Ўзбекистон | 15:06 / 14.01.2021
23869
3 дақиқада ўқилади

«Акция тугаган». Ўзбошимча ва ноқонуний қурилмалар эгаси эндиликда жавобгарликка тортилиши мумкин

Ўзбошимча ва ноқонуний қурилмаларга давлат томонидан бир марталик авф эълон қилинганди. Эндиликда бундай акция ўтказилмайди. Ўзбошимча қурилма эгаси эса жавобгарликка тортилиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган бир марталик афв муддати тугагани боис, эндидан ўзбошимча ва ноқонуний қурилмалар эгаси жавобгарликка тортилади.

Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Мурод Файзуллаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, акция доирасида Тошкент шаҳридан 36 минг 568та мурожаат келиб тушган, шундан 71 фоизи ижобий ҳал этилган, 17 фоизи рад этилган, 12 фоизи субъектив ва объектив сабабларга кўра комиссия ишчи гуруҳи ўрганишида турибди.

«Акция тугаганига қарамай, 12 фоиз аризалар ҳокимликларда турганининг сабаби шундаки, Шайхонтоҳур туманида «Эски шаҳар» ҳудуди, Юнусобод туманида «Ҳасанбой» ҳудудида каналлар бор, бу каби ҳудудларда турган объектларга жавоб бериш ва ижобий ҳал қилиш имконияти йўқ. Эндидан ноқонуний қурилма аниқланганда, чора кўрилади. Буёғига акция бўлмайди, давлатнинг ерини асрашимиз керак. Aммо чора кўришдан олдин, биринчи галда тушунтириш ишлари олиб борилади», – деди Мурод Файзуллаев.

Бошқарма бошлиғига кўра, ноқонуний ҳолатлар аниқланиб кадастр хизматига мурожаат келиб тушса, жойига чиқиб вазият ўрганилади. Aгар объект ўзбошимчалик билан эгалланган бўлса, ҳолат юзасидан тегишли органларга хабар берилади ва таъсир чоралари кўрилади.

Таъкидланишича, 2020 йилда 676та ҳолат бўйича ишлар судга оширилган ва тақдимномалар киритилган. Масалан, Сергели тумани «Саватча» мааҳалласида 19та қурилма туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда жойларда бартараф этилган.

Аввалроқ, бирор шахснинг ўзига қарашли бўлган, лекин ноқонуний қурилган уйига қонуний эгалик қилиш ҳуқуқини тақдим этган бир марталик умумдавлат акциясидан сўнг, уни қайта ўтказишга эҳтиёж сезилмаётгани маълум қилинган эди.

Таъкидланишича, яна 100 минг нафар аҳоли акция доирасида мурожаатини билдирмагани маълум бўлган.

«Уларнинг мурожаат қилмагани ўрганилган. Бунинг сабаби, қурилма эгаларининг мулк ҳуқуқини эътироф этилишига эҳтиёжи бўлмаган ҳамда долзарб эмас», — деган Кадастр агентлиги директори ўринбосари Шерзодхўжа Ҳабибуллаев.

Адлия вазирлигининг маълумот беришича, ушбу акция давомида республика бўйича 200 мингга яқин мурожаат бўйича ноқонуний қурилмага нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган. Бу эса умумий мурожаатларнинг 33 фоизини ташкил этади. 

Акция доирасида қабул қилинган 25 мингга яқин мурожаат бўйича эса комиссия ижобий хулосасига қарамасдан, туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан асоссиз равишда қарор қабул қилинмаган.

Мавзуга оид