Жаҳон | 17:50 / 25.12.2025
16910
3 дақиқада ўқилади

Афғон чегарасидаги отишмада тожикистонлик ҳарбийлар ҳалок бўлди

24 декабр куни Афғонистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтган террорчилар билан тожик чегарачилари ўртасида қуролли тўқнашув юз берди.

Фото: Asia-Plus

Тожикистон чегара қўшинларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси 24 декабрга ўтар кечаси Афғонистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтган террорчилар билан қуролли тўқнашувда ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса Шамсиддин Шоҳин туманидаги «Сарчашма» чегара отрядининг 5-сонли «Сод» чегара пости ҳудудида содир бўлган. 23 декабр куни соат 23:30 да уч нафар жангари давлат чегарасини яширинча кесиб ўтган, уларнинг жойи эртаси куни, 24 декабр соат 11:15 да аниқланган.

Чегарачиларнинг таслим бўлиш ҳақидаги талабига жангарилар ўқ узиш билан жавоб қайтарган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, террорчилар Тожикистон Чегара қўшинлари постларидан бирига ҳужум қилишни режалаштирган. Отишмада учала жангари ҳам ўлдирилган.

Тўқнашув жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учта М-16 милтиғи, битта Калашников автомати, хорижда ишлаб чиқарилган овоз сўндиргичлар билан жиҳозланган учта тўппонча, шунингдек, ўнта қўл гранатасини топиб, мусодара қилган. Бундан ташқари, қоидабузарлар ёнида тунги кўриш мосламаси, портловчи моддалар ва турли ўқ-дорилар бўлган.

Терактнинг олдини олиш операцияси давомида тожикистонлик икки ҳарбий хизматчи - Зирехбон Наврўзбеков ва Исматулло Қурбонов ҳалок бўлган. Чегара қўшинлари хизмат бурчини бажариш чоғида шахсий таркибнинг йўқолиши муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Хабарга кўра, сўнгги бир ой ичида бу Афғонистон ҳудудига келган ёки у ерда бўлган жангарилар томонидан тинч аҳоли ёки ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган учинчи қуролли ҳужумдир.

«Ушбу фактлар толиблар ҳукумати Тожикистон Республикаси билан давлат чегарасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда террорчилик ташкилотлари аъзоларига қарши курашиш бўйича ўзининг халқаро мажбуриятлари ва ваъдаларини бажаришда жиддий ва бир неча бор масъулиятсизлик кўрсатаётганини исботлайди», дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари хабарида.

Қўмита Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган «Толибон» ҳаракати раҳбарияти Тожикистон халқидан расман узр сўраши ва чегарада хавфсизликни мустаҳкамлаш учун таъсирчан чоралар кўришига умид билдирди. Шунингдек, давлат чегараларини ҳимоя қилиш учун барча зарур куч ва воситалар мавжудлигини қатъий таъкидлади.

Ҳозир чегарадаги вазият тинч деб баҳоланмоқда, ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ноябр ойи охири ва декабр ойи бошида Афғонистон томонидан Тожикистонга кирган жангарилар хитойлик ишчиларга ҳужум қилиб, дастлаб улардан уч нафарини, сўнгра яна икки нафарини ўлдирган эди. Можаро ортидан Хитой ва Тожикистон расмийлари ўртасида дипломатик таранглик юзага келди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид