Ўзбекистон | 11:20 / 29.04.2020
4994
9 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда биттадан мактабда ривожланишда турли нуқсони бўлган болалар учун синф очилади

Ногиронлиги бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Президентнинг “Ногиронлиги бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларининг:

ихтисослаштирилган таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шу жумладан заруратга кўра янги ўқув бино ва ётоқхона корпуслари қуриш, ўқув устахоналари ва лабораториялар ташкил этган ҳолда кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этишни Инвестиция дастури доирасида амалга ошириш;

замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ва тасдиқланган нормативлардан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган таълим муассасаларини тиббиёт жиҳозлари, махсус техник ва ёрдамчи асбоб-ускуналари, шунингдек, ўқув мебели ва анжомлари билан жиҳозлаш давлат бюджети маблағлари, шунингдек халқаро молиявий ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотлар грантлари доирасида келиб тушган маблағлар ҳисобидан амалга ошириш;

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида синов тариқасида биттадан умумтаълим мактабларида ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болалар учун таянч коррекцион синфлар очиш;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари учун ҳудудларда (3 та ҳудудда) ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабларини ташкил этиш;

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун мўлжалланган давлат таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълим 9 йиллик муддатда амалга оширилиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олаётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалар ўқиши учун тўланадиган тўловлардан озод этилади;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг тиббиёт ходимлари ва тарбиячи ёрдамчисига ҳамда имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари раҳбар ва педагог ходимларининг меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида, ўқувчига уйда якка тартибда таълим бераётган ўқитувчиларга 100 фоизи миқдорида тўланади;

ҳудудлардаги синов тариқасида ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болалар учун таянч коррекцион синфлар очилган умумтаълим мактабларига бир нафар дефектолог штат бирлиги ажратилади;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларида олий маълумотли мутахассис педагоглар (ўқитувчи ва тарбиячилар) фаолият юритишлари таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январдан бошлаб ихтисослаштирилган мактабларга 1 тадан шифокор ва ҳамшира штат бирлигини киритади;

б) Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

ўқувчиларнинг жисмоний ва ақлий талаб-эҳтиёжидан ва таълим муассасаларининг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда ихтисослаштирилган таълим муассасаларини оптималлаштириш ҳамда имконияти чекланган болаларнинг мослашиши ва интеграцияси учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларини босқичма-босқич махсус техник жиҳозлари билан таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритади;

2021-2025 йилларда Инвестиция дастури доирасида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб бориладиган ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг манзилли рўйхатини Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Бунда республикадаги мавжуд имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларини тўлиқ қамраб олишни назарда тутади;

в) Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблардаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт жиҳозлари, махсус техник ва ёрдамчи асбоб-ускуналар ҳамда бошқа анжомларни халқаро молиявий ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан харид қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

 

г) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олаётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болаларни ушбу муассасада ўқиши учун тўловлардан озод этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, бунда:

2021 йил 1 январдан бошлаб ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари зарур бўлган товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш ишлари муассасалар томонидан махсус ахборот порталига эълон бериш йўли билан ўтказиладиган танлов (тендер) натижалари бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали амалга оширилади;

2025 йил 1 январь кунига қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари учун мўлжалланган, Халқ таълими вазирлиги томонидан шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган тиббиёт жиҳозлари, махсус техник ва ёрдамчи асбоб-ускуналар ҳамда бошқа анжомлари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб педагог кадрларни тайёрлаш бўйича тааллуқли таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг тегишли ўқув дастурларига инклюзив таълим методикаси бўйича мавзулар киритилишини таъминлайди;

олий таълим муассасаларининг ўқув бинолари ва талабалар турар жойларида ногиронлиги бўлган шахслар (жумладан, ҳаракатланиши чекланган шахсларни махсус аравачаларда)ни ҳаракатланиши учун шарт-шароит яратади;

ўқув жараёнларини ташкил этишда ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида масофавий ўқитиш элементларидан фойдаланишни кенг жорий этилишини таъминлаш вазифаси юклатилади;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига дефектология (фаолият турлари бўйича) йўналишида сиртқи ва кечки таълим шаклида абитуриентларни қабул қилишда талабгорлар учун қўшимча равишда бир фоизли квота ажратади;

Олий таълим муассасаларига 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб (иш берувчилар) коррекцион педагогика ва дефектология соҳасида педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида тўлов-контракт асосида сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилади;

Бунда, ўқишга қабул қилиш тегишли иш берувчиларнинг тавсияси асосида камида беш йил иш стажига эга бўлган ходимлар ҳисобидан кейинчалик ушбу тизимда камида беш йил ишлаб бериш шарти билан иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат натижаларига асосан амалга оширилиши инобатга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларида жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болалар учун уйда якка тартибда таълим олишларини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан зарур жиҳозлар билан таъминлаб боради;

2021 йил 1 июлга қадар ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ҳудудлари ва хоналарини видеокузатув камералари билан жиҳозланишини таъминласин, видеоёзувлар махсус архивда камида бир ой давомида сақланишини назарда тутади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ихтисослаштирилган таълим муассасаларидаги видеокузатув камераларининг техник созлиги ва узлуксиз ишлаши, кейинчалик уларни Халқ таълими вазирлиги тизимида архивлаштиришни таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид