Ўзбекистон | 18:58 / 11.12.2023
13487
7 дақиқада ўқилади

Алифбодаги камчиликлар ниҳоят бартараф этиладими?

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрида ўтаётган «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» мавзусидаги халқаро илмий конференцияда чиқиш қилар экан, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги мавжуд камчиликлар ҳақида ҳам сўз очди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон номи турли жойларда ҳар хил ва нотўғри ёзилишини таъкидлаб, алифбо ислоҳоти бўйича баҳсларга қатъий нуқта қўйишни ҳамда айрим ўзгаришларни жорий этиш зарурлигини айтди.

«Гап бизнинг миллатимиз ва юртимиз номи ҳақида кетяпти», — деди Саида Мирзиёева ва экранда «Ўзбекистон» ёзувининг турлича ёзилишлари намойиш этилди.

«Тўғри, алифбо ислоҳоти янги баҳслар, тортишувлар, кўзда тутилмаган молиявий харажатларни келтириб чиқариши мумкин. Лекин яна бир бор таъкидлайман: гап ватан ва миллат номини тўғри ёзиш ҳақида кетар экан, бундай баҳс ва тортишувларни бас қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур», — деди давлат раҳбари ёрдамчиси.

Ҳуқуқшунос, ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев алифбо ислоҳоти масаласида кўпчилик тилга оладиган хавотир ва афсоналарни қисқача таҳлил қилди.

Бизда алифбо алмашмаяпти!

Алифбомиз ўша-ўша турибди ва яна туради. «Алифбо алмашса, халқ саводсиз бўлади», деганларнинг фикри тўғри, аммо бизда алифбо алмашаётгани йўқ ва бизга бу тааллуқли эмас.

1929 йилда арабчадан лотинга, 1940 йилда лотиндан кириллга ўтказилганда ҳақиқатан ҳам халқ маълум кўринишда саводсизлашган. Лекин бу ерда бир ёзувдан мутлақо бошқа ёзувга ўтиш ҳақида гап кетмоқда.

Бизда ҳозир алифбо ва ёзув алмашмайди. Ҳаттоки жиддий ўзгартирилмайди ҳам. Алифбодаги айрим ҳарфларнинг (минимум 2 та, максимум 4 та) шакли бироз, яна қайтараман, бирозгина ўзгартирилади.

Масалан:

Ў => Õ õ

Ғ => Ğ ğ

Бу шакллар барчага таниш, шундоқ ҳам ёзма ҳуснихатда шу каби шакллардан фойдаланамиз. Шу сабабли, «алифбо ислоҳоти халқни саводсиз қилади», деган баландпарвоз даъволар шунчаки афсона холос!

Алифбо ислоҳоти учун ваҳимали даражада катта маблағ кетмайди

Чунки барча дарслик ва китобларни қайта чоп этишга ҳожат йўқ, барча паспортлар ҳам алмаштирилмайди, ҳозирги пуллар ҳам ўз кучида қолаверади ва ҳ.к. Бу ҳақида олдин ҳам батафсил айтганман.

Алифбо ислоҳотига қарши қатлам доим иқтисодий томонини ҳам сўроқ остига олади ва китоблар, паспорт, ҳужжатлар, пул банкноталари, кўчадаги белгилар ва бошқа жойдаги ёзувларни бирданига алмаштириб чиқиш катта харажат талаб этишини айтишади. Ҳа, тўғри, буларнинг барчасини биттада алмаштириш катта маблағ талаб этади. Аммо биттада алмаштириш шартми ўзи?

Масалан, ҳозир кирилл ва лотин ёзувидаги пуллар, китоблар ва ҳужжатлар амалда бўлиб турибди, бу кимгадир халақит беряптими? Ёки совет даврида берилган туғилганлик гувоҳномаларини кимдир тан олмаяптими?

Алифбо ислоҳоти табиий жараёнда амалга ошиши керак. Дарсликлар ҳам, паспортлар ҳам, йўл белгилари ҳам ўз вақти-соати келганда алмашади. Унгача ҳозиргиси кучида бўлаверади.

Масалан, Ўткир (O‘tkir) исмли юртдошимизнинг паспорти 2028 йилгача кучга эга бўлса, ўша 2028 йилдагина паспортини (Õtkir ёзувли қилиб) алмаштиради. Унгача ҳеч ким паспортингда исминг хато, алмаштир, демайди. Тамом, вассалом.

Хуллас, алифбо ислоҳотида маълум бир харажатлар бўлиши табиий, аммо айримлар ваҳима қилганидек кўп харажат бўлмайди, ақлли чора-тадбирлар билан ўта минимал даражага туширилади.

«Нима бўлса ҳам, алифбо ислоҳоти масаласига якуний, қатъий якун ясаш вақти келди. Ва ўша қатъий, ақлли, пухта ўйланган қарор тез орада қабул қилинади деб умид қиламан», деб ёзади Х.Худойбердиев.

Лотин алифбосидаги камчиликлар ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Уларга яна бирма бир батафсил тўхталиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Мавжуд алифбодаги қийинчилик туғдираётган ҳарфларни айниқса O‘ o‘ ва G‘ g‘ ҳарфлари матн тузишда катта қийинчилик келтириб чиқараётганини барчи тилчилар, дастурчилар, журналист ва ёзувчилар эътироф этиб бўлишган.

Саида Мирзиёева бежизга O‘zbekiston ва o‘zbek сўзларини мисол қилиб келтирмади. Шуниси аниқки, компютернинг ҳеч қандай стандарт клавиатурасида O‘ ва G‘ ҳарфлари иштирок этган сўзларни бехато ёзиб бўлмайди. Бу ҳарфларни ёзишда қўлланадиган биртирноқни клавиатурада чиқариб бўлмайди. Фақат iOs ва Android тизимларигина гаджет клавиатураларини мослашган.

Бу икки ҳарф онлайн луғатлар қилишда, ҳэштег ёзишда ва қидирув тизимида катта ноқулайликлар келтириб чиқаради.

Гарчи Sh ва Ch ҳарфлари билан бундай ноқулайликлар бўлмаса-да, тилчиларимиз ўзларининг сўнгги конференциясида уларни ҳам Ş ва C кўринишида алмаштиришни таклиф қилишган. Бу ўзгартиришлар, ёзувимизни янада қулайлаштиришга хизмат қилса-да, 1995 йилдан буён шу алифбода саводи чиқиб бўлган ёшларимизнинг бир қисми Sh ва Ch ўзгартирилишини кўп ҳам хушламаяпти, бу бор гап.

Лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ алифбосида ҳам биртирноқли ҳарфлар янада кўпроқ эди: A‘, I‘, O‘, U‘, G‘, N‘. Уларнинг алифбоси ҳам 2009 ва 2016 йилларда ислоҳ қилиниб, биртирноқли ҳарфлар акутли ҳарфларга алмаштирилди: Á á, Ó ó, Í ı, Ú ú, Ǵ ǵ, Ń ń. Sh ва Ch ҳарфлари ўз ўрнида қолдирилди.

Чиндан ҳам, ҳозир бу кичик ўзгаришлар жорий этилса аслида ҳеч нарса ўзгармайди. Мактабдаги ўқувчиларимиз, шу алифбода саводи чиққан ёшларимиз қўлда ёзишда қандай ёзган бўлса, шундай ёзишда давом этишаверади.

Қарор қабул қилинган кундан кейин чоп этиладиган ҳужжатлар ва китобларда ўзгартирилган ҳарфлардан фойдаланилаверади. Эски ҳужжатлар ва китобларни қайтадан нашр этишга асло ҳожат йўқ.

Компютер маълумотлари, веб-сайтлар, электрон маълумотларни тўғрилиш эса бот ёрдамида бир зумда амалга оширса бўладиган иш. Бундан асло хавотир олмаса ҳам бўлади.

Энг муҳими — ислоҳ қилинган алифбо билан ўзбек тилининг ривожланиши учун жуда катта қадам ташланади. Муайян ҳарфларнинг белгиланиши барча иккиланишларга чек қўяди.

Президент ёрдамчиси сўзи ниҳоясида таъкидлаганидек, алифбодаги айрим ўзгаришларни тезроқ жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарур.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид