Жаҳон | 16:20 / 19.12.2025
9098
11 дақиқада ўқилади

Северск қулаш ёқасида: бу Словянск ва Краматорскка қандай хавф туғдиради?

Украина қуролли кучлари Донецк областининг Северск шаҳри атрофида 2022 йилдаёқ йирик плацдарм ҳосил қилиб, шарқдан Словянск ва Краматорск агломерациясига ўтишни тўсиб турганди. Энди бу плацдарм йўқ, Россия расмийлари эса ушбу шаҳар олинганини эълон қилди.

«Эделвейс» 10-тоғ-штурм бригадаси Северскни мудофаа қилмоқда

Россия президенти Владимир Путин 11 декабр куни бу ҳақда эълон қиларкан, РФ қуролли кучлари қўмондонлиги ушбу аҳоли яшаш манзилини 15 декабргача эгаллашни ваъда қилган бўлгани ва бу ваъдани бажарганини қайд этган.

Россиянинг «Юг» қўшинлар гуруҳи қўмондони Сергей Медведев ушбу шаҳар қўлга киритилиши келгусида Словянск томон юриш учун қулай шароит яратганини таъкидлаган. Ушбу шаҳаргача 30 км масофа қолган.

Россиялик ҳарбийлар Северск устидан назорат ўрнатилгани тасдиғи сифатида шаҳарнинг турли нуқталарида Россия байроқлари осилгани акс этган видеокадрларни кўрсатишган.

Россия мудофаа вазирлиги Россия Федерацияси ҳарбийлари Северск марказида ўз байроғини шаҳар устидан назоратни тасдиқлаш учун намойиш этаётгани тасвирланган кадрларни эълон қилди, 11 декабр

Украина қуролли кучларининг фронтнинг ушбу участкаси учун масъул бўлган 11-армия корпуси қўмондонлиги эса Северск таслим бўлгани ҳақидаги хабарларни инкор этмоқда.

«Северскда душманлар борми? Ҳа, бор. Улар шаҳарни тўлиқ назорат қиляптими? Йўқ, назорат қилмаяпти. Мунтазам равишда уларни йўқ қилиш ишлари олиб борилмоқда… Шунинг учун вазият мураккаб, шаҳар учун кураш давом этмоқда», – деган 11-армия корпуси спикери Дмитро Запорожец.

Аммо 15 декабр куни у BBC Украина хизмати билан суҳбатда «шаҳарнинг фақат бир қисми» Украина қуролли кучлари назоратида эканини айтди. У тафсилотларга тўхталмаган.

«Северскни ҳозирча изоҳсиз қолдираман. Вазиятни барқарорлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда», – деган у.

Одатда Украина армиясида «барқарорлаштириш тадбирлари» деганда душмандан озод қилинган ҳудудда ёки жангчиларни қайта жойлаштириш пайтида мустаҳкамланиб олиш бўйича операциялар назарда тутилади.

Шаҳар мудофаасидаги 54-алоҳида механизациялашган бригада баёнотига кўра, россиялик ҳарбийлар анчадан буён туманли ҳаводан фойдаланган ҳолда шаҳарга киришга уринишларни амалга ошираётгани маълум қилинган. Натижада уларнинг бир қисми шаҳар чеккаларидаги биноларда ва ертўлаларга ўрнашиб олган.

«Северск душманнинг доимий босими остида қолмоқда: уларнинг бир қисми шаҳар ичкарисига кириб олишга уринмоқда, бошқалари мустаҳкам жойлашиб олиш умидида шаҳарнинг кириш жойларида ҳаракатланмоқда», – дейилади бригаданинг 16 декабр кунги баёнотида.

DeepState ва Урушларни ўрганиш институти (ISW) томонидан тайёрланган хариталарда Северскнинг камида шарқий қисми россиялик ҳарбийларнинг тўлиқ назорати остида экани кўрсатилган, ғарбий қисми эса ҳеч бир томон назорат қилмаётган «кулранг зона» сифатида белгиланган.

BBC’нинг Украина қўмондонлигидаги манба Украина қуролли кучлари ҳамон шаҳарнинг ғарбий чеккасида, Бахмутк дарёси ортидаги позицияларни сақлаб қолаётганини маълум қилган. Аммо шаҳар яқин вақтлар ичида қулаши муқаррар, деб ҳисоблайди суҳбатдош.

Айни вақтда Украина қуролли кучларининг асосий вазифаси – Россия армиясининг Славянск ва Краматорск томон ҳаракатини тўхтатиб туриш бўлади.

Қайд этиш керакки, Украина қуролли кучлари бош штаби октябр ойидаёқ ўзининг фронтдан ҳар кунги ҳисоботларида «Северск йўналиши» бўйича маълумот беришни тўхтатганди. Унинг ўрнига «Словянск» йўналиши пайдо бўлган.

Россия армияси Северск плацдармини қандай қилиб йўққа чиқарди?

Сентябр ойида Россия армияси Северскдаги гуруҳга жанубдан ҳам, шимолий қанотдан ҳам режали равишда босим қилишга киришди. Ой охирида украин қўшини Серебрянск ўрмонидан сиқиб чиқарилди.

Северский Донецкнинг шимолий соҳилидаги ушбу ўрмонзорлар қарийб уч йил мобайнида оғир ва машаққатли жанглар майдонига айланди ҳамда Украина қуролли кучларининг Северск плацдармининг шимолий қанотини ҳимоя қилди.

Россия армияси энди бу ҳудуддан кучларни тўплаш ва жанубга, Серебрянка ва Дроновка қишлоқларига ҳужум қилиш учун фойдаланади. Ноябр ойи бошида бу йўналишда олдинга силжиш уларга Северскдан шимолдаги тепаликларга чиқиш ва шаҳарни асосий ер билан боғловчи логистика йўналишларини узиб қўйиш имконини берди.

Россия армияси бунга параллел равишда шаҳар жанубидаги Звановка, Вемка ва Свято-Покровское қишлоқлари яқинидаги тепаликларга ва украинларнинг логистика йўлларига чиқишга муваффақ бўлди.

Украина қуролли кучларининг фронтнинг ушбу қисмида мудофааланаётган Ўнинчи тоғ-штурм бригадаси 5 декабр куни Свято-Покровский яқинидаги мудофаа сафларига россиялик ҳарбийлар яширинча кириб келгани ҳақида хабар берганди.

Украинлар Северскда ўрнашиб олишга уринаётган россиялик ҳарбийларга зарба бериш учун дронлардан фойдаланмоқда. Айни пайтда шаҳарнинг катта қисми Россия назорати остида.

Ҳозирда Северскдан жанубда ва шимолда жойлашган бу ҳудудларнинг барчаси Украинанинг DeepState таҳлилий портали харитасида «кулранг зона» сифатида кўрсатилган.

Урушни ўрганиш институтининг америкалик таҳлилчилари эса Россия ҳарбийларининг бу ҳудудда олдинга силжишини ҳозирча тасдиқлай олмаган.

Сухая дарёси қирғоқлари ва Рай-Александровка, Николаевка ва Райгородок қишлоқлари томон ғарбга йўналиш – Россия армиясининг кейинги ҳаракатлари учун яққол вектор бўлиб хизмат қилади.

Тўғри, фронтнинг бу қисмида оператив захираларсиз Россия Украина мудофаасини тезда ёриб ўтиши амалда имконсиз иш. Ўз навбатида, Украина қуролли кучлари бош штаби ҳам қўшимча кучлар олиб келинмаган тақдирда, Северск устидан назоратни қайтаришга умид қила олмайди.

Бошқа йўналишлардаги вазият

Бошқа йўналишларда Россия ҳужумларининг фаоллиги бироз пасайган.

Агар ноябр ойида ҳар куни камида 200 та, айрим кунларда эса 300 га яқин ўт очилиши қайд этилган бўлса, декабр ойи ўрталарига келиб уларнинг сони деярли икки бараварга камайди.

Ҳозирда кунига ўртача 150-160 марта ўт очилиши қайд этилмоқда.

Россия армияси ўз эътиборини бир нечта устувор йўналишларга қаратишда давом этмоқда ва шу йўналишларда сезиларли ютуқларга эришишга ҳаракат қилмоқда.

Биринчи навбатда – бу Покровск, Мирноград, Гуляйполе, Купянск, Константиновка ва Вовчанск шаҳарларидаги ҳарбий ҳаракатлардир.

Россия расмийлари босиб олингани ҳақида аллақачон уч марта ҳисобот берган Покровск-Мирноград агломерацияси бўйича эса, декабр ойи ўрталарида ҳам бу маълумотлар жанг майдонидаги ҳақиқатга тўғри келмаяпти.

Ҳатто оператив захираларни – 76-ҳаво-десант дивизиясини жалб қилиш ҳам Россия Федерациясига Покровскнинг шимолий қисмини «қўлга олиш» ва уни назорат қилиш имконини бермади.

Украинлар ўз позицияларини сақлаб қолишда давом этмоқда ва шаҳарнинг ноябр ойидан бери Россия армияси томонидан назорат қилинаётган марказий ва жанубий қисмларига вақти-вақти билан рейдлар уюштирмоқда.

Украина қуролли кучлари Бош қўмондони Олександр Сирский ва Десант-штурм қўшинлари қўмондони Олег Апостол Покровск йўналишидаги вазият бўйича йиғилиш пайтида

Украина қуролли кучларининг мудофаа тартибини чўзиш ва «юпқалаштириш» учун Россия армияси сўнгги ҳафталарда Покровск ғарбидаги Гришино қишлоғига босимни кучайтирди. Қишлоқ ҳар куни Россия авиациясининг ҳужумларига учрамоқда, бундан ташқари, Россия армияси ушбу аҳоли яшаш пунктига зирҳли танк колонналари билан бостириб киришга бир неча марта муваффақиятсиз уринишларни амалга оширди. Техникалар ҳаракати олдиндан аниқланиб, аҳоли пунктига киришда йўқ қилинган.

Қўшни Мирноградда украин жангчилари шаҳарнинг марказий ва шимолий қисмидаги кичик ҳудудни ушлаб туришда давом этмоқда. Россия ҳарбийлари жануб ва шарқдан босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда, улар аста-секин турар жой биноларида тўпланмоқда.

Украина қўмондонлигига кўра, Ровное ва Светлое қишлоқлари ҳудудидаги логистика йўлаги ҳали ҳам Украина қуролли кучлари назорати остида қолмоқда.

«Мудофаа кучлари Мирноградга логистика йўлагини барқарорлаштириш ва кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни давом эттирмоқда. Светлое ва Ровное ҳудудларида душманнинг кичик гуруҳлари пайдо бўлиши қайд этилмоқда, улар дарҳол йўқ қилинмоқда», – дейилади 7-армия корпусининг 16 декабрдаги баёнотида.

Запорижжя области Гуляйполе районида мураккаб вазият сақланиб қолмоқда. Ноябр ойидаёқ Россия кучлари Украина мудофаасидаги муваффақиятсизликдан фойдаланиб, шаҳарнинг шарқий чеккасига яқинлашганди. Украина қуролли кучлари захираларни ишга солиш, хусусан, штурмчи полкларни кўчириб келиш орқали вазиятни барқарорлаштира олди.

Аммо Россия Гуляйполенинг шарқий ва жанубий қисмларига режали равишда босим ўтказишда давом этмоқда. DeepState’нинг 15 декабрдаги маълумотига кўра, Россия армияси шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи Гайчур дарёсини кечиб ўтиб, жанубий чекка ҳудудларга киришга муваффақ бўлган.

Қирол Даниил номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригада аскарларининг машғулотлари. Бу тузилма Константиновканинг жанубий чеккаларини ҳимоя қилади, у ерга ҳам Россия ҳарбий қисмлари ҳужум қилмоқда.

Донецк областидаги Константиновкага келсак, Россия расмийларининг шаҳардаги турар жой биноларининг 45 фоизини назорат қилиш ҳақидаги баёнотларига қарамай, бу маълумот тасдиқланмаяпти. Россия штурмчи отрядлари фақат жануби-шарқий чеккадаги турар жой биноларига киришга ҳаракат қилмоқда, аммо мустаҳкам жойлашиб ололмаяпти.

Харкив областидаги Вовчанск шаҳрининг ғарбий қисмида Россия ҳарбийлари тактик муваффақиятга эриша олди, аммо украинлар ҳали ҳам шаҳарнинг жанубий ва шарқий чеккаларда ўз позицияларини сақлаб қолмоқда. Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Кремлнинг шаҳар эгаллаб олингани ҳақидаги баёнотларини рад этмоқда.

Бироқ, аллақачон қўшни Лиман ва Вилча қишлоқлари учун жанглар кетмоқда, бу қишлоқлар шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмида, Харкивдан Вовчанскка олиб борадиган йўл ёқасида жойлашган.

«Вовчанскда Украина кучлари Россия томонининг фаол ҳужум қилишга уринишларига қарамай, Волчя дарёси бўйлаб мудофаани ушлаб турибди», – деди 16 декабр куни Бирлашган кучлар гуруҳи спикери Виктор Трегубов BBC Украина хизмати билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Купянскдаги муваффақиятли қарши операцияси давом этмоқда. Бу ерда куз давомида Украина бўлинмалари тайёрланиб, шаҳардаги Россия бўлинмаларининг чекиниш йўлларини блоклаб қўйди. Украинлар Оскол дарёсининг ғарбий соҳилидаги бир қанча қишлоқларни озод қилган ва Россиянинг илғор кучларига таъминот етказиб бериш йўлларини узиб қўйган.

Трегубовнинг сўзларига кўра, декабр ойи ўрталарида Купянскда 200 га яқин россиялик ҳарбий қамалда қолмоқда, улар марказдаги позицияларни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

«Купянск ичкарисига ўрнашиб олган россиялик ҳарбийлар қуршаб олинган. Шаҳардаги шароитлар ва айрим ҳолатларда тинч фуқаролардан тирик қалқон сифатида фойдаланиш билан мураккаблашган босқичма-босқич тозалаш ишлари олиб борилмоқда, шунинг учун бу ҳали бироз вақт олади», – деди у.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид