Ўзбекистон | 18:58 / 13.09.2018
9992
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон тиллари университети қошида янги мактаб ташкил этилади

Фото: Fledu.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида француз тилига ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети муассислигида юридик шахс мақомига эга бўлган “Француз тилига ихтисослаштирилган мактаб” давлат умумтаълим мактабини таъсис этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

2019-2020 ўқув йилида мактабнинг 7-8-9-10 синфларига 40 нафардан ўқувчилар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган француз тили ва она тили фанларидан тест синовлари асосида қабул қилинади;

Мактабнинг ўқув режа ва дастурлари Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Мактабга Франция ва бошқа тили ўрганилаётган хорижий мамлакатлардаги мактаблар билан доимий ҳамкорлик ўрнатишга кўмак кўрсатади;

Мактабдаги ўқиш жараёнида юқори билим ва салоҳиятни кўрсата олган ўқувчилар ҳамда мактабнинг етакчи педагог-ўқитувчилари учун хорижий мамлакатларда амалиёт ўташ ва малака ошириш курслари ташкил этилади;

Мактаб ходимлари ва ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақларига 25 фоиз миқдорида қўшимча устамалар белгиланади;

Мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим маълумоти тўғрисидаги ҳужжат берилади;

Мактаб директори университет ректорининг тақдимномаси асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан лавозимига тайинланади;

Мактабни юқори кўрсаткичлар билан якунлаган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан мактабнинг ўзида ўтказиладиган имтиҳон натижаларига мувофиқ бериладиган француз тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган ўқувчилар олий таълим муассасаларининг хорижий тил ва адабиёти, филология ва тилларни ўқитиш, таржима назарияси ва амалиёти йўналишларига (француз тили бўйича) кириш имтиҳонларисиз, квотадан ташқари грант асосида ўқишга қабул қилинади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид