Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хавотирли прогноз: 15 йилдан сўнг минтақа музликлари билан боғлиқ вазият оғир нуқтага етади
"2040 йилга бориб Марказий Осиё музликлари кескин эрий бошлайди" – 16-17 сентябр кунлари «Иқлим ўзгариши шароитида тоғ музликларининг инновацион мониторинг усуллари ва гляциологиянинг долзарб муаммолари» мавзусида илмий конференция бўлиб ўтди. Унда хорижий ва маҳаллий олимлар хавотирли прогнозлар билан бўлишишди ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар борасида суҳбатлашишди.
Халқаро конференция олимлар, мутахассислар ва сиёсатчиларни бирлаштириб, глациология бўйича инновацион методлар, энг сўнгги илмий натижалар ва амалий тажрибаларни муҳокама қилиш имкониятини яратади. Шунингдек, музлик мониторинги қурғоқчиликни бошқариш, сув ресурсларини тақсимлаш ва интеграциялашган ресурсларни режалаштириш каби кенгроқ масалалар билан боғланади. Бу жараён Сув-Энергия-Озиқ-овқат Экотизим (WEFE) Nexusi доирасида амалга оширилади. Тадбирдан кўзланган мақсад минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, криосфера кузатув методларида техник салоҳиятни ошириш, музликлар ва қор қопламлари ўзгаришларига оид масалалар ечимларни муҳокама қилишга ҳамда музлик маълумотларини кўп тармоқли WEFE бошқарув тизимларига интеграция қилишдан иборат.

Дониёр Турғунов, Гидрометеорология илмий тадқиқот институти директори: Сўнгги 10 йилликда музликларнинг кескин эриши кузатилди. Бу тенденцияда эриб бориладиган бўлса, 2050-йилга бориб Марказий Осиёдаги музликлар майдонининг қарийб 50% га яқин миқдорини йўқотишимиз мумкин. Қандай конкрет инструментлар мавжуд музликларни сақлаб қолиш бўйича? Сунъий ландшафт яратиш, музликлар жойлашган ҳудудлар – нивал ҳудудларда сунъий ландшафтлар яратиш орқали. Ҳамда сунъий музликлар яратиш.

Аброр Ғафуров, Германия ер ва сув тадқиқотлари маркази вакили: Ҳозир музликлар эриши давом этяпти. Асримизнинг охиригача бориб, музликлар кескин камайиб кетади. Умумий ҳисобни оладиган бўлсак, 2100-йилларга бориб, ҳозирги мавжуд музликларнинг 20-30% қолиши ҳисоб-китоб қилинган. Лекин музликларни ўрганишда, музликларнинг сув ресурсларига бўлган таъсирини ҳисоблашда битта нарсага эътибор бериш керак. Бу инглиз тилида “типпинг поинт” дейилади. Бу музликларнинг сув бериш максимал вақти. Оддий бир мисол қилиб айтадиган бўлсам, холодилникдаги музни ташқарига чиқариб қўйсангиз, эришни бошлайди. Ундан келаётган сув кўп бўлади. Қачонки ўша музнинг массаси кескин камайиб кетсагина, ундан кам сув келишни бошлайди.
Ўша вақт қачон келади, деган саволни ўртага қўйиш керак Марказий Осиё учун. Чунки худди шунақа музликларимиз холодилникдан чиқариб қўйгандек, тоғларда турибди, эриб кетяпти улар. Ҳозирча кўп сув беряпти, дарёларимизга кўп сув келяпти. Ҳатто шунақа дарёларимиз бор, ўтган тарихдан кўра кўп сув келаётган дарёларимиз ҳам бор. Музликларнинг кескин эриши оқибатида. Музликлар тез эриса, кўп сув келади, лекин келажак учун сув қолмайди, сув захираси камайиб кетади.
Бизнинг ҳисобларимиз бўйича, шахсан ўзимнинг ҳисобларим бўйича, бу 2040-йилларга тўғри келади. 15 йил тахминан вақтимиз бор. Биз учта ҳавзада бу изланишларни олиб борганмиз: Норин, Қорадарё, Тўхтагул сув омборига қуйиладиган дарё.
Ечимлар — ҳозирдан тайёргарлик кўриш. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувдан тежамкор технологияларни жорий этиш. Буларсиз барибир биз келажакда сув ресурсларини бошқаришни эплай олмаймиз. Ҳақиқатан шунақа. Иккинчиси — сув захираларини кузатиб бориш. Сув захираларига қараб, сув бошқариш стратегияларини ишлаб чиқиш.
Ўзбекистон Республикаси тахминан 50 миллиард сув ишлатади қишлоқ хўжалигига. Шунча сув келмаса, қишлоқ хўжалигимиз яхши бўлмайди. Қишлоқ хўжалигида сувга талаби катта бўлган ўсимликлар бор, сувга талаби катта бўлмаган ўсимликлар бор. Сувга талаб катта бўлган ўсимликларни кўпроқ экса, балким ҳосилдорлик яхши бўлар, балким иқтисодиётга яхши бўлар. Лекин буларнинг ҳаммаси сувга боғлиқ. Сув келсагина шуни қила оламиз, сув келмаса – қила олмаймиз.
Сувни сотиш тажрибаси ҳақида. Жаҳон тажрибасида мен билганларим – амалиётда кенг қўлланилмайди бу. Сув барибир табиий ресурс, ҳар йили шаклланадиган нарса, тоғлардан оқиб келадиган нарса. Буни сотиш бошқа жойларда амалда кўрилмагани учун Марказий Осиёда ҳам келажак учун ижобий ёки салбий оқибат олиб келиши ҳақида мен ҳозир бирор нарса дея олмайман. Аммо ҳозирги баҳолашим бўйича, салбий бўлиб кетиши мумкин деган тушунчага бораман. Ундан кўра, Марказий Осиёда сув ресурсларини “бу ягона ресурсимиз” деган тушунча билан бошқариш, менимча, яхшироқ.

Темур Хўжаназаров, Киото университети илмий ходими: Музликларнинг ҳолатини биз 2016 йилдан бери кузатяпмиз. Музликлар аксар Қирғизистон, Тожикистонда жойлашган. Шуларни текширмасак, билмасак, Сирдарёнинг ўзига келган сувларни ёки Амударёга келган сувларни биз ўлчай олмаймиз, билмаймиз. Япониядан олиб келинган ускуналар Қирғизистонда ўзини кўрсатган. 2025 йили жуда кам ёққани учун, қор қоплами жуда кам бўлди ва музлик жуда кўп эриб кетди. Ўзим ҳам бориб кўрдим. Ҳаяжонга соладиган ҳолат. Илгари кўп бўлган музликлар энди кам – тезда эриб кетяпти. Бу йили икки баробар, 2024 йилга қараганда икки баробар кўп эриб кетган.
Ҳозир вазиятга сиёсат ҳам таъсир қиляпти. Биласиз, Афғонистонда катта канал қуриляпти. Шу канал ишга тушса нафақат Ўзбекистонга, Туркманистонга ҳам катта таъсир қилади ва илгари Оролгача олиб борилган сувлар ундан ҳам кам бўлади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Қашқадарёга катта таъсир бўлади.
Шокир Шарипов тайёрлади.
Мавзуга оид
11:05 / 24.12.2025
Ўзбекистондаги биринчи АЭС лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди
19:32 / 22.12.2025
Эко-стикер бўйича жарималар қўллаш 2 йилдан сўнг бошланади
09:59 / 26.11.2025
Хитой компанияси Навоийда атмосферага заҳарли чиқиндилар ташлашни камайтириш бўйича лойиҳаларни амалга оширади
18:09 / 25.11.2025