Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пул сотиладими? Ислом молиясидан нигоҳ
“Тез пул ишлаш”, “осон пул топиш”, “бир зумда бойиб кетиш” каби иборалар одамларни беихтиёр ўзига тортади. Бир қарашда улар жозибадор, баъзан эса ҳақиқатга яқин туюлади. Айримларда бу амалга ошаётгандек. Гўё қўл чўзсангиз бўлди – бойлик қўлингизга тушадигандек. Аммо бу хаёлларнинг тагида нима ётади? Ҳақиқатан ҳам пулни тез ва осон ишлаб топиш мумкинми?
Бойиб кетиш иллюзияси
Кўпинча одамларни тез бойишга ишонтириш учун катта натижага эришган тадбиркорлар мисол келтирилади. Уларнинг муваффақиятлари орқали “қаранг, сиз ҳам шундай қилсангиз бўлади”, дейилади. Лекин бу ерда катта зиддият бор: тез ва осон бойиш деярли имконсиз. Биз кўриб турган натижалар эса шунчаки нотўғри талқин қилинган бўлади. Аслида муваффақиятли инсонларнинг йўли осон бўлмаган. Уларнинг ортида йиллар давомида йиғилган тажриба, илм, қаттиқ интизом, тинимсиз меҳнат, сабр-тоқат ва қаноат ётади.
Кишида илмсизлик сабаб “бўшлиқ” мавжуд бўлса, кўпинча қисқа муддатли даромад ваъдаси билан тўлдирилади. Бу эса одатда молиявий пирамидалар шаклида намоён бўлади. Уларда кейин кирганларнинг пули аввалгиларга қайта тақсимланади, гўё “инвестиция даромади” каби иллюзияланади. Лекин охир-оқибат пирамида қулайди, минглаб одамлар пулидан айрилади.
Исломий олтин қоида
Қадимий, аммо ҳануз амал қилиб келаётган ислом молиясининг бир қонунияти бор: пул эвазига пул топилмайди. Пул фақат реал иқтисодиётга кириб, маҳсулот ёки хизматга айланиб, қиймат яратганидан сўнггина фойда келтиради.
Ислом молиясининг энг асосий тамойилларидан бири ҳам шунда: пул – товар эмас. Пул сотилмайди, фақат айирбошланади. Шу сабаб савдога оид қоидалар пулга нисбатан қўлланмайди. Пулнинг ўзига хос алоҳида тартиблари бор – уларни “сарф қоидалари” деб аташади.
Биз товарларни ёки хизматларни бевосита истеъмол қиламиз: нонни еймиз, либосларни киямиз, машинани миниб юрамиз. Пул эса бундай эмас. У жисмоний хусусиятига кўра қоғоз, металл ёки ҳисобдаги рақамлардир. Бизга пул орқали олинадиган манфаат керак. Масалан, қўлингизда бир миллион сўм нақд маблағ бўлса, уни қоғоз сифатида ишлатмайсиз. Балки уни озиқ-овқатга ёки хизматга сарфлайсиз. Яъни пул эҳтиёжимизни қондирувчи бошқа маҳсулот олишга сарфланди. Демак, пул – шунчаки восита. Унинг жисмоний қиймати йўқ, асл моҳияти унга юкланган ижтимоий вазифададир.
Пулнинг асл вазифаси
Тарих гувоҳ, турли даврларда пул вазифасини туз, тери, олтин, кумуш ва қоғозлар бажариб келган. Бугунги кунда рақамли воситалар ҳам бажармоқда. Ҳатто биз яшаб турган кунларда ҳам кўз ўнгимизда пул шакллари ўзгаришда давом этмоқда. Масалан, 500 сўмлик купюра энди савдода қабул қилинмайди – у қоғоз, сувенир ёки коллекцион буюм холос. Чунки унга берилган “пул вазифаси” бекор қилинган. Бу шуни кўрсатадики, пулнинг моҳияти унинг жисмида эмас, балки жамият унга берган вазифададир. Мушукни қанча пардоз қилсангиз ҳам шер бўлмагани каби, пул ҳам аслиятига кўра ҳеч қачон товар бўлолмайди.
Пул товар бўлмаса унда нима? Жавоб оддий: пул – восита. Пул тушунчаси жисмонан мавжуд эмас. Қуйидаги 3 та вазифани энг яхши шартларда бажара оладиган товарга пул вазифаси юклатилади: тўлов воситаси, қиймат ўлчови, бойлик тўплаш воситаси.
Меҳнат, сабр ва манфаат
Пулнинг моҳиятини англаган киши шошилинч бойлик ваъда қилаётган шиорларга учмайди. Чунки тез ва осон даромад – кўпинча алдамчи иллюзия. Ҳаётда текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади. Шунинг учун инвестиция қилишдан олдин лойиҳани қандай қиймат яратиши, жамиятга қандай фойда келтириши жиҳатидан яхшилаб ўрганинг. Шубҳангиз бўлса, илмли мутахассислардан маслаҳат сўранг.
Пул ишлаб топишда энг муҳими эса – қиймат яратишдир. Яъни одамлар учун фойдали маҳсулот, хизмат ёки ечим таклиф этиш, пулнинг натижа бўлиб қайтишига сабаб бўлади. Ҳақиқий бойликни айнан қўшимча қиймат (оддий хомашё ёки ресурсни қайта ишлаш, унга билим, меҳнат ёки инновация қўшиш орқали қўшимча фойда ҳосил қилиш) шакллантиради. Бу асос эътибордан четда қолса, “осон пул” ғояси пойдеворсиз иморатга ўхшаб, бир кун қулашга маҳкум бўлади. Ҳақиқий барака ва мустаҳкам бойлик фақат меҳнат, сабр ва жамият учун фойда келтирувчи қиймат яратиш орқали қўлга киритилади.
И.ф.д. Аброров Сирожиддин
Мавзуга оид
18:08 / 25.11.2025
Ўзбекистонда исломий банклар очилади. Аҳоли кутилмалари қанчалик реалликка яқин?
22:06 / 10.10.2025
Исломий молия – реал бозордан ажралмаган иқтисодиёт
20:42 / 16.09.2025
Ўзбекистонда исломий банклар учун лицензиялаш жорий этилади
12:05 / 25.02.2025