Ўзбекистон | 00:45 / 26.08.2020
18514
2 дақиқада ўқилади

Видео: Андижонда тест синовлари олдидан «репетиция» ўтказилди

Жорий йил Андижонда ОТМларга кириш синовлари «Баркамол авлод» спорт мажмуаси ўйингоҳи ва унга яқин очиқ спорт иншоотларида ўтказилиши режалаштирилган. 25 август куни имтиҳонлар олдидан тайёргарлик машғулотлари бўлиб ўтди.

Ўйингоҳда бир сменада 4 050, бир кунда 8 100 нафар абитуриент тест синови топширишига мўлжалланган.

Вилоятдаги 4та ОТМда ўқиш истагини билдирган 106 697 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилиб, танлов кўрсаткичи 15,5 тани ташкил этди.

Уларнинг 63 410 нафари кундузги таълим шаклига, 43 887 нафари сиртқи таълим шаклига ҳужжат топширди.

Низомиддин Тоштемиров

«Мазкур стадионлар ҳудудига ва биноларга кириш-чиқиш жойларида ижтимоий масофани сақлаш, санитария-гигиеник талабларга риоя этиш, ҳамда тест синовлари жараёнини тўлиқ видеокузатувга тушириш бўйича барча зарурий ишлар амалга оширилди. Ушбу спорт мажмуасида тест синовлари 12 кунда якунланади», – дейди Давлат тест марказининг Андижон вилоятидаги вакили Низомиддин Тоштемиров.

 25 август куни бўлиб ўтган ўқув машғулотида 2 мингга яқин «шартли абитуриент», 253 нафар гуруҳ назоратчилари, 266 нафар ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари, 36 нафар ФВВ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари, 80 нафар тиббиёт ходимлари, 110 нафар санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари иштирок этди.

Шунингдек, тадбирга ички ишлар ва миллий гвардияга қарашли 24 та, ФВВ Андижон вилояти бошқармасига қарашли 4 та махсус хизмат машиналари ҳамда 4 та тез тиббий ёрдам машиналари жалб этилди.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид