Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтказилади — Вазир ўринбосари
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосан Республикадаги барча Олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтказиб борилади.
Бугун, 17 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги раҳбарияти ва олий ўқув юртлари ректорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда мутасаддилар томонидан Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот тақдим этилди, шунингдек, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. Тадбирда ўтган йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бакалавр ва магистратура босқичлари учун тўлов-контракт миқдорини икки баробарга оширилгани, бу тизим бошқа университетларда ҳам жорий қилиниши борасида фикрлар айтилаётгани ҳамда бу тахминлар қанчалик тўғри эканлиги борасида савол билан мурожаат қилинди.
«Концепциянинг 6-бандида Олий таълим муассасаларини молиявий мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлаш ҳамда моддий-техник базасини таъминлаш йўналишлари кўрсатилган.
Унга кўра, Олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтади.
Тўғри, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида тўлов контракт миқдори икки баробар оширилди, лекин бу дегани ҳали университет ўзини-ўзи тўла молиялаштира оляпти, дегани эмас.
Тўлов суммаси оширилди, лекин асосий харажатларимизни барибир бюджет ажратяпти. Яъни, моддий техник базани мустаҳкамлаш, ўқув адабиётлар билан таъминлаш, хорижий мутахассисларни жалб қилиш, талабаларни турар-жой билан таъминлаш каби масалаларга кетадиган маблағ учун контрактлар ва бюджетдан тушадиган маблағ етмаяпти», дея Олий таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Маълумот учун, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ЖИДУнинг бакалавриати (22,1 миллион сўмгача) ва магистратурасида (24,3 миллион сўмгача) тўлов-контракт асосида таълим олиш икки баробарга оширилган эди.
Мавзуга оид
21:36 / 07.10.2020
Табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари эълон қилинди
22:54 / 19.08.2020
Масофавий таълимга ўтиш контракт камайишига сабаб бўлмаслиги тушунтирилди
18:05 / 19.08.2020
Ижтимоий ҳимояга муҳтож талабага ёрдамни ОТМ раҳбарияти эмас, талабалар кенгаши ажратади – вазир ўринбосари
19:38 / 18.04.2020