Ўзбекистон | 22:33 / 08.10.2020
8901
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Кудбиев: Солиқ ва кадастр тизимлари бирлашуви натижасида 1 млн.дан ортиқ қўшимча объект аниқланди

8 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласида видеоселектор ўтказилди.

Йиғилишда давлат раҳбари солиқ ва кадастр тизимларининг бирлаштирилишига ҳам эътибор қаратди.

«Олдин туманда БТИ деган ташкилот бўларди. Унинг бошлиғи ўзини ҳокимдан ҳам катта тутарди. Нотариуслар билан келишиб, битта ҳужжатга муҳр урарди, тамом. Кўп ишлар бўлиб кетган. Ҳозир ундай эмас, ҳаммаси ўзгарди», – деди президент.

Йиғилиш давомида ушбу масалага Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҳам тўхталиб ўтди.

«Чиндан ҳам солиқ ва кадастр тизимларининг бирлаштирилишидан сўнг биз маълумотларни солиштириб чиқдик ва шу пайтгача 7,6 миллионта ер-мулк солиғи тўловчи объектларга қўшимча яна солиққа тортиш мумкин бўлган 1 миллионга яқин объектлар борлигини аниқладик. Албатта, бу дастлабки ўрганишларимиз ва бу рақам ўзгариши мумкин.

Олдимизда 30 трлн сўмлик солиқ режаси бор ва бу режани бажарамиз. Бу маблағдан янги тузилаётган жамғармаларга 1,2 трлн сўм ўтказилиши режалаштирилган», – деди ДСҚ раиси.

Мавзуга оид