Ўқитувчиларга асосий вазифасидан ортиқча ишлар буюриш тақиқланади — Президент Администрацияси
Умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчиларига таълим беришдан ташқари ортиқча вазифалар, жумладан, маҳаллаларда уйма-уй юриб, хатлов қилишга мажбурланаётгани хабар қилинган эди. Энди бу каби топшириқлар тақиқланади.
Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли мутассаддиларга ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ҳамда уларни тақиқлаш юзасидан администрация томонидан тегишли кўрсатма берилди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов телеграм-каналида хабар берди.
Бундан олдинроқ блогер Никита Макаренко ўқитувчиларга таяниб шу борадаги муаммоларни ёритганди.
«Бу ишларнинг барчаси мактаб директорлари ва туман халқ таълими бўлимларининг сиртдан берилган буйруқлари асосида содир бўляпти. Бу ҳолатда Халқ таълими вазирлиги бефарқ. Эҳтимол вазирлик муаммодан хабардор ва оммавий баёнотларга қарамасдан, замонавий қулликнинг ушбу шаклига самарали барҳам бериш қўлидан келмайди», деб ёзган у.
Блогер муаммо тизимли эканини қайд этиб, бутун мамлакат бўйлаб барча мактабларнинг ўқитувчилари қуллик ва ҳақ тўланмайдиган меҳнатга кенг жалб этилаётганини таъкидлаб ўтган.
«Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 14 августда қабул қилинган ПҚ–3907-сонли қарорида ўқитувчиларни бундай ишларга жалб қилиш тўғридан тўғри тақиқланганига қарамай содир бўлмоқда. Тўпланган далиллар Президент қарори амалга оширилмаётгани, масъул идоралар томонидан ўқитувчилар ўртасида оммавий қулликка қарши самарали кураш олиб борилмаётганини кўрсатиш имконини беради», деб ёзади Макаренко.
Ўқитувчиларни вазифасидан ташқаридаги юмушларга ноқонуний мажбурлаш борасида Саида Мирзиёева ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди:
«Ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлдим.
Мен ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур деб ҳисоблайман ва мутасаддилардан уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраб қоламан.
Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси — фарзандларимизга билим бериш орқали мамлакатимиз келажагини таъминлашдир.
Бунинг ўзи жуда мураккаб вазифа. Таълим йўналишида шундоқ ҳам муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, устига-устак ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш — бу энди ортиқча.
Ўқитувчиларни ортиқча ишларга мажбур қилиш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар етказади».
Мирзиёева барча масъул шахслардан ушбу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва ўқитувчилардан дарс беришдан бошқа барча вазифаларни озод қилишини сўраган.
«Ҳозир мамлакатимизда таълим биринчи рақамли устувор масаладир. Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт. Улар жамиятнинг энг ҳурматли ва ардоқли қатламига айланиши, бунинг учун барча бирдек ҳаракат қилиши зарур деб ҳисоблайман. Зеро фақат таълим, фақат ўқитувчилар ёрдамидагина биз тараққиётга эриша оламиз. Фарзандларимиз келажаги уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун ҳам устозларимизни эъзозлашимиз шарт!», — деб ёзган Саида Мирзиёева ўз Телеграм-каналида.
Мавзуга оид
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024