Ўзбекистон | 15:00 / 02.02.2019
23710
2 дақиқада ўқилади

ИИБ: Надя Непомняшая хорижга чиқиш паспортини олиш учун мурожаат қилди

Фото: UzNews

Асли ўзбекистонлик топ-модел Надя Непомняшая хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи паспортни олиш учун ИИБга мурожаат қилган. Бу ҳақда Kun.uz мухбири ИИБдаги манбасига таянган ҳолда хабар бермоқда. 

23 январь куни Лондондан учиб келган топ-моделнинг қўлга олингани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.

«Непомняшая хорижга чиқиш паспортини олиш учун мурожаат қилди ва ҳужжат учун суратга тушди. Аммо унга нисбатан юритилаётган жиноий иш бўйича суд якдил маълумот бера олади», — дейди ахборот манбаси. 

Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонованинг Kun.uz'га маълум қилишича, «унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган». 

«Чиқиш визаси муддати тугаганидан кейин учинчи давлатга чиққани учун унга жиноят иши очишяпти. У Москвада яшайдиган онасини кўргани тез-тез бориб турар эди», — дейди Надянинг дугонаси.

Маълумот учун, чиқиш визаси бўлмаган ёки муддати ўтган чиқиш визаси билан юрган ўзбекистонлик фуқаро Жиноят кодексининг 223-моддасига кўра, жиноий жавобгарликка тортилиб, минимал иш ҳақининг тўрт юз баробаригача жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазосини олиши мумкин.

Тайёрлаган:  Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид