Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Урганчдаги ягона тарихий обида яна хавф остида. Маданият вазирлиги унинг олдидаги қурилиш лойиҳасини маъқуллаган
Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» тарихий-меъморий обидаси майдони олдида яна қурилиш ишлари бошланди. Бу жойдаги ер майдони Урганч шаҳар ҳокимлиги қарори билан тадбиркорга ажратиб берилган.
2 йил олдин Kun.uz сайтида бу ҳақда мақола берилган, шундан сўнг қурилиш тўхтатилиб, қарор бекор қилинган, салкам 400 йиллик тарихга эга маданий мерос объекти жозибаси сақлаб қолинишига умид билдирилганди.
Дунёнинг ривожланган давлатларида тарихий обидалар кўз қорачиғидай асралади. Уларнинг атрофи иҳоталанади, обод қилинади, ҳеч қандай бинолар билан тўсилмайди. Келгуси авлодларга шикастсиз етказиш ҳақида қайғурилади. Улар билан боғлиқ ҳар қандай ўзгариш, реставрация қилиш, таъмирлаш, ён-атрофида бирор қурилиш ишларини бошлашдан олдин жамоатчилик фикри ўрганилади, ҳатто референдумлар ўтказилади.
Ўзбекистонда ҳам умуммиллий бойлигимиз бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, тарихий кўринишини сақлаб қолиш, илмий ўрганиш, туристик жозибасини ошириш, тарғиб қилиш ва бойитиб бориш борасида кўплаб қонунлар қабул қилинган. Афсуски, биз уларга амал қилмаймиз, аждодларимиз меросини, тарихимизни қадрламаймиз. Қонунлар билан кафолатланган ижтимоий муҳит нима эканини тушунмаяпмиз, халқимизнинг кўркам ва обод ҳудудда яшашга ҳуқуқи борлигини билмаймиз. Биз давлат ва умумхалқ манфаати ҳар қандай шахснинг манфаатидан устун эканини унутганмиз. Бу мулоҳазаларни Урганч шаҳридаги ягона тарихий обида атрофидаги хунук воқеалар мисолида тавсифлашга уриниб кўрамиз.

Нима воқеа юз берди?
2018 йил кузида Урганч шаҳридаги ягона тарихий обида - «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» олдида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Сайтда бу ҳақда «Урганчдаги тарихий обида ноқонуний қурилиш объекти билан тўсилмоқда» номли мақола эълон қилинган эди.
«Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» тарихий, меъморий, эстетик ва ижтимоий-маданий қимматга эга бўлган диний ёдгорлик, Урганч шаҳридаги ягона тарихий қадамжодир. У 1646-1648 йилларда Янги Урганч шаҳри асосчиси Абулғозий Баҳодирхон томонидан барпо қилинган. Кейинчалик, хароба аҳволга келиб қолган.
2005 йилда Маъмун академиясининг 1000 йиллиги нишонланиши муносабати билан қайта таъмирланиб, обод қилинди. Атрофидаги майдон кенгайтирилди ва кўркам кўринишга келди. Мажмуа давлат ҳимоясига олинган ва Маданият вазирлигининг тасарруфидадир. «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» нафақат Урганчнинг, балки Хоразм вилоятининг туристик салоҳиятига жозиба берувчи муҳим объектдир.

2018 йили Тинчлик кўчасида жойлашган обида олдидаги ҳудуддан 450 метр квадрат ер майдони Урганч шаҳар ҳокимлигининг 1593қ-сонли қарори билан якка тартибдаги тадбиркор Шаҳноза Абдуллаевага икки қаватли «Ёшлар китоб дўкони» биноси қуриш учун ажратиб берилган. Ҳужжатни собиқ ҳоким Одилбек Сапаев имзолаган.
Аммо ажратилган ер майдони Маданият вазирлиги муҳофазасига олинган тарихий обида олдида экани, қурилиш ишларини бошлаш учун вазирлик рухсати бўлиши шартлиги «ҳокимбува»ни ҳам, ҳокимлик ҳузуридаги «ер ажратиш масалалари билан шуғулланувчи комиссияни» ҳам хавотирга солмаган.
2018 йили тадбиркор китоб дўкон қурилишини бошлаш учун тегишли идораларнинг рухсатини олган бўлса-да, айнан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш асосий вазифаларидан бири ҳисобланадиган Маданият вазирлигидан розилик олмаган. Биз мақолада мана шу жиҳатга эътибор қаратдик. Мақсадимиз – тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш эмас, балки тарихий обиданинг олдидаги майдоннинг чиройи ва кўрки, муҳити сақланиб қолишига эришиш, шаҳарнинг туристик жозибасига путур етишининг олдини олиш эди. Мақола билан Маданият вазирлигининг обида олдидаги қурилишга рухсат бермаслигига, уни муҳофаза қилишига умид боғлаган эдик.
Мақоладан сўнг, вилоят ва шаҳар раҳбарлари ташаббуси билан қурилиш ишлари тўхтатилди. Тарихий обиданинг атрофи яна аввалги ҳолатига қайтарилди. Урганч шаҳар ҳокимлиги эса 2018 йил 22 ноябрь куни янги 2926қ-сонли қарори билан тадбиркорга ер ажратилиши ҳақидаги 1593қ-сонли қарорини бекор қилди.

Маданият вазирлигининг рухсат бериши ва иккинчи марта қурилиш бошланиши
2019 йилда тадбиркор Шаҳноза Абдуллаеванинг вакиллари Маданият вазирлигига мурожаат қилиб, китоб дўкон қурилиши учун рухсат олишга муваффақ бўлишган.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Реставрация ва муҳофаза қилиш илмий-методик кенгаши «Дошқинжон бобо» мажмуаси маданий мерос объекти биносининг шимолий-шарқ томонидан қурилиш режалаштирилган китоб дўкони ишлари эскиз лойиҳасини баландлиги ер сатҳидан 6 метрдан ошмаслик ва Хоразм миллийлигини эътиборга олган ҳолда қилиш шарти билан ҳамда Хоразм вилояти минтақавий давлат инспекцияси хулосасига асосан маъқуллаган.
Бундан ташқари, тадбиркор Шаҳноза Абдуллаева маъмурий судга мурожаат қилиб, ҳокимликнинг ер ажратишни бекор қилиш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топишга эришган. Бу мавзуда бир неча суд маҳкамалари ўтказилган бўлса, барчасида тадбиркорнинг фойдасига қарор чиқарилган.
Жумладан, суд ўз қарорини қабул қилишда Урганч шаҳар ҳокимлиги ер ажратилиши ҳақидаги қарорни суд тартибида бекор қилинишига эришмагани, тадбиркорни бу ҳақда огоҳлантирмагани, ерлардан фойдаланиш ва уларнинг муҳофазаси устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини огоҳлантирмагани ва ер участкаси олиб қўйилиши ҳақида тақдимнома киритмагани, тадбиркорга ўз фикрини билдириш имконияти берилмагани, шунингдек, китоб дўкони қурилиши Маданият вазирлиги томонидан маъқуллангани, тегишли ташкилотлар рухсати олингани, қурилиш ишлари бошланадиган ҳудуднинг ён атрофидаги бино ва иншоот фойдаланувчилари томонидан ёзма тарзда норозилик билдирилмаганини қайд этган.
Натижада, 2020 йил кузида «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» олдида қурилиш ишлари қайтадан бошланди.

Маданият вазирлиги 6 метрли, 1 қаватли бино қурилишига қарши эмас
Маданий мерос объектларини, жумладан, «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи»ни муҳофаза қилиш асосий вазифаларидан бири ҳисобланадиган Маданият вазирлиги қошидаги илмий кенгаш билан ишлаш бўлими бошлиғи Фарҳод Жумадурдиев бу воқеаларга изоҳ берди.
«Бу масала илмий кенгашда кўриб чиқилди. Аввал лойиҳадаги бинонинг фасад қисмига эътироз билдирилди. Тадбиркор уни ўзгартирди, кейин лойиҳа тасдиқланди. Биз бинонинг фасади билан қават баландлигини кўриб берганмиз. Қурилиш ишларига биз рухсат бермаймиз, ҳокимлик рухсат беради. Қурувчининг лойиҳасига 2-3 марта эътироз билдирдик, кейин у лойиҳанинг фасади ва қаватини ўзгартирди. Фасади миллий услубда бўлиши шарти билан лойиҳа маъқулланди», деди Жумадурдиев.
Маданий мерос департаменти бўлим бошлиғи Ҳасан Холмуродов ҳам ҳолатга изоҳ берди.
«Тадбиркор 1 қаватли кутубхона қуриш бўйича лойиҳани илмий кенгашга киритди. Вазирлар Маҳкамасининг 265-сонли қарори билан белгиланган, агар қурилиш маданий мерос объектларидан 50-100 метр масофада бўлса, биз лойиҳани кўриб чиқамиз. Зиёратгоҳга таъсири бўлмаган ҳолда, 50 метр узоқликда бино қурилиши лойиҳаси тақдим қилинди. Мана шу лойиҳа тасдиқланди. Сабаби – объектдан узоқ бўлгани. Шунингдек, баландлиги ҳам обида баландлигидан ошиб кетмаслиги шарти билан рухсат берилди», деди у.
Тадбиркор Шаҳноза Абдуллаева шу жойда қурилиш ишларини якунига етказиш қарори қатъий эканини маълум қилди.
«Лойиҳани ўзгартириб, қайта ишлаб, Маданият вазирлигидан рухсат олдик. Судлар ҳам бизнинг фойдамизга қарор чиқарган. Кутубхонани шу ерга қурамиз. Ҳокимлик бошқа жойдан ҳам ер таклиф қилди. Масжиднинг ёнидан таклиф қилган эди, рози бўлмадик», деди у.
Урганч шаҳар ҳокимлигида вазият билан яқиндан таниш бўлган ходимнинг сўзларига кўра, тадбиркор Шаҳноза Абдуллаева вакилларига шаҳарнинг бир неча қисмидан ер таклиф қилинган, аммо улар рози бўлмаган. Чунки ҳозирги ажратилган ер шаҳар маркази ва гавжум жойда жойлашган. Бу ҳақдаги саволга тадбиркор Шаҳноза Абдуллаева жавоб беришни истамади.
Шунингдек, Урганч шаҳар ҳокимлигидан ҳам тарихий обида билан боғлиқ саволларга ҳозирча жавоб бўлмади.
«Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» атрофидаги воқеаларнинг қисқача мазмуни шундай.

Маданият вазирлигига эътироз ва ўзгариб қолган «шубҳали» лойиҳа
Икки йил олдинги мақолада Маданият вазирлиги лойиҳани зинҳор маъқулламаслигига, обида олдидаги кўркам майдон сақланиб қолишига, вилоят, шаҳар раҳбарлари бу можарода барчани, жумладан, тадбиркорни ҳам қониқтирадиган қандайдир ҳуқуқий ечим топишига умид билдирилган эди. Амалда эса бунинг тескариси бўлиб чиқди.
Маданият вазирлигининг ижобий хулосаси суд қарорларига ҳам салмоқли таъсир кўрсатди. Илмий кенгаш фикрига кўра, агар бино баландлиги 6 метрдан ошмаса ва дизайни Хоразм миллийлигини эътиборга олган ҳолда қилинса, китоб дўкони қурилиши обидага зиён етказмас экан. Дарҳақиқат, обидага «жисмоний» зиён етказилмайди, аммо унинг атрофидаги тарихий муҳит нима бўлади, «маънавий» зиёнчи? Кечирасиз, боғ ҳақида гапирилса, вазирлик ходимлари тоғ ҳақида мулоҳаза қилмоқда.
Қўлимизда Маданий мерос объектлари илмий бошқармаси бошлиғи Иргашев А.А., Хоразм вилояти бош архитектори (исми-шарифи ёзилмаган) ва Урганч шаҳар бош архитектори (исми-шарифи ёзилмаган) томонидан имзоланган лойиҳа бор.

Унда «Кутубхона» деб номланган, «6 метрдан ошмайдиган ва 1 қаватли» бино «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи»ни тўсиб турганини кўриш мумкин. Бу лойиҳада тарихий обида кўркам майдоннинг асосий элементи хусусиятини йўқотмоқда. Бунда айнан «Кутубхона» (ёки «Китоб дўкони») кўркам тарихий майдоннинг бош элементига айланмоқда. Ҳужжатга имзо қўйган соҳа мутахассислари – архитекторлар буни инкор қилишмаса керак.
Муҳтарам Маданият вазирлиги олимлари, мутахассислари, ходимлари. Сизларни Урганч шаҳрига таклиф қиламиз. Келинг, мана шу майдон олдида бирга сайр қилайлик, вазиятни қоғозда, лойиҳада эмас, «жонли» кўрайлик. Лойиҳаси маъқулланган «6 метрдан ошмайдиган 1 қаватли» бино тарихий обидани тўсадими ёки йўқми, кейин баҳо берайлик. Ундаги тарихий муҳит, жозиба йўқоладими ёки йўқми, хулоса қилайлик.
Яна бир нарса эътиборга лойиқ: ушбу бино барча ҳужжатларда «Китоб дўкони» номи билан келади. Жумладан, Урганч шаҳар ҳокимлиги қарорида ҳам. Аммо бу лойиҳада эса у негадир «Кутубхона»га айланиб қолган. Ваҳоланки, тадбиркор фаолият турини ўзгартириши учун, яъни «Китоб дўкони»ни «Кутубхона»га айлантириши учун ҳокимлик томонидан янги қарор чиқарилиши шарт. Бундай ҳужжат ҳокимлик томонидан имзоланмаган.

Тарихий обида билан боғлиқ нохуш ҳолатларга барҳам берилиши, муаммо ҳал қилиниши мумкинмиди?
Ҳа, мумкин эди.
Урганч шаҳар ҳокимлиги собиқ ҳокимнинг ер ажратиш ҳақидаги қарори бекор қилинишига эришиш мақсадида ҳуқуқий чораларни етарли даражада амалга оширмаган, деб ҳисоблаймиз. Мисол учун, судларда тарихий обида ҳимояси учун жамоатчилик вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари, соҳа фахрийлари, ҳуқуқшунослар, тажрибали адвокатлар, депутатлар жалб қилинмади, кучли жамоа тузилмади. Урганч шаҳар халқ депутатлари бирор марта (!) бу масалани сессияларда муҳокама қилишмади, қарор қабул қилишмади. Судга бориб тарихий меросни ҳимоя қилишмади. Тадбиркорни рози қиладиган, кўндирадиган ечим топилмади. Натижада, судларда ютқазилди. Ваҳоланки, бу можарони ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиш учун 2 йил етарли муддат эди.
Тарихий обида олдидаги ерни тадбиркорга ажратиб берган собиқ ҳоким, шунингдек, буни маъқуллаган комиссия аъзолари хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинмади, ҳуқуқий баҳо берилмади. Бу чоралар келажакда шундай нохуш ҳолатларнинг олди олиниши учун муҳим эди.
Маъмурий суд тадбиркорнинг аризасини қаноатлантириш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлаб «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонини асос қилиб келтирган. Унда давлат органининг (мансабдор шахснинг) маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи, агар у инсофли инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилиши, унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳоллар бундан мустасно эканлиги кўрсатилган.
Бу қарор фақат инвестор ва тадбиркорнинг қонуний манфаатини ҳимоя қилмаяпти. Эътибор берайлик, унда «жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳолат» ҳам қайд этилган.
Батафсил шарҳ берадиган бўлсак, ҳокимлик ўз қарорини бекор қилиши агар у инсофли инвестор ёки тадбиркорнинг қонуний манфаатларига дахлдор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилиши лозим. Аммо агар жамоат (жамият, умумхалқ) манфаатларига таҳдид солса, қарорни судга мурожаат қилмаган ҳолда, ўзи, ҳеч қандай судсиз бекор қилиши ҳам мумкин.
Урганч шаҳар ҳокимлигининг ер ажратишни бекор қилиш ҳақидаги қарори айнан шу тоифага кирар эди. Чунки, халқнинг қулай ижтимоий муҳитда яшаш ҳуқуқи, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, келгуси авлодга етказишга қаратилган хатти-ҳаракатлари – айнан жамоат (жамият, умумхалқ) манфаатига киради. Аммо суд қонуннинг бу бандидаги меъёрларни қўллашда умумхалқ манфаатини эмас, тадбиркор манфаатини ҳисобга олди.

Ижтимоий тармоқлардаги шов-шувлар
Ижтимоий тармоқларда масаланинг моҳиятини чуқур англамаган баъзи блогерлар, ҳатто давлатга тегишли телекомпания (!) томонидан «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» атрофидаги воқеалар «ҳокимлик томонидан тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилиш» қабилида ташвиқот қилинди.
Блогерлар-ку майли, давлат ташкилотининг умумхалқ манфаати билан бошқа шахслар манфаатининг фарқига бормаслиги кишини ажаблантирди. Халқнинг миллиардлаб пулига фаолият юритаётган ташкилот халқ манфаатига зид ҳолат ижобий баҳоланган кўрсатувни тайёрлади, ҳокимликнинг суддаги мағлубиятини, тадбиркорнинг ғалабасини «тантана» қилди. Ваҳоланки, бу халқ мағлубияти эди. Муҳтарам ҳамкасблар, қачондан бери тадбиркор манфаати умумхалқ ва давлат манфаатидан устун бўлиб қолди?
Бошқа бир ташкилот, фаолияти бевосита тарихий обидалар билан боғлиқ бўлган жуда катта идора олдинига «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи»ни ҳимоя этиб, мақола эълон қилди. Сўнгра уни ўчириб ташлади. Бу ташкилот ҳам давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ билан молиялаштирилади, тарихий обидаларни тарғиб қиладиган тадбирларга, уларнинг рекламасига халқнинг миллионлаб пулини сарфлайди.

Умумхалқ манфаати – ҳамма нарсадан устун
Тадбиркорнинг аҳоли гавжум жойда дўкон қуришга интилишини тушуниш мумкин. Аммо у қандай эзгу мақсадларда қурилиш қилмасин, унинг манфаати давлатнинг, халқнинг, жамиятнинг манфаатидан устун бўлмайди. Афсуски, сўнгги пайтларда бу темир меъёрлар унутилмоқда.
«Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» тарихимиз тимсоли, шаҳримиз кўрки, ота-боболаримиз мероси – мана шу жамоатнинг, жамиятнинг манфаати, маданиятимиз тимсоли, халқ бойлиги. Тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани баҳонасида тарихий обидалар, меъморий ёдгорликларнинг олдида қурилиш қилишга, уни тўсиб қўйишга ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Маданий мерос объектларини тўсиб қўядиган, уларнинг кўрки, чиройига путур етказадиган бино ва иншоотларнинг қурилишига, обида атрофини хунук ҳолатга келиб қолишига, ўзига хос тарихий муҳит бузилиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Тарихий обидаларнинг тўсиб қўйилиши, уларнинг эътибордан четда қолишига, аста-секин унутилишига, кейинчалик эса харобага айланиб, умуман йўқолиб кетишига олиб келиши ҳам мумкин. Буни тарихимизнинг «қора саҳифалари»да ўқиганмиз, ҳаётда ҳам кузатганмиз.
Афсуски, бу нохуш воқеанинг раҳбарлар, тегишли ташкилот ва идоралар томонидан ижобий ҳал қилинишига, барчани қониқтирадиган ҳуқуқий ечим топилишига, соғлом ақл билан иш кўрилишига соддаларча ишонган эканмиз.
P.S. Маданият вазирлигида «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» яқинида қурилиш ишлари бошланишига қарши фикр билдирган мутахассислар ҳам бўлганини эшитдик. Албатта улар озчилик эди. Хоразмлик ёш блогерлардан бири вазиятни чуқур ўрганиб, зиёратгоҳ олдидаги қурилиш умумхалқ манфаатига зид экани ҳақида лавҳа қилди. Бу мақолани тайёрлаш жараёнида кўплаб хоразмликлар билан суҳбатлашдик, улар фикрларимизни тўла қўллаб-қувватладилар. Барчангизга ташаккур билдирамиз, сизлар ҳақиқий ватанпарвар инсонсиз, бугунги кунимизнинг қаҳрамонисиз. Раҳмат сизларга.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
08:25 / 07.02.2026
Centrum Air'нинг Урганч—Тошкент рейсига 12 йўловчи “сиғмай” қолди
18:57 / 25.01.2026
Урганч–Хива йўналишида пулли автомобил йўли қурилади
23:12 / 14.01.2026
Хивадаги Конгресс маркази ва Фарғонадаги экспомарказ лойиҳаси президентга тақдим этилди
10:52 / 25.12.2025