Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Facebook стратегияси: истеъфолар, харидлар ва миллиардлаб доллар даромад
25 сентябрь куни The New York Times газетаси Instagram бош директори Кевин Систром ва ижтимоий тармоқнинг бош техник директори Майк Кригер ижтимоий тармоққа эгалик қилувчи Facebook раҳбариятига истеъфога чиқишлари ҳақида маълум қилишганини ёзди. Газетанинг маълумот беришича, яқин ҳафталар ичида улар компанияни тарк этади.
Фото: The New York Times
Шуниси қизиқки, дунёнинг гигант компанияларидан бири бўлган Facebook кейинги беш йил ичида интернет ва юқори технологиялар оламида нуфузга эга бўлган бешта компанияни сотиб олган. Ана шу беш компаниянинг тўрттасига тамал тошини қўйганлар кейинчалик истеъфога чиқишларини эълон қилишган. Улар тарихига назар соламиз.
Facebook 2012 йилда Instagram компаниясини 1 млрд долларга сотиб олди. “Компания ўз бренди ва раҳбариятини сақлаб қолади ҳамда сайёрамизнинг энг йирик ижтимоий тармоғидан мустақил равишда ривожланади”, деб маълум қилганди ўшанда Марк Цукерберг.
Орадан олти йил ўтгач, газетаси Instagram бош директори Кевин Систром ва ижтимоий тармоқнинг бош техник директори Майк Кригер истеъфога чиқишларини маълум қилишди. Instagram ҳаммуассислари ўз истеъфолари сабабларини изоҳлашмаган, аммо улар таътил олишни режалаштираётганликлари ҳақида айтишган.
Жаҳоннинг энг оммабоп мессенжерларидан бири бўлган WhatsApp ҳам 2014 йилда 19 млрд доллар эвазига Facebook тасарруфига ўтди. Мессенжер асосчилари Ян Кум ва Брайан Эктон WhatsApp ўз дахлсизлигини сақлаб қолиши, фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни ҳеч қачон хўжайин компанияга бермасликларини билдиришди. Аммо 2017 йилда Facebook WhatsApp’ни хизмат кўрсатиш шартларини ўзгартиришга мажбур қилди. Бунинг натижасида ижтимоий тармоқ мессенжер фойдаланувчиларининг телефон рақамларини аниқлаш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, Facebook раҳбарияти фойдаланувчилар ҳақида маълумот тўплаш ва уларга реклама кўрсатиш мақсадида мессенжер ва ижтимоий тармоқдаги профилларни бирлаштириш шартини қўйди.
Facebook босими остида мессенжер йиллик обунадан воз кечди. Корхоналарга мижозлар билан мулоқот қилиш имкониятини бериш режаси туфайли мессенжер ҳимоя тизимини сусайтиришига тўғри келди.
2017 йил сентябрда WhatsApp ҳаммуассисларидан бири Брайан Эктон компанияни тарк этишини эълон қилди. Шу йилнинг май ойида эса компания бош директори Ян Кум ҳам кетишга қарор қилди.
Oculus
2014 йил январида Марк Цукерберг Oculus Rift виртуал воқелик кўзойнакларига қизиқиб қолди. У бу қурилма билан танишиш учун компания офисига шахсан ўзи борди. Компания асосчилари Палмер Лаки ва Брендан Айриб билан икки ойлик музокаралардан сўнг март ойида Oculus VR Facebook томонидан 2,4 млрд долларга сотиб олинди.
2017 йил январда ZeniMax медиа-гиганти Facebook’ни Oculus VR компаниясини ноқонуний равишда харид қилишда айблади. У дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ Oculus виртуал воқелик бўйича барча технологиялар ишланмасини ноқонуний равишда ўзига ўтказиб олганини яхши билган ҳолда бу компанияни сотиб олганини ва виртуал воқелик кўзойнакларини ZeniMax яратганини иддао қилди.
Цукерберг судда технологияларни ўғирлагани юзасидан қўйилган барча айбловларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, VR-кўзойнакларда ишлатилувчи барча технологиялар Oculus жамоаси томонидан ишлаб чиқилган.
Ўша йил февралида суд Facebook ZeniMax компаниясига 500 млн доллар жарима тўлаши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарди.
Бунинг устига, Палмер 2016 йилда АҚШ президентлигига номзод Хиллари Клинтонга қарши гуруҳни молиялаштиришда айбланди. 2017 йил мартида Лаки Facebook’дан кетди. Ундан аввалроқ, 2016 йил декабрда эса Oculus бош директори Брендан Айриб компанияни тарк этганди.
LiveRail

LiveRail реклама сервери 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, у реал вақт режимида реклама эълонлари аукциони билан шуғулланарди. 2014 йилда Facebook мазкур видеореклама сервисини 500 миллион долларга сотиб олди. Аммо икки йилдан сўнг, 2016 йил апрелда сервер ёпилди ва унинг ходимларига бошқа иш топишлари кераклиги айтилди. Ўша даврда LiveRail асосчиси ва раҳбари Марк Трефгарн ҳам Facebook’дан кетди.
Навбатдаги ким?
2013 йилда Facebook Исроилнинг мобиль таҳлил билан шуғулланувчи Onavo компаниясини 120 миллион долларга сотиб олди. Компаниянинг 30 нафар ходими Цукерберг жамоасига қўшилди. Мана беш йилдирки, улар ҳамон Facebook’да ишлаб келишмоқда.
Facebook ҳозирга қадар нечта лойиҳани сотиб олган
2005 йилдан шу кунгача Facebook 58та олди-сотди келишувини амалга оширган. Энг биринчиси – 2005 йилда Facebook.com доменининг 200 минг долларга сотиб олиниши бўлган бўлса, охиргиси VR-овоз билан шуғулланувчи Two Big Ears шотланд стартапидир.
Стартаплар учун неча пул сарфланган?
Facebook технологик стартапларни сотиб олиш учун 23 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Мана, Марк Цукербергнинг энг йирик харидлари рўйхати:
WhatsApp — 19 млрд доллар.
Oculus VR — 2,4 млрд доллар.
Instagram — 1 млрд доллар.
LiveRail — 500 млн доллар.
Microsoft Atlas — 100 млн доллар.
Face.com — 100 млн доллар.
Қолган харидлар учун 10 млндан 85 млн долларгача сарфланган.
Facebook қайси мамлакатлардаги стартапларни сотиб олган?
АҚШ - 43 лойиҳа.
Буюк Британия - 6 лойиҳа.
Исроил - 3 лойиҳа.
Беларусь, Канада, Финляндия, Ҳиндистон, Малайзия ва Нидерландия – 1тадан лойиҳа.
Facebook нимадан даромад топади ва компания қанчага баҳоланади?
Facebook асосан компаниялар ва фойдаланувчилар ижтимоий тармоқда жойлаштирадиган рекламадан даромад топади. Компания ҳисоботида айтилишича, Facebook соф даромади жорий йилнинг 1-чорагида 4,9 млрд, 2-чорагида 5,12 млрд долларни ташкил этган. Компаниянинг 2017 йилдаги соф даромади 15,9 млрд доллар бўлган.
Икки млрд нафардан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган ижтимоий тармоқ нархи экспертлар томонидан қуйидагича баҳоланган:
2018 йил: 542,95 млрд доллар.
2017 йил: 314,8 млрд доллар.
2015 йил: 225,7 млрд доллар.
2011 йил: 50 млрд доллар.
2010 йил: 35 млрд доллар.
2007 йил: 15 млрд доллар.
Мавзуга оид
11:21 / 25.10.2025
Еврокомиссия TikTok, Facebook ва Instagram’да қонунбузарликларни аниқлади
22:04 / 07.10.2025
Ўзбекистонда Meta ваколатхонаси очилиши мумкин
22:19 / 05.09.2025
АҚШда Марк Цукерберг билан Марк Цукерберг судлашади
08:40 / 26.03.2025