Ўзбекистон | 21:26 / 05.04.2022
13835
7 дақиқада ўқилади

“Қачонгача емаган сомсага пул тўлаймиз?” — Чилонзор кичик саноат зонасидаги тадбиркорлар электрсиз қолиб кетди

Kun.uz'га мурожаат қилган Чилонзор кичик саноат зонасида ижара асосида фаолият юритувчи 17 нафар тадбиркор “Совпластитал” корхонасининг катта миқдордаги қарздорлиги туфайли электр энергиясидан узиб қўйилган. Бир неча кундан бери зонида иш тўхтаб қолган, вақт ва пул йўқотаётган тадбиркорлар дирекциядан шикоят қилмоқда.

Саноат зонасида иш тўхтаб қолган. Суратда – қоп ишлаб чиқарувчи цех

17 тадбиркор бошқа корхонанинг қарзларини ёпиб келмоқда

Чилонзор кичик саноат зонасида ижара асосида фаолият юритадиган 17 нафар тадбиркор “Совпластитал” корхонасининг электрдан қарздорлиги туфайли электр энергиясиз қолганини айтмоқда. Тадбиркорлардан бири вазиятни шундай тушунтирди.

“Бу кичик саноат зонасига 2017 йилда кириб келдик, жой бизга давлат томондан 15 йилга ижарага берилган. Саноат зонасининг инвестицион шартлари бор, шу шартлар бажарилса, мулкка эгалик ҳуқуқи берилади. Зонада 17та тадбиркор фаолият юритади, бу ер “Совпластитал”нинг ҳудуди, корхонанинг 50 фоизи давлатга қарашли. Унинг ўзи ҳам ишлаб турибди, бироқ корхона банкротлик ёқасида. Биз ижара пулини Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги дирекция бошқармасининг давлат ижарага бериш қўмитасига тўлаймиз. Яъни, биз дирекцияга эксплуатацион харажатларни тўлаймиз.

Бизда 2020 йилгача Чилонзор туман электр тармоқлари корхонаси билан тўғридан тўғри шартнома бор эди, яъни биз уларга фойдаланган энергиямиз учун бир ой олдиндан тўлов қилиб, энергиядан фойдаланардик. 2020 йил июл ойида шартномалар бекор бўлди. Энди фақат бош ҳисоблагичга электр энергияси келади, ундан бошқа тадбиркорларга тарқатиладиган бўлди. Асосий электр таъминотини олувчи ташкилот “Совпластитал” ҳисобланади, чунки жой илгари уларники бўлган, уларнинг номига ҳудуд кадастр қилинган, бундан ташқари, унинг 50 фоиз улуши давлатга қарашли. Асосий ҳисоблагич уларда, биз улардан электр оламиз.

Кейин 3 томонлама шартнома қилдик: Чилонзор ЭТК, “Совпластитал” ва бошқа тадбиркорлар. “Совпластитал” бир неча йиллардан бери банкрот бўлиб келаётган, яъни зарарига ишлаб турган корхона, жуда ҳам кўп қарзи бор. Биз Чилонзор ЭТКга пул тўлаймиз, биз тўлаган пуллар ҳисобидан “Совпластитал”нинг қарзидан айириб борилади. Шу тартибда ишлаб турдик.

Ёрлиқлар ишлаб чиқарувчи корхона қоронғиликда

“Совпластитал”нинг мол-мулк солиғи кўп чиқади, чунки улар фаолият юритмаганидан кейин йилдан йилга солиғи кўп чиқаверади. Бундан ташқари, унинг ўзининг ориентаторлари бор. Эски станоклари учун электр энергия ёқади. Ҳар йили мулк солиғидан қарзи борлиги учун “Совпластитал”нинг ҳисобига картотека қўйилган, улар электр энергияга пул тўлай олмайди. Биз тўлаб турган пул ҳисобига ток ёнади ва қарздорлик ошиб-ошиб ҳозир 1,5 миллиардга яқинлашган.

Электр тармоқлари корхонаси қарздорлик туфайли энергиядан бутун зонани узиб қўяди, ундан кейин биз ҳам узиламиз. Биз ҳар доим пулини йиғиб, 3 ой олдиндан тўлаймиз, яна бир-икки ой ёнади, яна “Совпластитал”нинг қарзи кўпайиб кетади, яна ўчиради.

Дирекция “Совпластитал”ни судга берган, суд электр бўйича қарздорликни ундиришни кўзда тутса, солиқ идорасидан 3 миллиардга яқин қарзи бўлиб, ҳисоби картотекага қўйилгани учун биринчи бўлиб солиқларни ундириш керак бўлган. Қачон бу қарзлар сўндириб бўлинса, кейин электр энергиясининг қарзлари тўланиши керак.

 “Қиммат ускуналарим куйди” — Шоҳида Тешабоева

“Шу пайтгача 3 ой олдиндан барча тадбиркорлар пул ташлашиб, тўловни қилиб келдик. “Совпластитал”нинг қарзи ошиб бераверди, биз энди бунча пулни тўлай олмаймиз. Чилонзор ЭТК токни огоҳлантирмасдан ўчиради, қиммат ускуналарда ишлаймиз: улар ишлаб турганда бирданига ёқиб-ўчирса, тўғри келмайди. Менинг 3та платам куйиб кетди, энди ўсиб келаётган янги тадбиркорман. Шундай давом этса, тадбиркор бу ерда ривожлана олмайди. Тадбиркорни охирги тупиккача етказиб қўйилса, ривожланмайди, тадбиркор синади.

Ток ўчиб ёниши натижасида куйгани айтилаётган ускуна
Ток ўчиб ёниши натижасида куйгани айтилаётган ускуна

Қўлимизда 20-30, 80-100 нафарлаб ишчилар ишлайди, шунча одам оиласини боқиш учун вилоятлардан келиб ишламоқда. Уларни 3 маҳал овқат билан таъминлаймиз, кунига пул тўлаймиз. Ҳар куни ток ўчадиган бўлса, зараримизни ким қоплаб беради? Тадбиркор нега биров учун зарар кўриши керак?

Дирекция газ, свет, сув бўйича кафолатни бўйнига олган, лекин ҳозир менинг кафолатимда эмас деб масъулиятдан қочяпти. Унда нега биз уларга ойига 5 миллионлаб ижара тўлаяпмиз. Ўзим кичкина жойда турсам ҳам, ойига 7 миллион тўлайман. Бу пуллар қанақа машаққат билан келишини ҳис қилиши керак эмасми? Ҳар бир платам 600 доллардан туради, ускунам усиз ишламайди. Хитойдан қачон келади деб кутиб ўтираман. Дирекция ижара пулларини ўз вақтида олишни билади, лекин ваколатига келганда менинг вазифам эмас дейиши тўғри бўлмаса керак”.

Дирекция тадбиркорларнинг энергия муаммосини ҳал қилиши лозим

Тадбиркорлар Kun.uz'га тақдим этган 2021 йилдаги эксплуатация хизматларини кўрсатиш бўйича Ч-28/2021 сонли шартномада ижрочининг мажбуриятлари қаторида тадбиркорларни электр энергияси билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Шартноманинг 3-бандида буюртмачи (тадбиркорлар) ижрочидан (Тошкент шаҳар кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси) электр энергияси, совуқ сув ва газ таъминотини тармоқларнинг бўлиниш чегарасига керакли миқдорда етказиб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги келтирилган.

Ҳаммага алоҳида электр берса бўлмайдими?

Ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркор Равшан Нишоновга кўра, зона “Совпластитал” АЖга кадастр қилингани боис, у орқали асосий ҳисоблагич ўрнатилган.

“Ҳаммага алоҳида электр энергиясини беринглар дедик, электр қонунчилигига кўра, кадастр бўлган жойларга алоҳида ТП қўйилар экан. Бу ерда, дирекцияда кадастр йўқ, биз ижарада турибмиз. “Совпластитал”да кадастр бор, биз унда субарендатор бўлиб ўтирибмиз. Уларнинг қарздорлиги туфайли ток ўчаверади, сумма катталашиб кетаверади, тадбиркорлар тўлолмаяпти.

Ҳозир ҳам қарийб 600 миллионлик қарзни тўлармиз, лекин кейинги сафар қарздорлик 1 миллиардга етади. Ҳамманинг олдиндан тўлови бор, нима учун тўлаймиз дейди. Электр тармоқлари корхонаси ҳам ноқонуний иш қилмаяпти, улар ҳам қарздорлик бартараф этилгандан кейин ток бериши керак”, – дейди у.

Масъуллар 17 нафар тадбиркор ва бутун бошли саноат зонаси иштирокчиларини қийнаб келаётган муаммога тез орада ечим топишади, дея умид билдириб қоламиз.

Мадина Очилова

Мавзуга оид