Light | 16:48 / 14.09.2018
13448
7 дақиқада ўқилади

Scrub Daddy: идиш ювиш губкасини смайликка айлантириб, уни 100 миллион долларга сотди

Америкалик Аарон Крауз идиш ювиш губкаси бозорида ажралиб туриш йўлини ўйлаб топди. Бугун унинг губкалари АҚШдаги энг машҳур губкалардан саналади. Беш йил давомида компания 50 миллионта губка сотишга муваффақ бўлди.

Фото: Scrub Daddy

Маълумотлар:

Сайт: scrubdaddy.com.

Старт вақти: 2012 йил.

Ходимлар: 50 та киши.

Асосчиларнинг стартдаги ёши: 42 ёш.

Асосчиларнинг олдинги фаолияти: тадбиркор

Имконият

Фото: Scrub Daddy

Идишларни ювиш губкаси – ҳар бир ошхонадаги зарурий элемент.Идиш-товоқларни ювиш, машинани тозалаш, уйни саранжом қилишда турли ишлаб чиқарувчилар губкаларидан фойдаланамиз. Кундаликда фойдаланиладиган элемент бизга шу қадар оддий кўринадики, унинг материали, ишлаб чиқарувчиси ва турли қўшимча функцияларни танлаш учун вақт сарфламаймиз.

Бироқ губкадан фойдаланганда жуда кўп муаммоларга дуч келинади: жуда тез эскиради, қаттиқ губкалар юзаларни тирнаши ва зарар келтириши мумкин, ҳар бир губка идишларнинг муайян тури учунгина мос келади.

Scrub Daddy (Чўтка ота) компанияси асосчиси Аарон Крауз ҳам айнан шундай муаммога дуч келди. Автомобилини тозалаётган пайтда уни ўта қаттиқ губка билан тирнаб олди. Ана ўшанда у ювиш губкалари бозорида ҳамма нарсани ювиш учун мос келадиган универсал губка кашф этилмагани ҳақида ўйланиб қолди. Scrub Daddy ғояси ана шундай пайдо бўлди.

Scrub Daddy губкасидан қандай фойдаланилади?

Scrub Daddy сайти маълумотларига кўра, уларнинг губкалари қуйидаги жиҳатлари билан ажралиб туради:

  • кирланган буюмларни тозалаш учун кўп жисмоний ҳаракат талаб этилмайди;
  • қўлдан сирпаниб кетмайди;
  • нозик буюмларни ювишда қўллаш мумкин;
  • куйган овқат қолдиғини осон ювади;
  • одатий губкалар каби ёқимсиз ҳид таратмайди;
  • Тезда тоза бўлади.

Смайл дизайнида яратилган губка нафақат дўкон пештахталарида ажралиб туради, балки қўшимча функционалликка эга: идиш ювиш вақтида кўзлар учун очилган тешикка бармоқларни тиқиб, стаканни ювиш мумкин. Смайл оғзидан санчқи, қошиқ ва бошқа кичик предметларни ювишда фойдаланилади. Агар губка музлатгичга қўйилса, қаттиқ бўлади, илиқ сувда эса аксинча юмшоқ ҳолатга келади.

Америкаликларнинг севимли губкаси идиш ювишга бўлган ёндашувни ўзгартирди. Шу кунга қадар 50 миллиондан ортиқ киши нархи қиммат бўлишига қарамай, Scrub Daddy губкаларини сотиб олди: олти губкадан иборат тўплам одатда 4-6 доллар туради, Scrub Daddy эса – 14 доллар.

Қандай бошлашган?

Фото: Scrub Daddy

Университетни тугатгач, Scrub Daddy’нинг бўлажак асосчиси Аарон Крауз кичик автомобиль бизнесини бошқарарди. Компания тез ривожланди ва 1994 йилга келиб, муваффақиятга эришди. Бир куни Крауз иш фаолияти давомида машиналардан бирини қаттиқ губкада тирнаб олади. Бу унда буюмлар юзасини яхши тозалайдиган, уларга зарар етказмайдиган губкалар зарурлиги ҳақида фикр уйғотди.

Қўлларни ёғли моддалардан ҳимоя қилиш мақсадида Крауз губкага полиуретан бўлагини қўшди. Янги кашфиёт аъло даржада ишларди. Дастлаб Крауз компанияси пардозлайдиган губкаларни ишлаб чиқарди. Кейин эса ишлаб чиқаришга оддий губкаларни ҳам қўшди. 2008 йилнинг августида 3M Крауз компаниясини қўлга киритди. Бироқ оддий губкаларни ишлаб чиқарувчи линияни заводда қолдирди.

Бир неча йил ўтгач, Краузнинг турмуш ўртоғи ундан жуда кир бўлган боғ мебелини тозалашни сўради. Круз ташлаб қўйилган тўпламдаги губкани топиб олди ва у мебелни яхши тозалаб, унинг юзасига зарар етказмаслигини пайқади. Губкалар идишларни ҳам яхши тозаларди. Ошхона буюмларини ювиш учун губкада бармоқлар кирадиган тешик очди.

Янги губкаларни Крауз озиқ-овқат дўконлари тармоғига сотди. Бироқ савдолар у қадар юқори бўлмади. Ана ўшанда Крауз АҚШнинг стартаплар учун Shark Tank шоусида иштирок этишга қарор қилди. Шоунинг моҳияти шундаки, маҳсулот ва хизматлар билан шуғулланадиган кичик бизнес вакиллари инвесторларга ўз ғоялари ҳақида сўзлаб беришади. Агар улар рози бўлса, ғояга пул тикилади.

2012 йилда Крауз Shark Tank’нинг тўртинчи мавсумида иштирок этаётганида маҳсулот инвесторларни қизиқтириши мумкинлигига ишончи комил эмасди. Бироқ теледўконлар орқали савдолар натижасида бойлик орттиришга муваффақ бўлган инвестор Лори Грейнер Крауз маҳсулотида салоҳият кўра олди ва компаниянинг 20 фоизлик улуши эвазига 200 минг долларлик келишувни амалга оширди.

Грейнер Краузга Scrub Daddy маҳсулотлар линейкасини QVC, Bed Bath & Beyond, Walmart ва Target каби савдо майдончаларида кенгайтиришга муваффақ бўлди. У ерда мазкур губкалар бестселлерга айланди.

Агар Shark Tank’ка чиққунича Scrub Daddy савдолари тўрт ой учун 100 минг долларга тенг бўлса, дастурнинг Крауз тушган эпизоди эфирга узатилгач, компания 18 ойда 18 миллион доллар ишлади.

Shark Tank эпизодидан кейин анча йил ўтгач ҳам Крауз компанияси ўз губкаларини сотмоқда. Крауз маҳсулот эскирмаслиги учун губкалар ранги, дизайни, ҳажмини ўзгартиради. Бугун компания маҳсулотлари орасида икки турли материалдан ишланган Scrub Mommy, лимон ҳиди қўшилган - Scrub Daddy Lemon Fresh, одатий дизайнга эга бўлмаган тўғри тўртбурчак - Big Daddy ва  кирланишларни тозалаш учун турли товарлар мавжуд.

Бизнеснинг бугунги ҳолати

Фото: Scrub Daddy

Компания даромади 2015 йил учун 20 миллион долларга тенг бўлган.

Асос солинган давридан бери компания 100 миллион долларлик губкаларни сотган. Бу эса SharkTank иштирокчи компаниялари орасидаги энг катта даромад. Грейнернинг сўзларига кўра, охирги уч йил ичида Scrub Daddy 75 миллион доллар ҳажмида даромад олиб келган.

Аарон Крауз ва Лори Грейнер яқин ҳамкорликни давом эттиришмоқда. Бугун Аарон Scrub Daddy’ни бозорнинг Brillo ва Lysol гигантлари орасида дунё брендига айлантириш истагида.

2016 йилда Аарон EY фикри бўйича “Йил тадбиркори” деб топилган.

Мавзуга оид