Ўзбекистон | 16:17 / 20.01.2022
18930
3 дақиқада ўқилади

ОТМга киришда мажбурий фанлар блокига чет тили ҳам қўшилади

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб айрим ОТМларнинг фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан бўлганда ижодий имтиҳон топшириш тизими йўлга қўйилади. 2024 йилдан бошлаб чет тили мажбурий фанлар блокига киритилади. Ҳозирча мажбурий фанлар блокида 3та фан: она тили, тарих ва математика бор.

Фото: KUN.UZ

2022/2023 ўқув йили қабулидан хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган бир қатор ОТМларга кириш имтиҳонларида чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиш йўлга қўйилади.

Бу 19 январ куни қабул қилинган “Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, чет тилидан ижодий имтиҳон қуйидагиларга тааллуқли бўлади:

фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган қуйидаги ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университети;

қуйидаги ОТМларнинг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига:

  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институти.

Чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон Давлат тест маркази томонидан ташкил этилади.

2024/2025 ўқув йилидан ОТМга кириш имтиҳонлари учун белгиланган мажбурий фанлар мажмуасига чет тили фани босқичма-босқич киритилади.

2022 йил 1 сентябрдан мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал, шунингдек, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари чет тили фани ўқитувчиларининг аттестацияси жараёни ўқув фани бўйича малака синовлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

2022 йил 1 февралдан 2024 йил 1 январгача Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фаолият юритадиган нодавлат таълим ташкилотлари:

  • бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилади;
  • вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларда фаолиятини амалга оширганида ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно).

2022 йил 1 февралдан C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб 2 йил давомида устама тўланади.

Мавзуга оид