Жамият | 08:20 / 22.12.2025
4993
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда адвокат 2 минг доллар олаётганда ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда пойтахтда фаолият юритувчи, муқаддам судланган адвокат фирибгарлик йўли билан 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда пойтахтда фаолият юритувчи адвокатлар ҳайъати аъзоси ушланди.

Маълум қилинишича, муқаддам судланган адвокат Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ ТБ иш юритувидаги Жиноят кодексининг 168-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов жараёнида гумонланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланмаслиги масаласини мансабдор танишлари орқали “ҳал қилиб бериш”ни ваъда қилган.

Тезкор тадбир давомида у фирибгарлик йўли билан 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид