Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўт ўчириш хизматидан қониқмадим». Уйи ёнган норози оила кўчада қолди
Таҳририятга жўнатилган навбатдаги мурожаат сурат кўринишда ва кичик изоҳ билан келди: «Уйим ёниб кетди. 4 болам билан кўчада қолдик».
Аввалига уларнинг хоҳиши нимада эканини англай олмадик - муаммони кўтариб чиқишми ёки хайрия тарзида ёрдам керакми? Аниқлик киритиш учун Тошкент туманига чиқдик.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Чиғатой маҳалла, Камалак берк кўчаси, 17-уйни қидириб йўлга отландик. Маҳаллага кирган вақтимиздаёқ ёнган уй дарров кўзга ташланди. Ёнғиндан кейин бу ерда тозалаш ишлари амалга оширилган. Уйдан пахса девор ва унинг пойдевор қисми қолган экан, холос. Талофат кўрган Абдуғаниевлар оиласига ҳамдардлик тилаб, бўлган воқеани сўзлаб беришини сўрадик.

«4 июнь куни саҳар пайти қўшнининг уйида ёнғин чиқди. Ёнғин жуда кучли бўлди. Ўт ўчириш хизматидагилар кеч қолиб келишди. Кўз очиб юмгунча олов бизнинг уйимиз томон бостириб кела бошлади. Ўт ўчириш хизматидагилардан нарвон қўйиб уйлар туташган жойга чиқишини сўрасам, «нарвоним йўқ» дейди. Уйнинг ичидан туриб сув сепишини сўрагандим, шланкаси етмаслигини айтди. Машина ҳам ичкарига киролмаслигини билдиришди. Айтишларича, бу машина қиммат эмиш.

Бизга нима қизиғи бор? Одамларга ундай машина керак эмас. Ёриб кирадиган бўлиши керак-ку? Ўт ўчирувчилар ҳам шланкаларни улашни билмайди. 15 дақиқа вақт шунга кетди. Уйимиз ёниб бўлди. Бошқаларда бундай бўлмасин, ишқилиб. Яхши ҳам ҳеч ким азият чекмади. 13 жон яшаймиз. Ҳамма уйдан чиқишга улгурди. Шунисига шукр деймиз», дейди Муҳаммаджон Абдуғаниев.
Бу уйда яшовчи яна бир оила бошлиғи Ботир Абдуғаниевнинг ҳам дардларини тингладик.
«Нима ҳам дердик? Жонимиз соғ ҳаммамизнинг. Яхши иш бўлмади. Узоқ вақтдан бери йиғган-терганларимиз эди. Ҳеч вақо қолмади. Ҳаммаси ёниб кетди. Ўша куни мен бошқа жойда эдим. Эрталаб келсам, уй ёниб битган экан. Келишимдан олдин дўстларим қўнғироқ қилишди ва вазиятни тушунтиришди. Муҳими ҳеч кимга ҳеч нарса қилмаганини айтиб таскин беришди. Фарзандларимиз ҳам катта бўлиб қолган. Тўйлар қилиш учун тайёргарлик кўрган эдик. Ўзимиз содда ҳаёт кечирамиз. Укам Муҳаммаджон ҳам, мен ҳам ҳайдовчимиз. Ҳозир ташқарида яшаб амаллаяпмиз. Эртага совуқ тушишни бошласа нима қиламиз ҳайронман», дейди у.
Уй эгаларининг ҳасратларини эшитиб озроқ далда бўлишни эпладик, холос.

Бўлган иш бўлиб ўтган, уй аянчли ҳолатга тушган эди. Бироқ, масалани тўғри баҳолаш учун иккинчи тарафни ҳам эшитиб қўйиш бурчимиз саналади. Шу сабабли, Тошкент тумани ЁХХБда «кутилмаган меҳмон» бўлдик.
«Ўша куни саҳарга яқин ёнғин чиққан. Уй эгалари ухлаётган бўлганми, буниси қоронғи. Биз тезда етиб боришга ҳаракат қилдик. 7 дақиқада биринчи машина етиб борган. Кейин бошқа машиналар ҳам етиб борган. Йўл узоқроқ бўлгани учун анча вақт кетади. Бу ердан 10 километрлар чиқади. Машина бўйича эътироз қилишяпти экан. У маҳаллага машина кира олмайди. Одатда ёнғин бўлаётган вақтда ўт ўчирувчиларга ишлашга қўйишмайди. Менинг уйимни ўчир, меникини ўчир дейишади. Ўт ўчирувчи ўзининг ақли билан иш қилиши керак бўлади.

Нарвон бор. Ҳайронман ким ундай деган? Доим нарвон билан таъминланган. Биздаги ҳолат ўрта даражада. Ривожланган давлатлардагичалик эмасмиз, тўғри. Лекин атрофдаги давлатлар ичида яхшимиз», дейишимиз мумкин»,- дейди бўлим бошлиғи Фахриддин Соатов.
Бу ҳолатда ким айбдор, бунисини билмаймиз. Уй эгалари ўт ўчирувчиларни айблайди, 101 ходимлари эса айби йўқлигини айтади. Уларнинг қанчалик даражада жиҳозлар билан таъминланганини билмаймиз. Биз кўплаб мурожаатлардан бирини кўрсатиб ўтдик, холос. Сайтимизга ўт ўчириш хизмати секинлиги ва етарли таъминланмагани ҳақида эътирозлар келиб туради. Бу аянчли ҳодиса ҳам ўт ўчирувчиларга, ҳам ҳар қандай хонадон эгаларига дарс бўлади, деган умиддамиз.
Ҳозирги кунда ушбу оила моддий ва руҳан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд бўлгани учун қуйида уларнинг пластик карта рақамини келтириб ўтмоқчимиз.
Маҳбуба Олимова (онаси) номига очилган пластик картаси:
Click/Payme: 8600 3329 0565 6595 (Ипотекабанк)
Баҳодир Аҳмедов тайёрлади
Мавзуга оид
08:21 / 13.12.2025
«Авиасозлар» бозори ҳудудида ёнғин содир бўлди
15:29 / 12.12.2025
Экологик вазиятни яхшилаш: Файзобод ва Ҳасанбойда рейд ўтказилди
12:38 / 08.12.2025
Тошкентда ёнғин ва зилзила бўйича амалий-тактик машқлар ўтказилади
13:23 / 06.12.2025