Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Курсклик қочқинлар Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларга юборилади
Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов қочқинлар Запорижжя вилоятининг эгаллаб олинган ҳудудларига жойлаштирилишини айтди.
Фото: AP Photo/picture alliance
Курск вилоятининг чегара ҳудудларида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган фуқаролар Запорижжя вилояти эгаллаб олинган ҳудудларига юборилади. Бу ҳақда 13 август, сешанба куни Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов маълум қилди. Бу қарор унинг Запорижжя вилоятининг Россия томонидан тайинланган «губернатори» Евгений Балицкий билан суҳбатидан кейин қабул қилинган.
Русларни жойлаштириш учун Балицкий «Бердянскдан Кирилловкагача бўлган ҳудудда жойлашган Азов денгизи соҳилидаги санаторийлар ва панционатлардан фойдаланишни» таклиф қилди, деди Смирнов. Унинг сўзларига кўра, «яқин келажакда» Запорижжя вилоятига «одамларни етказиш» учун биринчи рейслар ташкил этилади. Смирнов «ҳарбий ҳолат шароитида яшаётган» минтақада русларнинг хавфсизлиги қандай таъминланишига аниқлик киритмади.
Курск ва Белгород вилоятлари аҳолисини эвакуация қилиш
Курск ва Белгород вилоятларининг чегара ҳудудлари аҳолиси Украина Қуролли кучлари ҳужуми фонида уйларини тарк этмоқда. 12 августга келиб, Курск губернатори вазифасини бажарувчи Смирновнинг сўзларига кўра, 121 минг киши эвакуация қилинган.
13 август куни Курск вилоятининг Болшесолдатский туманида эвакуация бошланди. Бундан ташқари, Курск вилоятининг Глушков, Коренев, Суджа туманларида ҳам аҳолининг ихтиёрий равишда чиқиб кетиши ташкил этилди. Губернатор Вячеслав Гладков хабарига кўра, қўшни Белгород вилоятининг Краснояржский тумани аҳолиси уни деярли бутунлай тарк этган.
Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужуми
Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги операцияси 6 август куни бошланди. Коренев, Суджа ва Беловский туманларида жанглар кетмоқда. Губернатор вазифасини бажарувчи 12 август куни Украина Қуролли кучлари ўз вилоятидаги 28 та аҳоли пунктини назорат қилаётганини тан олди. Украина қуролли кучлари Россияда 74 аҳоли пункти ва 1000 квадрат километрдан ортиқ ҳудудни назоратга олганини маълум қилди.
Bloomberg агентлиги Россия Қуролли кучларида Курск вилояти мудофааси учун шахсий таркиб етишмаётганини қайд этиб, йил охиригача сафарбарлик эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Мавзуга оид
14:39 / 09.09.2025
Германия ҳукумати қочқинларнинг Сурияга қайтишини рағбатлантирмоқчи
09:21 / 07.03.2025
Ливитт: Украинларнинг қочқинлик мақомидан маҳрум этилиши ҳақидаги хабар - фейк
13:40 / 18.12.2024
Сирский: РФ учинчи кундирки Курск яқинида олдинга фаол силжимоқда
12:10 / 18.12.2024