“Зудлик билан мактаб тикланмаса, ҳокимият биноси бўшатилади ва болалар шу бинода ўқишади” – Умрзоқов Шўрчида ўқувчилар уй мактабида таълим олаётганини кескин танқид қилди
1 ноябрь куни президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди ва унда халқ таълими муаммолари бир неча банд бўйича жиддий муҳокама қилинди.
“Президентимиз бежиз бу мавзуда “Таълим, таълим ва яна таълим” дея таъкидлаганлари, таълимни бош масала қилиб белгилаганлари йўқ. Ҳар бир вазир, ҳар бир ҳоким таълим муаммоларига ниҳоятда жиддий қараши зарур. Аммо ҳамма ҳам шундай қиляпти, деб бўлмайди. Мана мисол: ўтган йили президентимиз ташаббуси билан ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилиш режалаштирилган. Узоқ муҳокамалардан кейин бу жараён амалдаги мактаблар фаолиятига таъсир қилмаган ҳолда йўлга қўйилиши белгиланган.
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида эса ишлаб турган мактаб ёпилиб, болалар 5-6 км наридаги мактабга ўтказилган. Ота-оналар болалар узоққа боришга қийналишганидан сўнг болаларини жўнатмай қўя бошлаганлари ортидан ўқитувчилар собиқ мактаб директори уйида уй мактаби очишган ва дарс бериб келишяпти.
Бу нима деган гап?! Инсон қадри шуми? Тошкентда, ёзда салқин, қишда иссиқ кабинетларда ўтирган амалдорлар болалари қишлоқнинг лой йўлларида ҳар куни 10 километрлаб юришига, аҳоли уйларида ўқишига рози бўлишармиди? Яна уйларда таълим бераётган ўқитувчиларга маош берилмаяпти экан. Ўқитувчининг нима айби бор бу ерда?!” – саволлар қўйди Сардор Умрзоқов.
Тадбирда иштирок этаётган Халқ таълими вазири, вилоят ва туман ҳокимлари чиндан шундай ҳолатга йўл қўйилганини тан олишди.
“Юзлаб болалар сарсон бўлиб юрса-ю, ҳокимлик вакиллари бунга бефарқ қараса, шуми давлат раҳбари билдирган ишончга муносабат?! Демак, ишига масъулиятсизлик билан қараган туман ҳокими ўринбосари ва халқ таълими бўлими мудири ишдан олинсин ва уларнинг фаолиятига бош прокуратура ҳуқуқий баҳо берсин. Туман ҳокими Бахтиёр Худойбергановга эса ҳайфсан берилсин. Агар зудлик билан вазият ўзгармаса, ҳокимият биноси бўшатилиб, болалар шу бинода таълим олишади. Мен мутлақо жиддий айтяпман. Ҳоким уйида ташкил қилаверсин ишини.
Айни пайтда вилоятда бўлиб турган бош прокурор ўринбосари зудлик билан Шўрчига етиб бориб, мактаб фаолиятини тиклаш ишларини шахсан ўзи назорат қилсин. Алоҳида топшириқ – иш ўлда-жўлда амалга оширилмасин. Янги бинонинг таъмирини, иссиқлигини, ёруғлигини, мебелларини, керак бўлса ҳожатхонасини ҳам кўриб чиқинглар. Болаларимизга таълим учун нормал шароит таъминланиши шарт!
Бу ҳолат ҳар бир вилоят, ҳар бир туман ҳокимлигига ўрнак бўлсин. Таълим масаласи президентимизнинг ҳар кунлик назоратида эканини унутманглар. Халқ таълими вазирлиги билан бирга комиссия тузиб, ташкил этилиши керак бўлган 168 та ихтисослаштирилган мактаб хатловдан ўтказилиб, аниқ ахборот киритинглар. Токи бундай ҳолат қайтарилмасин”, – дея президент администрацияси раҳбари сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ишга масъулиятсизлик билан қараган ва ушбу ҳолатга бевосита йўл қўйилишига сабабчи бўлган туман ҳокими ўринбосари ишдан олинди.