Жаҳон | 17:17 / 12.10.2025
9208
13 дақиқада ўқилади

Трамп урушни тугатди, Ким «Америкагача борадиган» ракета кўрсатди – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 12 октябр, якшанба. Ортда қолаётган ҳафта тарихий бўлди. АҚШ президенти Трампнинг босими билан Ғазодаги уруш тугади. Энди чиндан тугади. Трамп Исроилни ҳам, ҲАМАСни ҳам «тинчликни бузганингни кўмаман», деб огоҳлантирди. Ва бу охирги огоҳлантиришдан кейин асирларни олиб ўтирган ҲАМАС ҳам, одам ўлдириб чарчамаган Исроил ҳам «мўмингина бўлиб» келишувни имзолади. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Уруш тугади

Энди бемалол айтишимиз мумкин, Ғазодаги уруш тугади. Трампнинг босими билан Исроил ва ҲАМАС келишув имзолади. Шарм аш-Шайх курортидаги музокараларда ҲАМАСнинг Қатардаги қимматбаҳо виллаларда яшайдиган раҳбарияти ва Исроил томонидан ташқари, Туркия разведкаси раҳбари ҳамда Қатар бош вазири ҳам иштирок этди. Доналд Трамп ҳар икки томонни аниқ-тиниқ қилиб огоҳлантирди: «ким менинг режамни бузса, кейин ўзидан ўпкаласин», деди.

Америка шунча вақт икки томонни ҳам дипломатик чақирувлар орқали музокара столига ўтиришга ундаб келди, лекин томонларнинг беписандлиги давом этавергач, афтидан энди Вашингтон таҳдид йўлига ўтди. Замон шунақа бўлиб қолди ахир, одамлар дипломатия тилини эмас, куч тилини тушунадиган бўлиб қолди. Америкада эса кучдан исталганча бор.

Келишувга кўра, ҲАМАС барча исроиллик асирларни (ўлиги-ю тиригини) қайтариши керак. Трампнинг айтишича, ҳозир ҲАМАСчилар асирларни тўплаётган экан. Олдинроқ Трампни туппа-тузук блогер дегандик, кўрдингизми, у энди ҲАМАС нималар қилаётгани ҳақида инсайд маълумотлар улашмоқда. Ёмон эмас, мистер Трамп.

Исроил ушбу келишувга кўра, қўшинларини белгиланган ҳудудгача олиб чиқиши керак эди ва шундай бўлди. Ҳозирча ҳар икки томон ҳам ўт очишни тўхтатиш режимига амал қилмоқда. Айтганча, Трамп Тел-Авив режимни бузмаслигини назорат қилиш учун Исроилга 200 нафар америкалик ҳарбий юборибди. Ахир Трамп Исроилни жуда яхши билади.

Урушни тугатиш йўлида Трамп Исроилга жиддий босим қилишига тўғри келганини айтиш керак. Исроилни кўндириш учун Трамп яҳудий куёви Жаред Кушнер ва миллиардер дўсти Уиткоффни юборди. Афтидан, «Чўқинтирган ота» асарида айтилганидай, икковлон Нетаняҳуга «шундай нарса таклиф қилишганки, у рад қила олмаган». Шу тариқа кечагина «Ғазони босиб оламиз», «Фаластин террор давлати» деб юрган Нетаняҳу келишувни байрам каби қаршилашга мажбур бўлди.

Алиев ва Путин учрашди

Ҳафта давомида Россия президенти Владимир Путин ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Душанбеда учрашди. Россия ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатлар озарларнинг самолёти руслар томонидан ўққа тутилганидан кейин жуда кескинлашганди. Шундан кейин Алиев Россия манзилига шунақа гапларни айтдики, МДҲга аъзо давлат лидери Путинга бунақа дейишини бир неча йил аввал тасаввур қилиб бўлмасди.

Лекин товариш Путин бу гал ҳам русчасига айтганда «должном образом» кечирим сўрагани йўқ. «Ҳа, Илҳом Ҳайдарович, сизнинг самолётингизни бизнинг ҳарбийлар билмай уриб қўйишди, бу учун кечирим сўрайман», дегани йўқ, демайди ҳам. Путин шунчаки «Факт фактлигича қолади» деди. Яна ўша вақтда Украина дронлари осмонда бўлганини қўшимча қилиб, айбни бироз бўлса ҳам «Киев томонга буришга» ҳаракат қилди.

Исроилнинг риторикаси ўзгарди

Доналд Трамп урушни тўхтатиш учун жиддий босим кампанияси ўтказгани фонида Исроилнинг уруш ҳақида риторикаси кескин ўзгарди. Бинямин Нетаняҳу «бу Исроил учун буюк кун бўлгани, қўшнилар билан тинчликка эришиш учун ҳаракатда давом этишини» айтди. Қўшни деб Фаластинни назарда тутди. Худди шу Нетаняҳу бир неча кун аввал Ню Йоркдаги БМТ минбарида нутқ сўзлаб, Фаластинни «террор давлати» деб атаганди.

Эътибор қилган бўлсангиз, Исроил ҳукуматидаги икки миллатчи – Итамар бен Гвир ва Бецалел Смотрич ҳам жим, кўкрагига уриб Нетаняҳуга ҳукуматни тарқатиш билан таҳдид қилмаяпти. Демак улар ҳам кучнинг тилини жуда яхши тушунишаркан.

Нега ҳозир?

Ғазодаги уруш тугаши жуда муҳим мавзу, шу сабаб бугунги дайжестда унга кўпроқ тўхталамиз. Эътибор бердингизми, Ғазодаги урушни тугатиш жараёни жуда тезлашиб кетди. БМТ мажлисида Трамп Фаластин давлатини тан олганларни танқид қилиб чиққанида, вазият буткул бошқача эди. Трампнинг бу гапини кўриб унга орқа қилиш мумкин деган хулосага борган Исроил бош вазири «Бизнинг бошимизга террор давлатини олиб келолмайсиз», деб Европа давлатларига таҳдид қилганди.

Лекин Трамп барчасини буткул ўзгартириб, яраш-яраш жараёнини тезлаштириб юборди. Исроилга яҳудий куёвини, ҲАМАС билан учрашувга яна кимнидир юборди-да, уруш бошланганининг икки йиллигида ҳаммасини ҳал қилиб юборди. Нега Трамп ҳозир урушни тугатишни истаб қолди? Бу ишни аввалроқ қилиши ҳам мумкин эди-ку.

Менимча, гап «Нобел» мукофотида ҳам, урушнинг икки йиллигида ҳам эмас. Трамп АҚШ президенти бўлганига ўн ой бўлди. У сайлов кампанияси давомида жуда кўп ваъдалар берди, лекин ҳозирча унинг ишларида натижа кўринмаяпти. Ҳамма ноқонуний мигрантларни қувиб соламан деганди, лекин Америка федерал давлат экани, штатлар Трампнинг гапига эмас, ички қонунларга бўйсунишини ҳисобга олмаган кўринади – мигрантларни ҳайдаб солиш осон бўлмаяпти. Ва ҳайдалганлар яна қайтиб Америкага борган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Украинадаги урушни бир кунда тугатаман деганди, уруш ҳали-бери тугайдиганга ўхшамайди. Америка ҳамма қўшниларига таҳдид қилиб, ёмонотлиққа, зўравонга чиқди. НАТОдаги иттифоқчиларига очиқчасига «сиз учун туриб бермаймиз», деди. Оқибатда Америка ортиқ Ғарб лидери сифатида қаралмаяпти.

Ички сиёсатда ҳам Трампнинг ишлари яхши эмас. Ҳали хавфсизлик бўйича мулозимлари ҳарбий зарбаларни ишчи чатда муҳокама қилишади, ҳали соғлиқни сақлаш вазири Кеннеди ғалати-ғалати чиқишлар қилади. Хуллас, кетма-кет омадсизликлар фонида Трампга натижа керак эди. Русчасига айтганда «резултат»! Ахир кейинги йил Америкада орқалиқ сайловлар бор, унга ҳозирдан тайёрланиш керак. Ва урушнинг икки йиллигида бор кучини ишга солиб, уни тугатиб қўя қолди. Бу менинг шахсий фикрим, албатта.

Путинга «совға»

Ҳафта давомида кўпчилигингиз яхши кўрадиган Владимир Путин 73 ёшни қарши олди. 150 ёшга кириш ҳақида ўйлаётган Владимир Владимировичнинг туғилган кунида уруш бошланганидан бери доим нимадир воқеа содир бўлади. Бир йили украинлар Қрим кўпригини портлатганди, икки йил аввал ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиб, Ғазода уруш бошланди. Бу йил эса Украина Путиннинг туғилган кунида Россия бўйлаб уруш давридаги энг йирик дрон ҳужумларидан бирини амалга оширди. Икки юздан ортиқ дрон Россиянинг 12 областига ҳужум қилди.

Олдинроқ Россия ҳам Украинани ёппасига бомбалаганди. Бу ҳужумдан кейин яна жавоб ҳужуми амалга оширди. Ҳар икки давлат қиш бошланиши олдидан бир-бирининг энерго объектларига зарба беришни канда қилмаяпти. Бундан эса ҳар икки томонда ҳам оддий аҳоли жабр кўрмоқда. Битмас-туганмас нефти бор Россия дунёнинг нариги чеккасидаги Корея-ю Сингапурдан бензин олмоқчи бўлиб юрганининг ўзи вазият қанчалик эканидан далолат бермоқда.

Кобулда портлаш

Афғонистон пойтахти Кобулда Покистон толиблари етакчиси Нур Вали Маҳсуд ўлдирилди. ОАВ қўмондон Покистон авиазарбаси натижасида ўлдирилганини ёзмоқда. Афғонистон «ўз ҳаво ҳудуди тажовузкорлик билан бузилганини» маълум қилди. 9 октябр куни Кобулда бир нечта портлашлар содир бўлган. Маҳаллий аҳоли билан гаплашган журналистлар авиазарба натижасида портлаган Land Cruiser машинаси ичида «Таҳрики Толибони Покистон» ҳаракати лидери Нур Вали Маҳсуд бўлганини аниқлаган.

Афғонистон ҳозир бунақа ҳодисаларни мустақил текшириш имконсиз бўлган давлатга айланган. Ҳодиса ҳақида қандайдир расм ё видео ҳам амримаҳол. Олдинги видеоларимиздан бирида айтганимиздек, Афғонистонда ғалати ишлар бўляпти.

Дам олинг ва кўпайинг

Ҳафтанинг энг зўр хабарига етиб келдик. Жанубий Корея янги президенти Ли Че Мён мамлакатда туғилиш сонини кўпайтиришнинг ажойиб йўлини топди. Унинг фикрича, иш ҳафтасини тўрт кунгача қисқартириш орқали бунга эришиш мумкин экан. Европада аллақачон тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш бошланган, лекин улар буни кўпайиш билан боғламайди. Корейслар 2030 йилгача иш ҳақи камаймаган ҳолда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтишни режа қилмоқда. Президент Мён «иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун жиддий сиёсий қадам ташлаш керак» деб ҳисобламоқда.

Содда тилда айтганда, уйда кўпроқ дам олинг, оилангиз билан кўпроқ вақт ўтказинг, икки кун эмас, уч кун дам олинг. Ва, албатта, доим ҳам бекор ўтирмай фойдали ишлар билан шуғулланинг ва кўпроқ корейсларни дунёга келтиринг, демоқда жаноб президент. Ажойиб таклиф президент Мён.

«Америкагача борадиган» ракета

Корея оролининг жанубида доно корейслар кўпроқ дам олиш ҳақида ўйлаётган бир вақтда орол шимолида нима бўляпти деб ўйлайсиз? Тўғри топдингиз, урушга тайёргарлик. Хаёлий душманга қарши урушга тайёрланаётган Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин Пхеняндаги парадда янги «Хвасон-20» қитъалараро баллистик ракетасини намойиш қилди. Эмишки, бу ракета «Америкагача етиб бораркан». Шимол давлат нашрлари бу қуролни «энг кучли ядровий стратегик қурол» деб атаганига қараганда, ракета ядровий каллакни ҳам ўзи билан олиб уча олади. Жаноб Путин айтганидай, дунёда чинакам ядровий қуролланиш пойгаси бошланди.

Трамп хафа

Ҳафта омадсизи деб АҚШ президенти Доналд Трампни айтсак бўлади. У Ғазодаги урушни тугатиш учун шунча елиб-югурди, Исроилга босим қилди, ҲАМАСга босим қилди, урушни тугатишга эришди. Олдинроқ Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш учун роса ҳаракат қилди, урушни бир кунда тугата олмаган бўлса-да, Путин билан олти марта телефонда, бир марта жонли гаплашди, у билан расмга тушди.

Орада у президентликка келгунига қадар тугаб бўлган Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги урушни «тугатди», ҳатто ҳеч қачон урушмаган Озарбойжон ва Албания ўртасида урушни «тинчитди». Лекин Нобел мукофотини топширадиган «ношукур» норвегиялик викинглар тинчлик йўналишига мукофотни Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Мачадо хонимга топшириб ўтирибди. Дарвоқе, Трамп бу аёлни қизғин қўллаб келади. Шу сабаб Нобел ташкилотчилари жуда ажойиб қарор қабул қилишди дейиш мумкин.

Трамп тинчлик бўйича «Нобел» мукофоти олишни жуда истаётганди. Бу ҳақда бир неча марта очиқ гапирди ҳам. Лекин насиб қилмаган экан. Хафа бўлманг, мистер Трамп, бу жуда курашадиган мукофот эмас. Ўз вақтида Адолф Ҳитлер бу мукофотни олиш учун номзод бўлган. Албатта, фюрер дастлабки саралаш босқичидаёқ номзодлар қаторидан олиб ташланган, ўша йили мукофот ҳеч кимга берилмаган, лекин фашистлар Германияси лидери мукофотни олиш учун номзод сифатида кўрсатилгани факт.

Жаноб Трамп, биз сизни кўп танқид қиламиз, ахир сиз танқид оддий қабул қилинадиган жамият лидерисиз. Албатта, сизнинг бизга жуда яқин урушни тугатиш бўйича ишларингиз ўхшамаяпти, лекин Исроилга босим қилиб урушни тугата олганингиз чиндан катта натижа. Бу учун мақтовга ҳам, орденга ҳам муносибсиз. Жаноб Трамп, сиз яхшиси катта-катта инвестициялар билан Ўзбекистонга келинг. Биз сизга ўзингиз муносиб орденни берайлик...

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид