Ўзбекистон | 13:09 / 22.01.2021
4778
2 дақиқада ўқилади

«8153 нафар юртдошимиз коронавирусга қарши вакцина синовида иштирок этяпти» - Нурмат Отабеков эмлаш тадбирлари ҳақида гапирди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков COVAX (коронавирусга қарши эмлаш механизми) доирасида Pfizer/BioNTech компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган Comirnaty вакцинаси дастлабки босқичда 100 минг доза ҳажмида мамлакатга олиб келинишини маълум қилди. Бу хавф гуруҳига мансуб 50 минг нафар аҳолини икки маротаба эмлашга етади.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Бундан ташқари, миллий эмлаш календарига мувофиқ, республикада 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Мамлакат тиббиёт тизимининг барча бўғинларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг барча талабларига жавоб берадиган 2-8 ℃ ҳароратга мўлжалланган совуқлик занжири инфратузилмаси тўлиқ яратилган. Россиядан олиб келинган 100 доза “Sputnik V” вакцинаси -20 ℃ ҳароратда сақлаб турилибди. Бир вақтнинг ўзида “Sputnik V” вакцинасини тезкор сертификациялаш ва Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Хитойнинг "Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги рекомбинант вакциналар келтирилган бўлиб, уларнинг синов жараёнларида 8 нафар хитойлик мутахассис ҳам иштирок этмоқда ва амалга оширилаётган барча тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қошида ташкил этилган иммунизация штаби томонидан кузатиб борилмоқда.

“2021 йилнинг 21 январь ҳолатига коронавирус касаллигига қарши вакцинанинг синов жараёнида иштирок этиш истагини билдириб, 8153 нафар кўнгиллилар мурожаат этди. Қачонки, у ёки бу давлатда аҳолининг 70 фоиздан ортиқроғида турғун иммунитет бўлмас экан (касалланиш ёки эмлашдан кейин), эпидемик жиҳатдан барқарорликни таъминлаш қийин бўлади. Фақат, вирус юқтирганлиги ёки юқтирмаганлигидан қатъи назар коронавирусга қарши эмланиш мазкур вирус билан касалланишни сақлайдиган асосий омил бўлиб қолаверади”,- деб таъкидлади Нурмат Отабеков.

 

 

Мавзуга оид