Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон миллий кутубхонасида Тоғай Мурод хотирасига бадиий кеча ўтказилади
Фото: Tafsilot.uz
Адабиётда бой мерос қолдирган ижодкорлар кўп, аммо улар орасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг ўз сўзи, ҳеч кимникига ўхшамайдиган йўли бор. Ёзувчининг “Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Момо ер қўшиғи” қиссалари, “Отамдан қолган далалар”, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” номли романларини ўқиганда ҳар бирида халқимизнинг бир дарди, бир ҳақиқати борлигига амин бўламиз. Бу ёзувчи фақат унвонидагина эмас, юрагида ҳам халқ бор бўлган том маънодаги ижодкор бўлганига амин бўламиз. Аммо ҳар қандай замонда ҳам ижодкорга осон бўлмаган. Шоир Норқобил Жалил Тоғай Мурод ҳақидаги хотираларида шундай ёзади: “У киши билан сўнгги марта, ўлимидан бир ҳафтача аввал гаплашдик. Уйида ёлғиз ўзи экан. Менимча, зерикиброқ турган эканми ё кайфияти чоғмиди, билмадим, бир соатча сўзлашдик. Мен эса хижолат бўлиб гап орасида: “Ака, узр энди, вақтингизни олдим”, десам ҳам негадир ҳеч хайрлашгиси келмади. Ўша куни мен ҳам нимадандир қаттиқ сиқилиб, Тоғай акага дардларимни айтиб бердим. Шунда у киши: “Эсингдами, бундан саккиз йилча аввал сенга бир гапни айтувдим. Яна такрорлайман, у қулоғинггаям, бу қулоғинггаям қуйиб ол, ҳали эслаб юрасан, акам бекорга бу гапларни айтмаган экан, деб. Айримлар бор мен билан ҳам, сен билан ҳам ошнам, дўстим, оғам деб ўпишиб, қучоқлашиб кўришади ва сал нарига бориб изимиздан минг хил фисқу фасод, иғво тарқатишади. Парво қилма, ундайлар билан ўчакишиб ўтирма, қўявер. Ўзингга ишон. Яна бир гапни айтайин, одам аҳён-аҳён бўлса-да, ўзи билан ўзи гаплашиб, дардлашиб туриши керак экан. Қачонки майда-чуйда гап-сўзларга ўралашиб қолган бўлсанг, ўзинг ҳам майда одамга айланасан. Бир шеърингда “Олти йил яшадим Ёлғизлик билан”, деб ёзибсан-ку. Биз ҳаммамиз қисматнинг одамларимиз. Нимадир ёзаман, яратаман, деб қишлоқдан кечиб келганмиз. У ёқда сену менга кўз тикиб ўтирган қанча қоракўзлар бор. Шуларнинг юзини ерга қаратмайлик…”, дея узоқ насиҳат қилди”.
“Ўзбек халқига ҳайкал қўяман”, дея ният қилган забардаст ижодкор — Тоғай Мурод тирик бўлганида етмиш ёшга кирарди. Эртага, 2 февраль куни соат 15:00да Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ёзувчи таваллудининг етмиш йиллигига бағишланган Хотира кечаси бўлиб ўтади. Унда ёзувчининг замондош дўстлари, машҳур шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар иштирок этишади. Барча адабиёт шинавандалари таклиф этилмоқда.
Мавзуга оид
16:40 / 09.10.2025
Адабиёт бўйича Нобел мукофоти венгриялик ёзувчига берилди
20:35 / 09.08.2025
“Мен қайтиб келаман” – ўзбекнинг сўнмаган умиди ҳақида оғриқли ҳикоя
14:13 / 19.06.2025
Малайзия Ўзбекистонга 20 минг долларлик илмий адабиётларни тақдим этди
21:59 / 21.03.2025