Ўзбекистон | 09:00 / 07.01.2022
3135
4 дақиқада ўқилади

FMO ва “Ипак Йўли” банки Ўзбекистонда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш учун 50 млн АҚШ долларлик шартнома имзолади

Фото: Ипак Йўли банки

“Ипак Йўли” банки Нидерландиянинг тадбиркорликни ривожлантириш банки (FMO) томонидан Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қиймати 50 млн АҚШ долларига тенг бўлган маблағларни жалб қилди.

Навбатдаги ҳамкорлик дастури доирасида ажратилган кредит маблағлари мултивалюта кўринишида тақдим этилади, бу эса кредит маблағларини АҚШ долларида ҳамда миллий валютада жалб этилиши мумкинлигини англатади.

FMO'нинг инвестициялар бўйича директори Уиб-Ян де Рюйтер шундай деди: “Биз “Ипак Йўли” Банки билан кўп йиллик алоқаларимизни сўнгги юқори самарага эга келишув орқали мустаҳкамлашдан мамнунмиз. Ажратилаётган кредит маблағлари асосан “яшил” лойиҳаларни ҳамда молиялаштиришга эҳтиёжи бўлган ёш тадбиркорларни ва аёл тадбиркорларни, қолаверса қишлоқ хўжалиги ва микро секторда фаолият олиб бораётган тадбиркорларни молиялаштириш учун йўналтирилади, бу эса “Ипак Йўли” Банки миссияси бизнинг “Яшил молиялаштириш” ҳамда “Тенгсизликни қисқартириш” дастурларимизга мос келишидан далолат беради.”

Имзоланган шартномага мувофиқ, Банк кредит маблағларни кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтиради ва ўз навбатида энергия самарадорлигини, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Банк томонидан мамлакатдаги ёш тадбиркорлар, шунингдек, аёл тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш учун молия маблағлари ажратилади.

– Эришилган мазкур келишув бизнинг ҳамкорлигимиз доирасида яна бир аҳамиятли воқеа саналиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшади. Жалб қилинган кредит маблағлари “Ипак Йўли” Банкининг келгусидаги ривожига хизмат қилади ҳамда хусусий корхоналар орасида энергия ресурсларидан самарали фойдаланилишини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшишга ёрдам беради. Шуни таъкидлаш жоизки, кредит маблағлари туфайли Банк ёш тадбиркорлар ва аёл тадбиркорлар раҳбарлиги остидаги хусусий корхоналарда янги иш ўринлари яратилишига ёрдам беради, - изоҳлади Банкнинг Бошқаруви раиси Саидаброр Саидаҳмедов.

“Ипак Йўли” банкининг FMO билан ҳамкорлиги 2013 йилдан бошлаб мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қиймати 13 млн АҚШ долларига тенг бўлган кредит линияси тақдим этилишидан бошланган. Кейинги йилларда банклар ўртасида қиймати 78 млн АҚШ долларига тенг бўлган яна 4 та шартнома имзоланган.


Маълумот учун: FMO – Нидерландия тадбиркорликни ривожлантириш банки. Етакчи инвесторлардан бири сифатида FMO ривожланаётган давлатлар ҳамда ривожланаётган бозорларда хусусий секторнинг барқарор ўсишини қўллаб-қувватлайди. FMO банкига кўра, кучли хусусий сектор иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш асоси ҳисобланади ва у инсонларга ўз кўникмаларидан фойдаланиб, турмуш сифатини яхшилаш учун имконият яратиш борасида 50 йиллик иш тажрибасига эга. FMO диққатини ривожланишга катта таъсир кўрсатувчи учта секторга қаратади: молия институтлари, энергетика ва агробизнес, озиқ-овқат ва сув таъминот. 85 та мамлакатни қамраб олган 9,3 млрд. еврога тенг портфел билан дунёдаги хусусий секторни икки томонлама ривожлантирувчи йирик банклардан бири ҳисобланади.

Қўшимча маълумот учун: www.fmo.nl

Реклама ҳуқуқи асосида

Тайёрлаган:  Жамшид Рузибаев

Мавзуга оид