Ўзбекистон | 19:21 / 28.08.2019
12490
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонни 2030 йилгача ўртадан юқори давлатлар сафига киритувчи концепция ишлаб чиқилди — Вазир ўринбосари

Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида «Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси» доирасида халқаро экспертлар ва тегишли вазирликлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу давра суҳбатида Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Жасур Ариповнинг таъкидлашича, узоқ муддатли барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 5та устувор йўналиши бўйича «Ҳаракатлар стратегияси»нинг мантиқий давоми сифатида «Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси» ишлаб чиқилган.

«Бирлашган Араб Амирликлари,  БМТ, БМТ тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки экспертлари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда муҳокамалари ўтказилиб, уларнинг таклиф ва тавсиялари асосида концепция такомиллаштирилиб, 2030 йилгача Ўзбекистонни ўртадан юқори давлатлар сафига киритишнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинган», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, концепция доирасида қилинадиган асосий ишлар дастури белгилаб олинган:

  • макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш;
  • бозор иқтисодиётига ўтишни тезлаштириш;
  • фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ва хизматини мустаҳкамлаш, демографик омилнинг ўсишини самарали иқтисодий ўсишга айлантириш,
  • кучли бозор иқтисодиётида давлатнинг ролини такомиллаштириш;
  • минтақавий омилдан самарали фойдаланиш;
  • иқтисодий ўсиш ва таркибий ўзгаришларни таъминлашда аниқ мақсадли инвестиция сиёсатини олиб бориш;
  • атроф-муҳитдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
  • Концепция инсон капиталини ривожлантиришнинг янги модели, натижага асосланган инвестиция сиёсати ва ҳудудлар потенциалидан самарали фойдаланишни мақсад қилган.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси»   доирасида берилган маълумотларга қараганда, 2030 йилда Ўзбекистон аҳолиси 39 миллионга етиши тахмин қилинмоқда.

Агар ушбу ҳужжат амалга оширилса, 2018 йилда 14,3 фоиз дея қайд этилган инфляция кўрсаткичи 2030 йилда 4,3 фоизга тушиши, мамлакатга келувчи туристик оқим 4,8 миллиондан 7,2 миллионга ошиши, аҳоли жон бошига даромад, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва саноат соҳаларида ривожланиш кузатилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, концепция самарали ижтимоий ҳимоя механизмини жорий этишни ҳам кўзда тутади. Бу пенсия ислоҳотлари, ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш, ижтимоий суғурта жорий қилиш ва ижтимоий хизматларни яхшилаш кабиларни қамраб олади.

Иқтисодиёт ва бизнесда давлат ролини камайтириш, давлат-хусусий шериклигини кучайтириш, маҳаллий ҳукуматларнинг ролини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Концепцияда саноатни ривожлантириш масаласига ҳам урғу берилган. Фармацевтика, кимё саноати, ёқилғи ва энергитика, машиналар ва металлургия саноати, енгил саноат, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва ичимлик ишлаб чиқаришни, уларнинг самарадорлигини ошириш режа қилинмоқда.

Юқоридаги мақсадлар 2030 йилгача режалаштирилган бўлса-да, Ўзбекистон шароитида буларнинг айримларига эртароқ – 4-5 йилда ҳам эришиш имкони бўлиши мумкинлиги ҳам таъкидланди. 

Мавзуга оид