Спорт | 20:20 / 04.09.2021
34021
1 дақиқада ўқилади

Токио паралимпиадаси: Ўзбекистон жами 19та медал олди

8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон мусобақа якунига бир кун қолганда умумий ҳисобда 16-ўринда бормоқда.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар Токио шаҳрида ўтаётган паралимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади. Мусобақа давомида жами 19 та медал қўлга киритилди.

4 сентябр куни дастлаб пара-енгил атлетиканинг F54 тоифасида Нурхон Қурбонова кумуш медалга сазовор бўлди. У 18,38 метр натижа қайд этди.

Қурбонова аввалроқ ядро улоқтириш секторида бронза медалини ҳам қўлга киритганди.

Кун якунида пара-таеквондочи Гулжаной Наимова Ўзбекистоннинг Токио-2020 Паралимпия ўйинларидаги иштирокига олтин медал билан якун ясаб берди.

Наимова Бразилия вакилига қарши кечган баҳсда 8:4 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медал соҳибасига айланди.

Шу тариқа, Ўзбекистон Токио-2020 Паралимпия ўйинларини 19 та медал: 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза билан якунлади.

Эртага, 5 сентябр – паралимпиаданинг якуний кунида 5та спорт тури бўйича мусобақалар ўзбекистонлик спортчилар иштирокисиз ўтади.

Айни пайтда Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллаб турибди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид