Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суриштирув: Вафот этган солиқчи – Каттақўрғон ЙПХ ходимлари бўғиб қийнаган биринчи фуқаро эмас
Каттақўрғонда 41 ёшли солиқ мулозими ички ишлар ходимлари томонидан мажбуран олиб кетилиш жараёнида вафот этди. Kun.uz журналистик суриштируви ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ва вазирлик баёнотига нисбатан айрим саволлар борлигини кўрсатмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган дастлабки хабарларда туман ИИБ ЙҲХ бўлинмасининг 4 нафар ходими Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари, 41 ёшли Азизбек Аҳмедовга нисбатан ҳаддан зиёд куч ишлатганлиги сабабли унинг ўлимига сабаб бўлгани айтилди.
Марҳумнинг яқинлари бу машъум ҳодисада туман йўл патрул хизмати ходимларини айблашмоқда.
Прокуратура ҳолат юзасидан ЖКнинг 206-моддаси (Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатган.
Kun.uz Каттақўрғон туманида бўлиб, марҳумнинг касбдошлари ва яқинлари билан учрашди, воқеа хронологиясини тиклашга ҳаракат қилди.

Каттақўрғон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Акбарали Қулмирзаев ўз ўринбосари ишда намунали ходим бўлгани, ҳеч қачон соғлиғидан шикоят қилмагани, ҳаттоки ковидга учрамаганини айтиб ўтди.

Қулмирзаев воқеа иш вақтида содир бўлмагани ва бошлиқ воқеа устида бўлмагани сабабли, бошқа тафсилотларни маълум қила олмаслиги, ҳолат бўйича тергов олиб борилаётганини билдирди.
Биз Азизбек Аҳмедов туғилиб ўсган ва тупроққа қўйилган Қўшҳовуз маҳалласидаги Толбулоқ қишлоғига бордик. Аза тутилган хонадон. Ҳамманинг боши эгик.
Марҳумнинг амакиси Исомиддин Жамолов жияни 20 йилдан буён солиқ идораларида ишлаб келгани, у шу вақтгача бирорта таблетка ичмаган ва ҳеч қачон соғлигидан шикоят қилмаган бақувват йигит бўлганини кўзида ёш билан таъкидлади.
Воқеа қандай содир бўлган?
Гувоҳларнинг сўзига кўра, 9 июндан 10 июнга ўтар кечаси соат тахминан 12:20 – 12:50ларда Каттақўрғон туман марказига ёндош Кадан шаҳарчасидаги 4R-243 – Пайшанба–Каттақўрғон йўлининг 7-километрида ЙПХ ходимлари – туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи, лейтенант Меҳриддин Қўчқоров, катта сержант Шуҳрат Холиқулов, кичик сержант Нодир Исмоилов, кичик сержант Шаҳбоз Раҳимбердиев Азизбек Аҳмедов бошқарувида бўлган 30 B 572 RA рақамли «Cobalt» автомашинасини 30 X 577 SA рақамли «Spark» автомобилида қисиб тўхтатишади. Чунки Кобальт светофорнинг қизил чироғида чорраҳани кесиб ўтган эди.

Машина тўхатилган жой – Кадан шаҳарчасидаги 1-сонли касб ҳунар мактаби рўпараси. Бу маскан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2-сектор штаби ҳам ҳисобланади.

Гувоҳларга кўра, 2-сектор штаби олдида 3- ва 4-сектор аъзолари қарийб бир соат торта-торт қилишади. Спиртли ичимлик ичганликда гумон қилинган, жисмонан бақувват Азизбек Аҳмедовни тиббий текширувга мажбурий олиб боришга тўрт нафар ЙПХ ходимининг кучи етмайди. Марҳумнинг яқинлари тахминига кўра, Аҳмедовни тинчлантириш учун унга нисбатан бўғиш самбо қўлкураши усули қўлланилади, унинг бошини пастга босишади. Нафас етишмовчилигидан ўлим содир бўлади.
ИИВ вакилларига кўра, Аҳмедовнинг машинадан тушиб қочмоқчи бўлганида югургани, ундан кейинги узоқ жисмоний тортишув, ҳавонинг димлиги ва Аҳмедовнинг спиртли ичимлик ичгани воқеанинг аянчли якун топишида муҳим рол ўйнаган.
Вазирлик муносабатидаги чалкашликлар
Ички ишлар вазирлиги расмий муносабатида билдиришича, Азизбек Аҳмедов ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлган. Расмий изоҳда 4R-243 йўлининг 7-километрига етганида ҳайдовчи «Cobalt»ни йўлнинг қатнов қисмининг ўртасида тўхтатиб, машинани ташлаб, пиёда қочишга урингани айтилади.
Лекин биз қўлга киритган, ўша кунги воқеага оид ИИБ тезкор хабарномасида Азизбек Аҳмедов тўхташ ишораси берилганидан сўнг тўхтагани, у ЙПХ ходимларидан ўзига азоб бермасликни бақириб сўраганидан сўнг ҳам ЙПХ ходимлари унга нисбатан куч ишлатишда давом этиб, юзини пастга қаратган ҳолда машинанинг орқа ўриндиғига босиб туришгани, шундан сўнг қисқа муддатда ўлим юз бергани қайд этилган.
Ҳа, ИИБ вакиллари таъкидлаётганидек, ҳайдовчи маст бўлгандир, лекин нега унга нисбатан куч ишлатилган? Воқеа узоқ қишлоқда эмас, қарийб туман марказида – Азизбек Аҳмедовнинг ишхонасидан тўғри йўл бўйлаб 965 метр нарида содир бўлмоқда. Бундай ҳолатларда туман ИИБдан ёрдамчи куч чақирса бўлар эди-ку?
Қолаверса, ҳушидан кетган инсонни ЙПХ ходимлари тез ёрдамни кутмасдан, воқеа жойидан 750 метр нарида бўлган касалхонага зудлик билан олиб бориши мумкин эди-ку?!
Марҳумнинг қариндошлари унинг жасадида куч ишлатилганлик излари борлигини таъкидлашди. Чунончи, маййитни ювган қариндошлар унинг икки қўлида бармоқ излари, бўйнида ва юзида шилинган жароҳатлар борлигини айтишди.
ЙПХ ходимларининг яширин кузатуви
Ўринли савол туғилади: нега Кадан шаҳарчасида 4 нафар ЙПХ ходимлари сигнал чироқлари бор хизмат машинасида эмас, шахсий машинада патруллик қилаётган эди?
Улар нима мақсадда бундай йўл тутишган? Энг қизиғи, бу ЙПХ ходимлари ичида Каттақўрғон туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Меҳриддин Қўчқоров ҳам борлиги.
Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Саъдуллаевнинг тушунтиришича, 2021 йилнинг ўтган даври ичида Каттақўрғон туманида жиноятчилик даражаси ошган, 14 та автоҳалокат содир бўлган ва уларнинг 2 таси ўлим билан тугаган. Шу сабабли туманда тунги патруллик кучайтирилган. Ходимларнинг шахсий автомашиналаридан ҳам хизматда фойдаланишга рухсат берилган. Чунончи, ўша куни ЙПХ ходимларининг хизмат дислокацияси бўлган.
Шу ўринда савол туғилади. Қарийб ярим йил ичида бир тумандаги 2та ЙТҲ ўлим билан тугагани ЙПХ ходимларига хизмат учун шахсий автомобилидан рухсат бериш даражасидаги ҳолатми?
Айрим тахминларга кўра, Аҳмедовнинг ўз ўртоқлари билан ошхонада ўтиргани ва спиртли ичимлик ичгани ҳақида ЙПХ ходимларига яширин тезкор маълумот етказилган. Улар солиқчини атайлаб пойлаб турган бўлишгани эҳтимолига терговда диққат қаратилиши мақсадга мувофиқ.
Бодикамера тасвирлари
ИИВ ходимлардан бирининг боди-камерасидан олинган тасвирларни эълон қилди. Видеодан ходимларнинг ҳайдовчига нисбатан муомаласи ёмон бўлмаганини кўриш мумкин, лекин барибир саволлар етарлича.
Биринчидан, ИИВ расмий муносабатида таъкидланган ҳолат – Аҳмедовнинг тўхтамасдан қочгани бу видеода кўринмаган.
Иккинчидан, тасвир узлуксиз эмас, унда кесилган ва монтаж қилинган жойлар бор.
Учинчидан, бизга маълум бўлишича, ўша куни 4 нафар ходимдан 3 кишининг бодикамераси ишламаган. Кимникидир ечиб қўйилган бўлган, яна иккитасининг батареяси ўтириб қолган.
Бу биринчи бўғиш эмас
Толбулоқликлардан бири ушбу машъум ҳодисадан 6 кун муқаддам, 4 июнь куни икки нафар ЙПХ ходими – Шаҳбоз Раҳимбердиев ва Шуҳрат Холиқуловнинг жисмоний босимига дучор бўлганини айтади.
Зулфиқор Хонназаровга кўра, ЙПХ ходимлари уни ҳам шахсий «Матиз» машинасида йўлини қисиб тўхтатишган ва тўқнашув содир бўлган. У ЙПХ ходимлари тан жароҳати етказгани, унинг бўйнидан қўл билан сиқиб, ҳушидан кетар даражага олиб келишганини ҳикоя қилиб берди.
Марҳумнинг қариндошлари интернетда эълон қилинаётган ҳар бир хабар ва мақолаларни синчковлик билан кузатишмоқда. Марҳумнинг амакисига кўра, таъзияга вилоятдаги сектор раҳбарлари келиб, ҳолат тўлиқ қонуний ўрганиб чиқилишига ишонтиришган.
Ўша куни Каданда рўй берган воқеани ўз кўзи билан кўрган гувоҳлардан бири марҳумнинг яқинларига воқеа қандай бўлганини ҳикоя қилиб берган.
Унинг сўзларидан, ЙПХ ходимлари ва солиқ идораси ходимлари ҳеч қандай ҳақоратли сўзлар ишлатишмаган. Гувоҳ ЙПХ ходимлари Аҳмедовнинг машинасини жарима майдончасига жойлаштириб, ўзини «Спарк» машинасига мажбурлаб миндирмоқчи бўлишгани, оқибатда ҳайдовчи ўлиб қолганини айтади. Гувоҳнинг сўзларидан хулоса қилинса, «Cobalt» автомашинаси қисиб тўхтатилганидан бошлаб, «тез ёрдам» машинаси келиб, солиқчининг ўлимини қайд этгунгача 40-45 дақиқа вақт ўтган.
Қора қилмишми ё қора куч?
Ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари кетмоқда. Азизбек Аҳмедовнинг ўлими ташқи куч таъсирида рўй бергани экспертиза хулосалари орқали исботлансагина ИИБ ходимларига қатъий чора кўрилиши мумкинлиги айтиляпти.
Кимга қийин, Азизбекнинг яқинларига, жигарларига қийин. Азизбекнинг отаси 48 ёшида автоҳалокат туфайли оламдан ўтган экан. Онаизор 10 та етим фарзандни ўзи катта қилиб, оёққа турғизган. Азизбекнинг бир синглиси ҳам 2011 йилда эрта оламдан ўтган экан. Сингилнинг икки нафар норасида фарзанди ҳам унинг қарамоғида эди. Марҳумнинг вояга етмаган 2 нафар фарзанди – ўғли ва қизи ҳам бор.
10 етимни катта қилган она энди пенсия ёшига етганда, 4 невараси ҳам боқувчисидан ажралиб, етим қолди...
Сабаблар эса — йўлларда ҳаракатланиш қонун-қоидаларига беписандлик ва эҳтимолки, орган ходимларининг ваколатларидан четга чиқиши ҳам эмасмикин?
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
13:33 / 11.03.2025
Самарқанд вилоятида учта тарихий масжид бузиб ташланди
10:59 / 11.03.2025
Каттақўрғонда эшак сўйиб, гўштини сотиб келган шахслар аниқланди
13:30 / 28.02.2025
Узун туман ИИБда фуқаро вафот этиши билан боғлиқ ҳолатни прокуратура ва Омбудсман ўрганмоқда
18:12 / 03.08.2024