Ўзбекистон | 22:28 / 01.04.2019
9776
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда кунига 850 тоннадан ортиқ нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида кунига ўртача 850 тоннадан ортиқ нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати “Ўзбекистонда нон ва қандолат маҳсулотлари бозорини ривожлантириш” мавзусида биринчи халқаро бизнес-форуми доирасида тақдим этилган маълумотлар асосида шу ҳақида хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

Форумда Германия, Россия, Чехия, Словения, Қозоғистон каби хорижий давлатларнинг ушбу соҳага техника ва технологиялар етказиб берувчи 20 га яқин компанияси иштирок этмоқда.

Нон шаҳри ҳисобланган Тошкентда тайёрланаётган нон маҳсулотлари кўриниши ва сифати билан нафақат аҳоли, балки сайёҳларнинг ҳам эътибори ва эътирофига сазовордир. Маълум бўлишича, бугунги кунда Тошкентда кунига ўртача 850 тоннадан ортиқ нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. “Тошкент нон” Нон ишлаб чиқариш уюшмаси тизимида фаолият юритаётган 59 та ташкилот томонидан кунига 56 турдаги нон ва қандолат маҳсулотлари тайёрланмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

Корхоналар фаолиятининг асосий йўналиши қолипли нон ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиб, бир кунда ушбу маҳсулотдан 530дан 550 тоннагача тайёрланмоқда.

Шунингдек, Тошкентда кунига ўртача 200 тонна миллий нон ва 100 тоннадан ортиқ қандолат маҳсулоти тайёрланмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

Тизимдаги корхоналарда узлуксиз равишда янги техника-технологиялар жорий этилмоқда. Аммо бу кўрсаткич ҳали етарли даражада эмас. Хусусан, соҳада маҳсулот турини янада кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экспорт кўрсаткичларини юксалтириш учун инновацион технологиялар керак.

Тадбирда Россия, Чехия, Италия, Словения ва Қозоғистон компанияларининг нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган энг янги техника технологиялари тақдимоти режалаштирилган бўлиб, бу юртимиз вакилларига ўз йўналишида хорижий ҳамкорликни ўрнатиш, мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга.

Анжуманнинг иккинчи кунида “Нон ва қандолат маҳсулотлари кўргазмаси” ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Туризмни ривожлантириш департаменти ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган бизнес форум 2 апрель куни ҳам давом этади.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид