Жамият | 20:49 / 23.10.2025
5125
3 дақиқада ўқилади

Олмалиқда мураббий болаларни калтак билан «тарбиялаб» келган. У бу иши учун узр сўради

У ёш болаларни жазолаш ҳолатлари акс этган видеоларни инстаграмдаги саҳифасига қўйган – кўпчилик обуначилари унинг услубини маъқуллаган. Видеолардан бири бошқа платформада кенг тарқалиб кетгач, тегишли чоралар кўрилди, хусусан, шаҳардаги барча спорт мактаблари текшириладиган бўлди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги нодавлат спорт клубларидан бирида ишловчи мураббий Сухроб Мирзавалиев (у ўзини ММА бўйича профессионал жангчи ва мураббий сифатида кўрсатган) болаларни тарбиялаш учун уларни калтаклашни одат қилган.

Болалар 4-5 ёшдан бошлаб шуғуллантириладиган мактабда у ўз шогирдлари учун ўзига хос суд ташкил этиб, айбдор деб топганларини пластик калтак билан жазолаган ва бу жараённи видеога олиб, ўз саҳифасида жойлаштирилган. Айрим ҳолатларда эса болаларнинг ота-онаси ундан ўз услубида «тарбиялаб қўйиш»ни сўрашган.

Унинг ўз обуначиларининг аксари бу услубни ижобий қабул қилишган ва болаларга нисбатан қаттиққўл бўлиш кераклиги ҳақида фикрлар ёзишган.

Ўз навбатида, бу видео бошқа платформада жойлаштирилгач, қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Хусусан, бундай усуллар болаларда чуқур руҳий жароҳатлар қолдириши мумкинлиги ва бу педагогика, спорт ҳамда қонун талабларига мутлақо зид экани таъкидланди.

Фойдаланувчилар болалар омбудсмани, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурадан бу ҳолатни текширишни ва мураббий ҳамда буни қўллаб-қувватлаган ота-оналарнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилишди.

Бу муҳокамалардан сўнг видеолар мураббийнинг саҳифасидан ўчириб ташланди.

21 октябр куни Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги вазият назоратга олингани, ҳодисани ўрганиш учун тегишли идоралар жалб қилинганини маълум қилиб, болаларга нисбатан бундай ҳаракатларга ҳеч қандай баҳона билан, ҳатто «тарбия» ёки «ирода кучайтириш» баҳонасида ҳам йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

22 октябр куни Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги мазкур ҳолат тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, ўз тасдиғини топгани, шу муносабат билан Олмалиқ шаҳар Болалар ишлари бўйича комиссиясининг тезкор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берди.

Йиғилиш давомида ҳолатнинг барча жиҳатлари батафсил кўриб чиқилиб, бир қатор аниқ чоралар белгиланган. Жумладан, шаҳар ички ишлар бўлимига мураббийнинг ноқонуний ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш топширилган.

Шунингдек, фарзандларини жазолашни мураббийдан илтимос қилган болаларнинг ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

«Бундан ташқари, тиббиёт бирлашмасига болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш вазифаси юклатилди. Шаҳар ички ишлар бўлими ҳамда “Инсон” марказига эса болаларнинг оилавий муҳитини ўрганиш, уларнинг руҳий ҳолатини баҳолаш ва тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Шунингдек, шаҳар спорт мактабига ҳудуддаги барча спорт клубларини қайта хатловдан ўтказиш, хусусий мураббийларга услубий тавсиялар бериш, ноқонуний фаолият юритаётган спорт тўгаракларини аниқлаган тақдирда бу ҳақда тегишли идораларга ахборот киритиш вазифаси юклатилди», – дейилади хабарда.

Комиссия йиғилишида мураббий С.Мирзавалиев қилган ҳаракатидан пушаймон эканини билдириб, кенг жамоатчиликдан узр сўрашини билдирган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид