Ўзбекистон | 21:11 / 25.09.2019
35251
2 дақиқада ўқилади

«Оскар» учун курашадиган ўзбек фильми эълон қилинди 

Ўзбекистон Оскар қўмитаси навбатдаги “Оскар” мукофотининг “Энг яхши халқаро бадиий фильм»  йўналишига Ўзбекистондан илгари суриладиган фильмни эълон қилди. 

«Оскар»  мукофоти учун Умид Ҳамдамовнинг “Иссиқ нон” фильми курашади.

90-«Оскар» тақдимоти 2020 йил 9 февралда Лос-Анжелесдаги Dolby театрида бўлиб ўтади.

“Иссиқ нон” фильми XXVIII “Киношок” фестивалининг бош совринини қўлга киритганди. Фильмда суратга тушган Феруза Саидова фестивалнинг энг яхши аёл актрисаси совринига муносиб топилганди. 

“Иссиқ нон” фильми ҳаётда бўлган воқеаларга асосланган. Унда ота-онаси тирик бўла туриб мактаб-интернатга тушиб қолган қизча ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу воқеа режиссёр кўз ўнгида содир бўлган, унинг қаҳрамонлари билан режиссёр шахсан учрашган. Фильмдаги бош қаҳрамон – турмуш ўртоғи Россияга кетиб қайтиб келмаган ёш аёл – режиссёрнинг қариндоши бўлиб, унинг ролини Феруза Саидова ижро этган.

Аёлнинг эри Россияда бошқа аёлга уйланган. У эрининг ортга қайтмаслигини билади, у энди фақат болалари учун яшайди. Аёл доривор ўтлар йиғиб сотади, ҳар куни нон ёпиб дўконга топширади.

Ўзбек кино ижодкорлари орасида Умид Ҳамдамов биринчилардан бўлиб ушбу долзарб муаммони кўтариб чиқди. Шу вақтга қадар чет элларга ишлаш учун чиқиб кетаётган  эркаклар туфайли оилалар бузилаётгани ҳақида ҳеч ким гапирмаган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид