Ўзбекистон | 17:00 / 07.06.2024
8695
6 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди

Фото: Тошкент давлат иқтисодиёт университети

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030 стратегияси тўғрисида”ги ПФ-158-сон Фармонида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, Президентнинг 2024 йил 7 февралдаги “Иқтисодиёт соҳалари учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-62-сон Қарорида ҳам илмий фаолиятни жаҳон стандартлари асосида ташкил этиш, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада ошириш, илғор хорижий тажрибага эга илмий-педагогик кадрларни кенг жалб этиш каби масалалар устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад – таълим дастурларини халқаро талаб ва стандартларга мослаштириш, илғор хорижий тажрибаларни мамлакатимиз таълим тизимига жорий этиш ҳамда шу асосда бозор талабларига жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида юқорида келтирилган вазифалар ижросини таъминлаш, бугунги меҳнат бозорига рақобатбардош кадрлар тайёрлашда сифатли ва халқаро стандартларга мос таълим бериш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Амалий саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 5 та бакалавриат таълим йўналиши: молия, банк иши ва аудит, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, иқтисодиёт ва суғурта иши Аккредитация ва рейтинг мустақил агентлиги (ИААР(ҲААП)) томонидан ишлаб чиқилган стандартларга мувофиқ халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтди. Халқаро аккредитация агентлигининг сертификатини олиш бу — университетнинг таълим сифати даражаси бўйича халқаро миқёсда эътироф этилишидир. Энди ТДИУ бакалавр дипломини олган битирувчи шу дипломи билан Европа мамлакатларидаги исталган ОТМ магистратурасида таҳсил олиши мумкин. Агентлик экспертлари, бевосита, аккредитацияга жалб этилган таълим йўналишларида таълим олаётган талабалар ва дарс машғулотларини олиб бораётган профессор-ўқитувчилар билан таълим жараёнини ташкил этиш ва унинг сифати юзасидан суҳбатлар уюштирган. Шунингдек, халқаро экспертлар университетнинг аккредитациядан ўтаётган таълим йўналишларини тамомлаган собиқ битирувчилари билан ҳам интервьюлар ўтказган. Корхона ва ташкилотларга ташриф буюриб, бевосита иш берувчилар билан халқаро экспертлар ўртасида бўлиб ўтган мулоқотлар натижалари таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Аккредитация ва рейтинг мустақил агентлиги (ИААР(ҲААП)) вакили томонидан университетнинг тегишли таълим йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтганлигини тасдиқловчи сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Аккредитация ва рейтинг мустақил агентлиги (ИААР(ҲААП)), Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, республикамизда фаолият кўрсатаётган бошқа олий таълим ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққанлар университет таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан муваффақиятли ўтганлиги таълим соҳасини модернизациялаш, таълим жараёнини янги технологиялар асосида ташкил этиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол натижаси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Қайд этиш жоизки, университетда ҳозирда барча таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлар бўйича халқаро рейтинглардаги ТОП-300 таликка кирувчи университетларнинг ўқув режалари ва фан дастурлари асосида янги малака талаблари, ўқув режалар ва фан силлабуслари ишлаб чиқилган. Испаниянинг Барселона университети, Буюк Британиянинг Лондон иқтисодиёт мактаби ҳамда Манчестер университети, Испаниянинг Валенсия университети ва Буюк Британиянинг Суррей университети кабилар шулар жумласидандир. Тошкент давлат иқтисодиёт университети миллий ва халқаро рейтингларда юқори ўринларни қайд этиб келмоқда, хусусан, университет QS Stars рейтингида 5 юлдуз олган Марказий Осиёда иккинчи ва Ўзбекистонда биринчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. QS WUR Asia рейтингида Осиё қитъасида 401-ўринни, Марказий Осиё ОТМлари орасида 23-ўринни, Ўзбекистон ОТМлари орасида 3-ўринни қайд этган. Университетда Буюк Британия, Австрия, Индонезия, Россия ҳамда Беларус давлатлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этилган. Ҳозирги кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университети чет мамлакатларнинг 250 дан ортиқ олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик битимлари асосида иш олиб бормоқда. Университетда 14 та факультет ҳамда 38 та таълим йўналишлари мавжуд бўлиб, ҳозирда жами 45 мингга яқин талабага сифатли таълим хизматлари кўрсатилмоқда. Университет қошида 2 та академик лицей ва 6 та техникумда профессионал таълим берилмоқда. Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2500 га яқин профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда ва уларнинг илмий салоҳияти 60 фоизни ташкил этади. Ўқув жараёнлари тўлиқ халқаро стандартлар асосида, таълимнинг кредит-модуль тизимида ташкил этилган. Ҳар бир таълим йўналишида инглиз тилида дарс жараёнларини олиб боришга ихтисослашган гуруҳлар ташкил этилган. Университетда “фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси” узлуксизлигини таъминлаш юзасидан соҳа ишлаб чиқариш ташкилотларида кафедра филиаллари ташкил этилган бўлиб, талабалар бевосита ўз мутахассисликлари бўйича турли тижорат банклари, молия ташкилотлари, суғурта компаниялари, бюджет ташкилотларида “5+1” форматида амалий машғулотлар олиб боришади. Университет битирувчиларига мамлакатимизнинг молия-иқтисод ва бошқа соҳаларида талаб юқори эканлиги билан аҳамиятлидир. Битирувчиларнинг иш билан таъминланиш кўрсаткичи ўртача 98 фоизни ташкил этмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, Тошкент давлат иқтисодиёт университети таълим йўналишларининг халқаро аккредитациядан ўтганлиги мазкур таълим йўналишларининг халқаро миқёсда тан олиниши ҳамда таълим сифатининг янги босқичга кўтарилганлигидан дарак беради.

Реклама

Мавзуга оид