Ўзбекистон | 21:09 / 25.08.2025
2111
4 дақиқада ўқилади

Алоқа сифати мониторинги, сифатсиз товарлар хабари ва божхонадаги фириб – маҳаллий дайжест

Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилади, у оператор ва провайдерлар кўрсатаётган хизматлар сифатини мониторинг қилиб боради. Сифатсиз товарлар ҳақида хабар берган харидорлар рағбатлантирилиши мумкин. Фарғонадаги «Водий» божхона постида товар кодларини арзонроғига алмаштириш орқали камроқ бож тўлашга уринган шахслар аниқланди. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Телекоммуникация операторлари хизмати сифати мониторинг қилинади

«Телекоммуникациялар соҳасида тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига кўра, Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги ташкил этилади.

Янги агентлик мустақил идора бўлиб, Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлади. Агентлик оператор ва провайдерлар кўрсатаётган хизматлар сифатини ойига камида 1 марта мониторинг қилиб боради.

Сурхондарёда қиймати 140 млрд сўмлик экотуризм комплекси қурилади

Экотуризм маркази Қумқўрғон туманида жойлашган Жанубий Сурхон сув омбори ҳудудида барпо этилади. Лойиҳа доирасида яшил майдонлар, экологик талабларга мос йўл ва инфратузилмалар барпо этиш ҳамда оқова сувларни тозалаш тизими қурилиши таъкидланмоқда.

Лойиҳа вилоятда тоғли рекреацион ҳудудлар, сув омборлари, кўллар ва дарё соҳиллари имкониятларидан самарали фойдаланиб, табиатга зиён етказмаган ҳолда экотуризмни ривожлантиришга мўлжалланган.

Сифатсиз товарлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

«Бозор назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Қонуннинг мақсади ноозиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш устидан бозор назоратини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат экани таъкидланмоқда.

Қайд қилинишича, муомалага киритилган маҳсулотнинг мажбурий талабларга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган иқтисодий операторлар 10 кун ичида бу ҳақда бозор назорати органига хабар қилиши шарт.

Бундан ташқари, харидорлар ҳам бу ҳақдаги маълумотни бозор назорати органига юборишга ҳақли. Қонунчиликда ушбу шахсларни молиявий рағбатлантириш назарда тутилиши мумкин.

Ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби белгиланди

Қонунга кўра, ҳомийлик хайрияларини йиғиш муайян ҳомийлик олувчиларнинг манфаатларини кўзлаб, олдиндан эълон қилинган муддат давомида амалга оширилади. Шунингдек, ҳомийлик ташкилотлари томонидан ҳомийлик хайрияларини нақд пул шаклида йиғиш фақат хайрия қутиси ёрдамида амалга оширилади.

Ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузиш фуқароларга БҲМ 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Божхонада фириб ишлатишга уринганлар аниқланди

Фарғонадаги «Водий» божхона постида товар кодларини арзонроғига алмаштириш орқали камроқ бож тўлашга уринган шахслар аниқланди.

Қайд қилинишича, хориждан келтирилган 2876 дона монитор божхона кўригидан ўтказилганида, кўрсатилганидек «суюқ кристалли дисплей» эмас, аксинча «суюқ кристалли рангли монитор» экани маълум бўлган.

Таъкидланишича, қиймати 2,6 миллиард сўмдан зиёд бўлган мониторлар расмий импорт қилинганида, давлат бюджетига қўшимча 350 миллион сўм божхона тўловлари ундирилган бўлар эди. Ушбу маблағлар билан энг кам пенсия оладиган 44 нафар фуқарони бир йил давомида пенсия билан таъминлаш мумкин.

Мавзуга оид