Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўшработда одам уриб кетган шахс товон пули тўламади, МИБ январдаги суд ажримини ҳамон ижро этмаган
2019 йил 20 сентябрь. Маст ҳолда ва ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўлмаган Н.Қушматов Нурота–Митан–Қўшработ йўналишида кўчада ўзи бошқарувидаги «Нексия» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, йўл четида турган аёл Н.Т.ни уриб кетади. Мазкур йўлда рухсат этилган ҳаракатланиш тезлиги соатига 70 километр, ҳайдовчи эса машинани 80-90 километр тезликда бошқарган.
Оғир жароҳатланган, тўққизта суяги синган аёл уч марта операцияни бошдан ўтказади. Аҳвол оғирлиги учун уч ойдан зиёд вақт давомида жонлантириш бўлимида ётади. Кейинги беш ой давомида тўшакда ётиб қолган. Аёлни турмуш ўртоғи ойлар давомида шифохонама-шифохона олиб юрган.
Бир одамнинг қонунбузарлиги бошқа бир оилани қийин аҳволга солиб қўйган. Узоқ давом этган муолажалардан сўнг Н.Т тирик қолади, лекин ўзи билан ўзи бўлиб қолган оиланинг ҳақ-ҳуқуқлари тўлалигича ҳимояга олинмайди.
Хусусан, жабрланувчининг турмуш ўртоғи А.Т. жиноят ишлари бўйича Қўшработ тумани судининг мазкур иш юзасидан чиқарган ҳукмидан норози бўлиб, Самарқанд вилоят жиноят судига апелляция тартибида шикоят киритади. Сабаби, дастлабки суд ҳукмида юқоридаги воқеалар оқибатида моддий зарар кўрган жабрланувчига зарарни ундириб бериш белгиланмаган ва бу борада фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганди.
2020 йил 24 январда эса вилоят жиноят суди томонидан кўрилган суд ишида жабрланувчига 28 миллион 810 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган. Бироқ, шундан кейин ҳам орадан қарийб беш ой ўтишига қарамасдан жабрланувчига ҳеч қандай зарар ундирилмаган.
Kun.uz мухбирлари Қўшработ туман мажбурий ижро бўлимида бўлганида, бўлим томонидан 2020 йил 24 январдаги суд ҳукмига асосан ундирув бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш ҳақида қарор чиқарилгани маълум қилинди. Жавобгарга 15 кунлик ихтиёрий муддат ҳам берилган. Аммо, маблағ тўланмагач, мажбурий тарзда ундирув ҳам амалга ошмаган. Шундай кейин ҳам ҳалигача белгиланган маблағнинг ундирилмаганини туман мажбурий ижро бўлими ходимлари жавобгарнинг бирор-бир мол-мулки йўқлиги билан изоҳлайди.
Ниҳоят, 2020 йил 27 апрелда туман мажбурий ижро бўлими томонидан «Автотранспорт воситасини қидириш тўғрисида» қарор чиқарилади. Аммо шундан кейин ҳам машина топилмайди.
Бироқ, ўша «топилмайдиган» машинани жавобгар ҳар куни кўчада бемалол бошқариб юриши оғир аҳволдаги бемор ва унинг яқинларида тегишли ташкилотларга нисбатан ишончсизлик уйғотади.
«Маст ҳолдаги, олдинги жинояти учун автомобиль бошқариш ҳуқуқи олиб қўйилган, тезлик меъёрларига ҳам қарамаган одам йўл четида турган аёлимни уриб, ногирон қилиб қўйди. 9 ойдан ошдики, аёлимнинг ҳаёти учун курашаман, такрор-такрор операциялар ўтказилади, сарсон-саргардон бўламиз, бор будимиздан айриламиз-у, айбдор одам кўчамизда худди шу машинасида тараллабедод қилиб юрса, кимга ишонишни ҳам билмай қоларкансан.
Ҳолбуки, у суд ҳукмига кўра, моддий зарарни қоплаши, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши, муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиниши керак эди. Агар замон зўрники бўлмаса, биз шу аҳволга тушармидик? Хўп, бир неча ойдан кейин МИБ томонидан машина қидирувга берилибди. Ахир мен ўзим бориб машинани топиб бердим-ку, яна нима қилиш керак?», дея жиғибийрон бўлади навбатдаги операцияга тайёрланаётган жабрланувчининг турмуш ўртоғи А.Т.
10 июнь куни жабрланувчига туман мажбурий ижро бўлимидан хат келиб, Н.Қушматовнинг автомашинаси жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судининг 2020 йил 27 январдаги хати асосида аукцион савдосига чиқарилиши маълум қилинган (лекин 20 июнь ҳолатига кўра, e-auksion.uz сайтида мазкур тумандан ижро ҳужжатлари асосида хатда назарда тутилган давлат белгили, 1999 йилда ишлаб чиқарилган «Нексия» русумли автомашина кўринмади).

Хуллас, автомашина топилгач ҳам аукционга чиқарилмаётгани мурожаат эгасини норози қилмоқда.
Мурожаатчининг машинада одам уриб кетган ҳайдовчи тайинли жазо олмагани ҳақидаги фикрлари ҳам кишини ўйга толдиради. Эҳтимол, суд ҳукмида кўзда тутилган жазо турлари ўталаётган, аммо назорат қилишнинг имкони бўлмаётгандир, деган ўй билан жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди масъуллари билан боғланиб, бир неча кун давомида аниқ жавоб ололмадик. Аксига олиб, суддан айни масала юзасидан туман ИИБ пробация бўлимига хат юборилган ёки йўқлиги борасида ҳам ИИБ вакиллари маълумот беришни лозим топмади.
Шу сабабдан, бу борада хулоса чиқариш учун қўлимизда асослар етарли эмас. Ҳозирча энг муҳими, 9 ойдан буён оғир синовларни бошдан кечираётган оиланинг ҳуқуқлари тикланиши, унга етказилган зарар тезроқ ундирилишидир.
Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
23:31 / 16.01.2026
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг ўғли Адам оғир «авария»га учрагани айтилди
10:48 / 15.01.2026
Юнусобод туманида учта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
21:52 / 14.01.2026
5 йил давомида ЙТҲлар камайиш динамикаси сақланиб қолди – ЙҲХХ
12:40 / 14.01.2026