Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда отиб ўлдирилган Трампнинг иттифоқчиси, Франциядаги намойишлар ва Маскни ортда қолдирган миллиардер – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Россия Украинанинг ерларини талаб қилмоқда – Вэнс
АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнснинг айтишича, Россия Украинага ҳудудий талаблар қўйган ва ҳозир Киев назорати остида бўлган тахминан 6 минг квадрат километр майдонга даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда у One America News телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
«Руслар тахминан 6 минг квадрат километр майдонни хоҳлаяпти, улар ҳали ҳарбий куч билан босиб олинмаган. Руслар шуни истаяпти», деди у.
Шу билан бирга, Вэнс президент Доналд Трамп агар Украинадаги можаро ҳал қилинса, Россия билан яқинроқ иқтисодий ҳамкорликка эришиш ниятида эканини айтди. «Россия сизга ёқадими ёки йўқми, уларнинг можаро ҳақидаги далилларига қўшиласизми ёки йўқми, оддий факт бор: уларда кўп нефт, кўп газ, кўп минерал ресурслар бор», деб таъкидлади Вэнс.
Аввалроқ Кремл бундан бошқа талабларни ҳам илгари сургани хабар қилинганди: 2022 йилда аннексия қилинган ҳудудлардан Украина қўшинларини олиб чиқиш, НАТОга қўшилишдан бош тортиш, Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш. Агар шартлар қабул қилинмаса, Россия ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга ваъда берган.
Исроил Яманга ҳужум қилди
Исроил чоршанба куни Яман пойтахти Сана ва шимолдаги ал-Жавф вилоятини нишонга олди. Ҳусийлар соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳужумларда 35 киши ҳалок бўлган, 131 киши жароҳатланган.
Бу зарбалар Ғазодаги уруш оқибатида кенгайган Исроил ва Яман ҳусийлари ўртасидаги ҳужум ва қарши ҳужумлар силсиласининг навбатдагиси бўлди. Исроил армияси ҳарбий лагерлар, ҳусийларнинг ёнилғи омборини нишонга олганини билдирди.
Ҳусийлар вакили эса кейинчалик баёнот бериб, Исроилнинг зарбалари соф фуқаролик объектларига қаратилганини билдирди. Унга кўра, икки газета таҳририяти ҳужум остида қолган, натижада журналистлар ва йўловчилар ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Лекин у рақамларни келтирмади.
Сана аҳолиси Reutersʼга берган маълумотига кўра, ҳужум икки тоғ орасида жойлашган ва қўмондонлик маркази сифатида ишлатиладиган масканга қаратилган бўлиши эҳтимоли катта.
Сўнгги вақтларда араб давлатларининг бирини қўйиб бошқасига зарба бераётган Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу шу кунларда Қатар ва бошқа давлатларга ултиматум қўйди.
Нетаняҳу 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҳужум қилганларга «бошпана» берган давлатларга мурожаат қилиб, уларни чиқариб юбориш ёки судга беришни талаб қилди.
«Ва мен Қатарга ва террорчиларни яширган барча давлатларга айтаман: ёки уларни чиқариб юборинг, ёки жавобгарликка тортинг. Чунки сиз буни қилмасангиз, биз қиламиз», деди у.
Трампнинг таъсирли иттифоқчиси отиб ўлдирилди
АҚШдаги ўнг қанот фаоли ва шарҳловчиси, президент Доналд Трампнинг таъсирли иттифоқчиси Чарли Кирк 10 сентябр куни Юта университетида бўлиб ўтган тадбирда унга ўз узилиши оқибатида ҳалок бўлди. Штат губернатори буни сиёсий суиқасд деб атади.
Интернетда тарқалган видеоларда Кирк – Ютадаги университет атрофида катта ташқи аудиторияга мурожаат қилаётганида тўсатдан отишма юз беради. Кирк қўлини бўйнига теккизиб стулдан йиқилади, одамлар эса саросимада қочади. Бошқа лавҳада унинг бўйнидан қон фаввора бўлиб оқаётгани кўринади.
Ҳокимият гумонланувчи узоқ масофадан, том устидан ўқ узганини айтди. Тадбирга қарийб 3 минг одам йиғилган эди. Университет полицияси бошлиғи Жефф Лонг олти офицерни жалб қилгани ва Киркнинг шахсий хавфсизлик гуруҳининг раҳбари билан ҳамкорлик қилганини айтди.
Отишмадан олти соат ўтган бўлса-да, расмийлар гумонланувчини оммага ошкор қилмаган эди. АҚШ ОАВлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи манбаларга таяниб, гумонланувчи ҳибсга олинмаганини хабар қилди.
ФҚБ директори Каш Пател бир шахс сўроқ қилингач қўйиб юборилганини маълум қилди. «Терговимиз давом этмоқда», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Трамп ўзининг Truth Social платформасига жойлаштирилган видеомурожаатда гумонланувчини топишга ваъда берди.
«Маъмуриятим бу жиноятга ва бошқа сиёсий зўравонликларга алоқадор бўлганларнинг барчасини, жумладан, уларни молиялаштирувчи ва қўллаб-қувватловчи ташкилотларни ҳам топади», деди Трамп.
Кирк ва у асос солган мамлакатдаги энг катта консерватив ёшлар ташкилоти - Turning Point USA Трампнинг сайловдаги ғалабасида муҳим рол ўйнаганди. Киркнинг ўлдирилиши АҚШ сиёсий арбобларига қилинган бир қатор ҳужумларнинг навбатдагиси бўлди. Ўтган йили Трампнинг ўзига икки марта суиқасд уюштирилганди.
Россия армияси пенсионерлар устига бомба ташлади
Россия Донецк областида жойлашган Яровая посёлкасига авиабомба ташлади. Украина полицияси ва прокуратурасидан маълум қилишларича, бу соат 11 атрофида, посёлка аҳолиси почта оператори ёнида пенсия олишга йиғилганида рўй берган.
«Россиянинг Донецк областидаги Яровая посёлкасига авиабомба билан ваҳшийларча зарбаси. Тўғри одамлар устига. Оддий фуқаролар устига. Пенсия берилаётган пайтда. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар сони 20 нафардан ошган. Ортиқча сўзга ҳожат йўқ», – деди Зеленский.
Посёлка фронт чизиғидан саккиз километр масофада, областда украинлар назоратида қолаётган сўнгги йирик шаҳарлардан биридан 40 км шимолда жойлашган. Расмийлар август ойида посёлкадан болали оилалар мажбуран эвакуация қилинишини эълон қилганди.
Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича хизматининг сўнгги маълумотига кўра, 24 киши ҳалок бўлиб, 19 киши яраланган.
«Россия пропагандаси Россия Донецк областидаги одамларни “қутқараётганини” даъво қилмоқда, бироқ аслида у пенсия олиш учун келган одамлар устига улкан авиация бомбаларини ташламоқда», – деди Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига
Россиялик ҳарбийлар зарба юзасидан изоҳ бермади.
Францияда кенг кўламли намойишлар
Чоршанба куни эрта тонгда бутун Франция бўйлаб «Ҳамма нарсани блоклаймиз» ҳаракати томонидан ташкил этилган норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар автомагистралларни тўсиб, темирйўл транспорти фаолиятини издан чиқарган. Расмийларга кўра, ўнлаб одамлар ҳибсга олинган, бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик кучлари жойлаштирилган.
Ички ишлар вазири Бруно Ретаё чоршанба куни эрталаб журналистларга мамлакат бўйлаб хавфсизлик кучларининг 80 минг ходими (Парижда 6 минг) жойлаштирилгани ҳақида маълум қилди. «Биз бутун мамлакат бўйлаб акцияларга олиб келадиган сафарбарликка дуч келиш хавфи остида турибмиз», – деган Ретаё. Унинг сўзларига кўра, аллақачон 200 га яқин одам ҳибсга олинган.
«Ҳамма нарсани блоклаймиз» ҳаракати шу ёзда ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришди ва ҳаракат фаоллари Франция сиёсий тизимини энди ўз вазифасига жавоб бермайди, деб ҳисобламоқда.
Намойишлар Франциядаги сиёсий кескинликни юмшатишга ёрдам бермаслиги аниқ: икки кун олдин парламент бош вазир Франсуа Байруга ишончсизлик вотуми эълон қилди ва уни истеъфога чиқишга мажбур қилди. Сешанба куни Макрон икки йилдан камроқ вақт ичида бешинчи бош вазирни тайинлади – у 39 ёшли Себастян Лекорню бўлди.
Лекорню Франциянинг ўсиб бораётган ҳамда 3,3 триллион еврога етган давлат қарзини қисқартириш талаб этилади. Елисей саройи баёнотида айтилишича, Лекорнюга Франциянинг навбатдаги бюджетини қабул қилиш учун сиёсий партиялар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш вазифаси топширилган.
Дунёнинг энг бой одами ўзгарди
Oracle дастурий таъминот компанияси ҳаммуассиси Ларри Эллисон Bloomberg миллиардерлари рейтингида Тесла ва SpaceX асосчиси Илон Маскни ортда қолдириб, биринчи ўринга чиқди.
Нашр Эллисоннинг бойлигини 393 миллиард долларга, Маскнинг бойлигини эса 385 миллиард долларга баҳоламоқда. Эллисон кескин тарзда кўтарилди, чунки капиталининг бир кунлик ўсиши 101 миллиард долларни ташкил этди — бу Bloomberg рейтинги тарихидаги энг катта ўсишдир.
Forbes нашри ҳам Эллисоннинг бойлиги ўсганини қайд этди. Аммо Маск Forbes рейтингида ҳали ҳам 437 миллиард доллар бойлиги билан биринчи ўринда турибди.
Эллисон 81 ёшда. У дунёдаги энг йирик ахборот технологиялари ва дастурий таъминот компанияларидан бири — Oracle акцияларининг 40 фоиздан ортиғига, Paramount Skydance компаниясининг тахминан 50 фоизига эгалик қилади.
Bloomberg нашрига кўра, сунъий интеллект ривожланиши фонида булутли инфратузилмага сармоя киритиш Oracleʼга гуллаб-яшнаш имконини берган. Унинг сўнгги ҳисоботига кўра, компаниянинг булутли технологиялардан олган даромади 28 фоизга ўсиб, 7,2 миллиард долларни, булутли инфратузилмадан олган даромади эса 55 фоизга ўсиб, 3,3 миллиард долларни ташкил этган.
Мигрантларга оиласини Россияга олиб бориш тақиқланиши мумкин
Меҳнат мигрантларига оила аъзоларини Россияга олиб бориш тақиқланиши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси 9 сентябр куни Сергей Миронов бошчилигидаги «Справедливая Россия» фракцияси депутатлари томонидан Давлат Думасига киритилган. Ҳужжат Думанинг қонунчилик базасида эълон қилинди.
Депутатларнинг фикрича, меҳнат мигрантлари оила аъзоларининг Россияда қолиши давлатнинг ижтимоий инфратузилмасига, жумладан, таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш тизимига катта юклама олиб келади.
«Шу билан бирга, мигрантларнинг патентидан келадиган бюджет даромадлари ишламайдиган оила аъзоларини сақлаш харажатларини қопламайди, бу эса миграция сиёсатининг ушбу моделини иқтисодий жиҳатдан самарасиз қилади», дейилади ҳужжатга тушунтириш хатида.
Агар тақиқ қабул қилинса, паст малакали мигрантларнинг оила аъзоларини чиқариб юбориш орқали мамлакатга миграция оқимини 15-20 фоизга камайтириш мумкин бўлади, деб ҳисобламоқда лойиҳа муаллифлари.
Агар бу тартиб кучга кирса, Россияда уруш бошланганидан буён, асосан марказий осиёлик меҳнат мигрантларига қарши ксенофобик кайфиятда қабул қилинган навбатдаги катта тақиқ бўлади.
Мавзуга оид
14:59 / 25.12.2025
Исроилга қарши даъвога қўшилган Белгия, Кимнинг атом сувости кемаси ва Москва осмонидаги дронлар – кун дайжести
14:02 / 24.12.2025
Ғазода таъмирланган шифохона, авиаҳалокатга учраган Ливия ҳарбий қўмондони, БМТда баҳслашган АҚШ ва Эрон – кун дайжести
16:08 / 23.12.2025
Гренландияга кўз тиккан Трамп, Хитойнинг ядровий амбициялари ва Москвада портлатилган генерал – кун дайжести
15:47 / 22.12.2025