Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент Фарғонада «Лойиҳалар фабрикаси» тақдимоти билан танишди. Бу қандай фабрика?
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 5-6 июнь кунлари Фарғонада бўлиб қайтди. Президент ташриф давомида вилоятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича ўнлаб лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Улар ичида Фарғона шаҳрида очилган «Лойиҳалар фабрикаси» ҳам бор.
Kun.uz мухбири фабрикада иш бошлаган ёш консультантлар билан учрашиб, «Лойиҳалар фабрикаси» ҳақида маълумот тўплади.

«Лойиҳалар фабрикаси» нима ўзи?
Абдулвосид Миножиддинов, Лойиҳалар фабрикаси консультанти:

«Лойиҳалар фабрикаси» Ўзбекистонда биринчи бор Фарғонада иш бошлади. Фабрикани очишдан асосий мақсад – ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш учун ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда фарғоналикларни тадбиркорликка кўпроқ жалб қилиш. Биз шунингдек, ғоя эгаларига ўз ғояларини реализация қилиш жараёнида дуч келадиган турли жараёнларда ёрдамлашамиз.
Фабрикада тадбиркорлик лойиҳасига эга ёшларнинг фикрлари эшитилади. Лойиҳалар бу ерда ишловчилар томонидан ҳисоб-китоб қилинади ва инвесторлар ҳамда тижорат банкларига тавсия қилинади.

Президент Мирзиёев фабрика ҳақида тайёрлаган тақдимотимизни кўрди. Унинг айтган гаплари эса бизга катта ва жиддий мотивация берди. Президент бизга «келажакда Ўзбекистонга кириб келаётган барча инвестициялар ҳудудлардаги шу каби лойиҳалар фабрикасида ўрганишдан ўтиши керак», – деди.
Келгусида ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистоннинг ҳар бир тумани ўз «Лойиҳалар фабрикаси»га эга бўлади. Бу фабрикада тайёрланган лойиҳалар ўша туманда тадбиркорларни кўпайтириш, кираётган инвестор ва инвестицияларга хизмат қилади.

Фабрикани учта банк молиялаштиради
Муҳаммадхон Мўйдинов, Лойиҳалар фабрикаси консультанти:

Фарғонадаги «Лойиҳалар фабрикаси» 3та банк қошида ташкил қилинди. Булар Ўзбекистон Миллий банки, Саноат қурилиш банк ва Асака банк.
Кўпчилик ва жумладан, сиз ҳам биздан лойиҳаларнинг молиялаштирилиши ҳақида сўрадингиз. Бу ерда бир нарсани тўғри тушуниш керак, биз лойиҳаларни молиялаштирмаймиз. Бу бизга юклама эмас. Бизнинг вазифамиз – янги, инновацион, креатив ва самарали лойиҳаларни ўрганиш ёки дунёнинг турли давлатларида яхши самара берган лойиҳаларни Фарғонанинг маҳаллий шароитига адаптация қилиш.

Биз фабрикада ишланган ва ҳар томонлама ҳисобланган янги ғояларни тадбиркорларга таклиф ҳам қиламиз. Биз ҳозирча тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун бу лойиҳаларни бепул таклиф қиламиз, лекин кейинчалик фабрикада ишланган ғоялар сотила бошлайди.
«Лойиҳалар фабрикаси» бекорга учта банкка бириктирилмаяпти. Биз иш жараёнида банклар билан яхши ҳамкорлик ўрнатамиз. Улар биз таклиф қилган лойиҳаларни ўрганиб чиқиб, самара беришига ишонса молиялаштиради. Албатта бунда молиялаштириш банкнинг ўз сиёсатидан келиб чиқади. Банк энг яхши ғояларни молиялаштирмаган тақдирда улар учун кафиллик бериш ёки инвестор топиб бериш имкониятимиз ҳам бор.
«Бизда банклар стартапларни молиялаштиришга қўрқишади»
Нилуфар Зиёвуддинова, Лойиҳалар фабрикаси консультанти:

Ўзбекистонда банкларнинг стартап лойиҳалар билан ишлаш тизими яхши ривожланмаган. Бизда стартапларга жиддий эътибор берилмайди. Бунинг биринчи сабаби, стартапни яхши тушунадиган мутахассис кам, иккинчиси, унинг яхши ишлаб кетиши бошиданоқ аниқ бўлмайди. Яъни стартапга пул тикишдан қўрқишади.
Биз ёшларнинг шу каби янги стартапларини пухтароқ ишлашга ва ҳисоб китобларига кўмаклашамиз. Шунингдек, ўз бизнесини йўлга қўйиб олганларга кейинги маркетинг ишларида ҳам маслаҳатимиз билан кўмаклашамиз.

Атрофимизда шундай кишилар бўладики, уларда пул бор ва тадбиркорликнинг қайсидир тури билан шуғулланишни исташади, аммо ғоя йўқ.
«Лойиҳалар фабрикаси» ғояси бор, маблағи йўқ ва маблағи бор-у, ғояси йўқ кишиларни бир-бирига учраштириш учун кўприк ҳам.
Фабрикамизда лойиҳалар каталоги тайёрланмоқда. Улар тадбиркорларнинг қанча пули борлигига қараб таклиф қилинади. Қисқаси, Ўзбекистонда ғояларни йиғадиган, ғоя эгаларини эшитадиган ва уларга ёрдам берадиган янги тизим яратилмоқда.
«Режамиз ғояларни интеллектуал мулк даражасига олиб чиқиш»
Садафбек Ҳусанбоев, лойиҳа менежери:

Умуман олганда, «Лойиҳалар фабрикаси»нинг низоми, дастури ва иш фаолиятидаги барча йўналишлар ҳозирда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Бунда фабриканинг 3-5 йиллик дастури ҳам белгилаб олинади.
Фаолиятимиз бўйича дастурда хориждаги элчиларимиз орқали инвесторлар билаш ишлаш имконияти ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, биз чет элдан келадиган инвесторларга ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланган лойиҳаларни таклиф қиламиз.
Режамиз ғояларни интеллектуал мулк даражасига олиб чиқиш.


Фабрикамиз учун ҳозирча 7та штат беришди, аммо уни 15тагача кўпайтиришимиз мумкин. Ходимларнинг барчаси ёшлар.
Ҳозиргача ёшлар тадбиркорлиги соҳасида фақат семинарлар ва бу семинарлар тугагач уларга сертификат бериш билангина чекланиб келиняпти. Афсуски, сертификат олган ёшларнинг кейинги тақдири билан кўп ҳолда қизиқилмайди. Шунинг учун ҳам бу тизимни жуда самарали деб бўлмайди. Яъни ёшларнинг ғоялари кўп ҳолда фақат бизнес лойиҳагача етиб борган.
Биз эса ёшларга лойиҳа тузишдан то тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантириб олгунча бўлган жараёнда кўмаклашамиз.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
13:54 / 16.01.2026
Фарғонада 14 ёшли қиз бир неча шахс томонидан зўрланди
17:27 / 09.01.2026
Республика бўйича навбатчиликка чиққан ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланади – манба
11:14 / 09.01.2026
Фарғонада чегара-божхона постида гиёҳвандлик воситалари қўлга олинди
08:39 / 06.01.2026