Спорт | 18:16 / 10.10.2022
28851
2 дақиқада ўқилади

Давлат Бобонов – дзюдо бўйича жаҳон чемпиони

Тошкентда ўтказилаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг -90 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Давлат Бобонов олтин медални қўлга киритди. Финални президент Шавкат Мирзиёев ҳам «Humo» аренасига келиб, бевосита кузатиб борди.

Фото: Getty Images

Тошкентда ўтказилаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида -90 кг вазн тоифасида финал якунига етди.

Ҳал қилувчи баҳсда Давлат Бобонов ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони италиялик Кристиан Парлати устидан ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Humo» аренага ташриф буюриб, финал баҳсини бевосита томоша қилди.

Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси саналмиш Бобонов бугунги курашларда дастлаб словакиялик Петер Зилькадан устун келган бўлса, сўнг жанубий кореялик Жеу Оп Ханни иппон эвазига мағлуб этди. Чоракфиналда эса болгариялик Ивайло Иванов ҳам иппон баҳоси билан таслим этилди. Муросасиз ўтган яримфинал баҳсида эса грузиялик Лаша Бекауридан устун келган ўзбекистонлик дзюдочи финалга чиқиб, Кристиан Парлатини мағлубиятга учратди.

Маълумот учун, 25 ёшли спортчи Токио-2020 Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган эди. 2021 йилда эса Будапештда ўтган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медали, Бишкекдаги Осиё чемпионатида эса олтин медалга эга чиққанди.

Мавзуга оид