аскарларни Нидерландияда жойлашган концлагерга жўнатишган. Ҳозир ҳаёт бўлганларнинг жуда кам қисми ҳолландларнинг Амерсфорт шаҳри яқинида отиб ташланган 101 нафар ўзбекни эслайди. Агар синчков ҳолланд журналисти бўлмаганида, улар ҳақидаги хотира умуман йўқ бўлиб кетар эди, — деб ёзади BBC.

Ҳар баҳор юзлаб ҳолландлар — эру-хотинлар, ёшлар ва қариялар Утрехтдан унча узоқда бўлмаган Амерсфорт ўрмонида йиғилишади.

Бу ерда улар нацистлар томонидан отиб ташланган, сўнгра ярим асрдан зиёд вақт унутиб юборилган 101 совет аскари хотирасига чироқ ёқишади.

Бу воқеа 18 йил олдин маълум бўлган эди. Ўшанда ҳолланд журналисти Ремко Рейдинг Россияда бир неча йил ишлаганидан сўнг Амерсфортга келади. У дўстидан шаҳардан нарироқдаги совет жангчилари қабристони ҳақида эшитиб қолади.

«Мен таажжубга тушдим, чунки шу вақтгача у ҳақида умуман эшитмаган эдим. — дея ҳикоя қилади Рейдинг. — Мен қабристонга бордим, гувоҳларни ахтариб, архивлардан материаллар тўплай бошладим».

Аниқланишича, бу жойда 865 нафар совет жангчиси дафн этилган экан. 101 нафар аскардан бошқа жасадлар Германия ёки Ҳолландиянинг бошқа ҳудудларидан келтирилган экан.

Бироқ 101 аскар — уларнинг ҳаммасининг исми номаълум — Амерсфортнинг ўзида отиб ташланган.

Уларни Германия совет иттифоқи ҳудудига бостириб кирганининг дастлабки ҳафталарида Смоленск остонасида асирга олишган ва нацистлар томонидан оккупация қилинган Нидерландияга пропаганда мақсадларида жўнатишган.

«Улар атайлаб, нацистик ғояларга қаршилик қилаётган ҳолландларга кўрсатиш учун осиёча кўринишга эга бўлган аскарларни йиғиб олишган, — дейди Рейдинг. — Нацистлар уларни untermenschen — чала инсон деб атаб, ҳолландлар бундай совет фуқароларини кўрса немислар тараф бўлиб қолади, деб ўйлашган».

Фото: Лагерь комменданти Карл Петер Берг 1949 йилда отиб ташланган.
NATIONAL ARCHIVES OF THE NETHERLANDS

Амерсфорт концлагерида немислар ҳолланд коммунистларини ушлаб туришарди — немислар айнан ўшаларнинг совет кишилари ҳақидаги фикрини ўзгартиришни мақсад қилишганди. Улар асирларни 1941 йил августидан бошлаб маҳаллий яҳудийлар билан бирга ушлаб туришган, сўнгра уларнинг барчасини бошқа лагерларга жўнатмоқчи бўлиб туришган.

Лекин режа иш бермаган.

91 ёшли Ҳенк Брукҳаузен — ҳалигача тирик бўлган камсонли гувоҳлардан бири. У ўспиринлик пайтида шаҳарга совет асирларини қандай ҳайдаб келишганини эслайди.

«Кўзимни юмсам уларнинг зўрға оёқ судраб келаётгани юзлари кўз олдимда гавдаланаверади, — дея ҳикоя қилади у. — Увада бўлиб кетган уст-бошда улар ҳаттоки аскарларга ҳам ўхшашмасди. Уларнинг фақат юзларини кўриш мумкин эди».

Фото: 91 ёшли Ҳенк Брукҳаузен

«Нацистлар уларни одамларга намойиш қилиб, шаҳарнинг бош кўчаси бўйлаб, вокзалдан концлагергача етаклашди. Уларнинг жуссалари кичик ва нимжон эди, оёқларига турли латталарни боғлаб олишганди. Баъзилари зўрға оёқ босар, ёнидаги шериклари суяб келишарди», — деб ҳикоя қилади Брукҳаузен.

Баъзи бир асирлар йўловчиларга қараб, имо-ишора қилиб, оч эканликларини билдирарди.

«Биз улар учун бироз нон ва сув олиб келдик, бироқ нацистлар уларни қўлимиздан уриб туширишди, — деб эслайди Брукҳаузен. — Немислар асирларга ёрдам беришимизга йўл қўйишмади».

Брукҳаузен бу асирларни бошқа умуман учратмаган ва улар билан концлагерда нима воқеалар рўй берганидан бехабар.

Рейдинг ҳолланд архивларидан материаллар йиғишни бошлаб юборади.

Унинг аниқлашича, асирларнинг аксарияти ўзбеклар бўлган экан. Лагерь раҳбарияти токи ССнинг русча гапира оладиган офицери келиб, уларни сўроққа тутгунга қадар бундан бехабар бўлган.

Фото: Таржимон Алсхер рус тилини Польшада ўрганган.
NATIONAL ARCHIVES OF THE NETHERLANDS

Рейдингнинг аниқлашича, уларнинг кўп қисми Самарқанддан бўлган. «Эҳтимол, улардан баъзилари қозоқ, қирғиз ёки бошқирд бўлгандир, бироқ катта қисми ўзбек бўлган», — дея аниқлик киритади у.

Рейдинг, шунингдек, лагерда марказий осиёлик асирларга лагерда бошқалардан кўра ёмонроқ муносабатда бўлишганини ҳам аниқлаган.

«Дастлабки уч кунда ўзбекларни лагерда овқатсиз, очиқ осмон остида, симтикан билан ўралган ҳудудда сақлашган», — дейди журналист.

«Немис съёмка гуруҳи бу «варварлар ва чала инсонлар» овқат учун бир-бирининг гўштини ейишини суратга олишга тайёрланган. Бу саҳна кўриниши пропаганда учун керак бўлган», — дея тушунтиради Рейдинг.

«Нацистлар оч ўзбеклар олдига бир буханка нон ташлайди. Немисларни таажжубда қолдириб, асирлардан бири нонни олади ва қошиқ билан тенг бўлади. Бошқалари сабр билан кутишади. Ҳеч ким урушмайди. Сўнг тенг бўлинган нонни ейишади. Нацистларнинг ҳафсаласи пир бўлади», — дейди журналист.

Фото: Ремко Рейдинг Амерсфортда ўлдирилган
865 совет аскаридан 200 нафарининг исмини аниқлаган

Лекин асирлар учун энг ёмони ҳали олдинда эди.

«Ўзбекларга лагердаги бошқа асирларга бериладиган хўракнинг ярим порцияси бериларди. Кимдир овқатини ўзбеклар билан бўлишмоқчи бўлса, жазо учун бутун лагер овқатсиз қолдириларди», — дея ҳикоя қилади ўзбек тарихчиси Баҳодир Узоқов. У Нидерландиянинг Гауда шаҳрида яшайди ва у ҳам Амертсфортдаги лагерь тарихи билан шуғулланади.

«Ўзбеклар овқат қолдиқлари ва картошка пўстлоғини ейишганда, нацистлар улар чўчқаларнинг емини егани учун калтаклашарди», — дейди у.

Рейдинг архивлардан топиб олган, лагер соқчиларининг ва асирларнинг хотираларига кўра, лагерда ўзбекларни доим калтаклаб туришган ва лагердаги энг оғир ишлар буюрилган: масалан, қаҳратон совуқда оғир ғиштлар, қум солинган қоплар ёки ғўлаларни ташитишган.

Архив маълумотлари Рейдинг томонидан ёзилган «Шарафли майдон фарзандлари» китоби учун асос бўлган.

Рейдинг томонидан аниқланган даҳшатга солувчи воқеалардан бири — лагерда ишлаган врач Николас ван Нювенҳаузен ҳақида ҳикоя қилади.

Икки ўзбек ўлиб қолгач, у бошқа асирларга мурдаларнинг бошини танасидан жудо қилиб, бош чаноғи топ-тоза бўлгунга қадар қайнатишни буюради, дейди Рейдинг.

Фото: Доктор Николас ван Нювенҳаузен урушдан сўнг
10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади

«Врач бу бош чаноқларини ўрганиш учун ўзининг ёзув столи устига жойлаштиради. Қандай бедодлик!» — дейди Рейдинг.

Очлик ва оғир меҳнатдан силласи қуриган ўзбеклар сичқон, каламуш ва ўт-ўланларни ея бошлашади. Улардан 24 нафари 1941 йилнинг қаҳратон қишига дош бермайди. Қолган 77 нафари бирор ишга ярамай, шунчалик заифлашиб қоладики, уларнинг кераги бўлмай қолади.

1942 йилнинг апрель ойи кунларидан бирида, эрта тонгда асирларга Франция жанубига, иссиқроқ лагерга жўнатилишларини айтишади.

Аслида эса, уларни яқинроқдаги ўрмонга элтиб, отиб ташлашади ва ҳаммасини битта чуқурга кўмишади.

«Уларнинг баъзилари йиғлар, иккинчилари шеригини қўлини маҳкам сиқиб, ўз ўлимига тик қараб турарди. Қочишга уринганларини немис аскарлари қувиб етиб отиб ташлашади», — дейди Рейдинг, отувнинг гувоҳи бўлган соқчилар ва ҳайдовчиларнинг хотираларига асосланиб.

«Фараз қилинг, сиз муаззин азон айтиб, намозга чорловчи, шамол қум ва чангни учириб бозор майдонида ўйнатувчи, кўчалардан турли ноз-неъматларнинг ҳиди анқиб турган ўз ватанингиздан 5 минг километр наридасиз. Сиз ўзингизга бегона юрт тилини билмайсиз, улар эса сизни тушунишмайди. Сиз нега бу инсонлар сизга ҳайвонга қилинадиган муомалани қилишаётганини тушунмайсиз».

Бу асирларнинг шахсини аниқлаштирувчи маълумот жуда кам. Нацистлар 1945 йилнинг майида чекина туриб, лагерь архивига ўт қўйишган.

Икки эркак тасвирланган фақат битта фотосурат сақланиб қолган, лекин уларнинг исми ёзилмаган.

Амерсфорт лагеридаги ўзбек асирлари

Ҳолланд асири томонидан қўлда чизилган тўққизта суратдан иккитасида исми ҳам ёзилган.

«Исмлар нотўғри ёзилган, лекин оҳангидан ўзбек исм-фамилияларига ўхшайди», — дейди Рейдинг.

«Бир исм Кадиру Хатам, иккинчиси Муратов Зайер деб ёзилган. Аслида биринчи исм - Қодиров Ҳотам, иккинчиси — Муротов Зоир бўлса керак».

Фото: Ҳотам Қодиров ва Зоир Муротов

Мен ўзбек исмлари ва уларнинг осиёча кўринишини дарҳол таниб оламан. Қўшилиб кетган қошлар, меҳрибон кўзлар, ярим аслзода юз кўринишлари — буларнинг бариси менинг мамлакатимда чиройли деб ҳисобланади, — дейди Баҳодир Узоқов.

Бу портретлар ёш йигитларники, кўринишидан улар 20 ёшлар атрофида ёки ёшроқ ҳам бўлиши мумкин.

Эҳтимол, уларнинг оналари келин топиб қўйган, оталари эса тўй учун жонлиқ боқаётган бўлгандир. Бу орада эса уруш бошланган.

Балким уларнинг орасида менинг ҳам қариндошларим бўлгандир. Менинг икки амаки бобом ва рафиқамнинг бобоси урушдан қайтмаган.

Баъзан менга боболаримиз немис қизларига уйланиб, Европада қолишга қарор қилишган, деб айтишарди. Бу чўпчакларни бувиларимиз ўзини хотиржам қилиш учун ўйлаб топишган, албатта, — дейди Баҳодир Узоқов.

Урушда жанг қилган 1,4 миллион ўзбекдан учдан бири урушдан қайтмаган ва камида 100 минг нафари бедарак кетган, деб ҳисобланади.

Фото: Ҳотам Қодиров (чапда) ва номаълум асир,
балким яна ўша Зоир Муротов тасвирланган сурат

Нега Амерсфортда отилган ўзбек аскарларидан ўша исми маълум иккитасидан бошқалари шу вақтгача таниб олинмаган?

Бош сабаблардан бири — иккинчи жаҳон уруши ўрнини эгаллаган ва Ғарбий Европа ҳамда СССРни ғоявий душманларга айлантирган совуқ уруш.

Ўлдирилган ўзбек аскарларини аввалига биродарлик қабристонидан, оддий қабристонга, сўнгра совет жангчилари учун ажратилган махсус қабристонга олиб ўтишган.

Рейдинг эса таслим бўлмоқчи эмас: у отиб ташланганларнинг исмларини ўзбек архивларидан қидириб кўрмоқчи.

«Тирик қолган ёки совет ҳукуматида ўлими ҳақида бирор маълумот бўлмаган совет аскарлари ҳақидаги ҳужжатлар, КГБнинг маҳаллий бўлинмаларига жўнатилган. Афтидан, 101 нафар ўзбек аскари ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон архивларида сақланаётган бўлиши мумкин», — дейди Рейдинг.

«Агар уларга рухсат ололсам, улардан баъзиларини аниқлай олишим мумкин», — дея ўзига ишонмоқда Ремко Рейдинг.

Мавзуга оид